“Маданий объектларда ўтказиладиган оммавий тадбирлар уларга зарар етказиши мумкин” – Маданият вазирлиги

18:25 19 Февраль 2020 Маданият
287 0

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Маданий мерос департаменти раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш ва соҳага оид бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, бугунги кунда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг сони 8208 та ни ташкил этган бўлиб, уларнинг 4748 таси минг йиллик тарихий аҳамиятга эга археология ёдгорликлари ҳисобланади.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра, муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, моддий мерос объектларини қайта тиклаш учун ажратилган маблағлар ҳақида статистик маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, соҳа олдида турган долзарб муаммолар ҳам санаб ўтилди. Жумладан, кадрлар масаласи, мутахассислар етишмаслиги, маданий меросларни қайта таъмирлашда замонавий технологияларнинг мавжуд эмаслиги, соҳа мутахассисларининг ойлик маошлари муаммоси, хорижий давлатларда тажриба ўрганиш ва малака ошириш масаласи ва бошқа ечими кутилаётган қатор муаммолар айтиб ўтилди.
 

Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбарининг маълумотига кўра, бугунги кунда “Вақф” хайрия жамоат фондига 200 га яқин ва “Олтин фонд” жамғармасига 200 дан ошиқ маданий объектлар бириктирилган.

Брифингда Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова маданий объектларга зарар етказиши мумкин бўлган бир қатор омилларни санаб ўтди.

— Энг биринчи омил – бу вақт, яъни йиллар ўтгани сайин маданий мерос объектлари эскириши ва тароватини йўқотиши ҳисобланади. Энг долзарб омиллардан бири эса оммавий тадбирлар ёки ободонлаштириш ишлари ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, бутун дунёга машҳур “Шарқ тароналари” фестивали Самарқанд марказида ўтказилади. Шовқиннинг кучлилиги ва баландлиги маданий мерос объектининг силкинишига, унинг деворларини титратишга сабаб бўлади. Ёки объектлар атрофида олиб бориладиган ободонлаштириш ишларида ерларни суғоришда ҳам маданий объект қурилган даврдаги мезонларни ҳисобга олмаслик унга зарар етказиши эҳтимолини оширади”, -деди вазир ўринбосари.

Журналистлар маданий меросларни муҳофаза қилиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларни беришди ва соҳа мутахассисларидан тўлақонли жавоб олишди. Жумладан, ўтган йилда ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлган Бухоро вилоятидаги карвонсарой можароси француз мутахассислари фойдасига ижобий ҳал этилганлиги ҳақида маълумот берилди. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?