Маблағлар нега ўз вақтида ўзлаштирилмади? Қўмита давлат бюджетининг биринчи ярим йилликдаги ижросини кўриб чиқди

19:31 25 Август 2020 Сиёсат
236 0

Хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси кўриб чиқилмоқда. Ушбу масала сиёсий партиялар фракциялари томонидан кенг муҳокама қилинди.

Парламент қуйи палатасининг йиғилишида қўмита аъзолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда депутатлар кун тартибидаги масала бўйича дастлаб Молия вазирлигининг, сўнгра таклиф этилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишди.

Ҳисоботда 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджетининг даромадлари ижроси 58 157,0 млрд.сўмга ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга кўп маблағ туширилишига эришилган. Бюджет даромадлари тасдиқланган йиллик параметрларга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилганлиги эътироф этилди.

Бюджет даромадларидаги йўқотишлар асосан пандемия шароитида солиқ тўловчиларга берилган имтиёзлар ва преференциялар, табиий газ экспорти нархларининг жаҳон бозорида пасайиб кетиши ҳамда иқтисодиётда тадбиркорлик фаоллигининг сусайиши туфайли юзага келганлиги айтиб ўтилди.

Пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқларини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ҳукумат томонидан қабул қилинган тизимли чоралар ва жаҳон бозорида айрим экспорт маҳсулотлари конъюнктурасининг яхшиланиши йўқотилган даромадлар ўрнини қисман қоплаш имконини берди.

Натижада бевосита солиқлардан тушган даромад 105,3 %, шу жумладан жисмоний шахслардан даромад солиғи 107,2 %, фойда солиғи эса 104,4 % ни ташкил қилди. Билвосита солиқлардан тушумлар режага нисбатан 118,9 %, шу жумладан қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар 122,6 %, акциз солиғи эса 112,8 фоизни ташкил қилди.

Давлат бюджетининг 2020 йил 1-ярим йиллик харажатлари ижроси эса 64 878,9 млрд. сўмни ёки аниқланган режага нисбатан 90,3 фоизни ташкил этган.

Пандемия шароитида юзага келган қийинчиликларга қарамасдан бюджет ташкилотларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари тўлиқ молиялаштириб берилди. Ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,4 фоиз миқдорида маблағ сарфланди. Ушбу харажатларнинг 87 % ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлаш мақсадида сарфланди.

COVID 19 туфайли юртимизда юзага келган эпидемиологик ҳолатни назоратга олиш ва яхшилаш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини давлат бюджетидан ўз вақтида етарли даражада молиялаштириш ишларига алоҳида эътибор берилганлиги ҳисоботда батафсил ёритилган. Ҳисобот даврида ушбу соҳага ажратилган маблағлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,7 фоизга кўпдир.

Муҳокамаларда парламент аъзолари ҳозирги мураккаб шароитда, Соғлиқни сақлаш соҳасига тасдиқланган бюджет маблағларидан ташқари «Инқирозга қарши курашиш» жамғармаси ҳисобидан ҳам маблағлар йўналтирилганига хусусан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига «Коронавирус»нинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жами 724,3 млрд. сўм маблағ ажратилганига эътибор қаратишди.

Шу билан бирга депутатлар бюджет маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишда мавжуд камчиликлар, бюджет маблағларидан фойдаланишда ҳали ҳам қонунбузилиш ҳолатлари камаймаётганлиги, аксинча ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир неча баробарга ошишига йўл қўйилган ҳолатларга танқидий баҳо беришди.

Хусусан, ҳисобот даврида Инвестиция дастурининг параметрларига пандемиянинг салбий таъсиридан келиб чиқиб аниқлаштиришлар киритилиши, айрим харажат турлари мақбуллаштирилганига қарамасдан дастур ижроси учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш даражаси 35 фоизни ташкил қилмоқда. Шу ўринда депутатлар 2020 йилги тасдиқланган Инвестиция дастурида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг айни пайтдаги ҳолати қониқарсиз даражада эканлигини айтиб ўтдилар. Ушбу мақсадларда соҳага ажратилган 4 592,3 млрд. сўм маблағдан жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 27 фоизи ўзлаштирилган холос.

Хусусан, 2020 йил Инвестиция дастури доирасида мактабгача таълим муассасаларига ажратилган маблағларнинг 11 фоизи, умумтаълим мактабларига ажратилган маблағлар йиллик режанинг 40 фоизи, соғлиқни сақлаш муассасаларига ажратилган маблағларнинг 33 фоизи, олий таълим муассасаларига кўзда тутилган маблағларнинг 33 фоизи ўзлаштирилган холос. Мактабгача таълим вазирлигига ажратилган 55 та мактабгача таълим муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун ажратилган 200,0 млрд. сўм маблағлар ҳисобот даврига қадар умуман ўзлаштирилмаганлиги туфайли жами ўзлаштирилган инвестиция маблағлари 10 фоизни ташкил қилган.

Бундан ташқари, 2020 йилда ҳудудий аҳамиятдаги ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бўйича 128 та объектни қуриш, реконструкция қилиш ишлари учун жами 819,2 млрд. сўм йўналтирилиши назарда тутилган бўлиб, айни пайтда ушбу маблағлардан 33 фоизи ўзлаштирилган.

Муҳокамада депутатлар шунингдек Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмаганлиги ҳамда тендер (танлов) савдолари ўз вақтида ўтказилмаганлиги сабабли, 112,8 млрд. сўмлик 19 та умумий фойдаланишдаги 98,2 км узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бошланмаганлиги ва молиялаштириш очилмаганлигини, бундай ҳолат ўз навбатида автомобиль йўлларини модернизация қилиш бўйича қабул қилинган Давлат дастурларининг бажарилмаслигига олиб келишини таъкидладилар.

Шу боис, депутатлар томонидан Давлат бюджети ва уни ижросини кўриб чиқиш жараёнлари, ҳозирги мураккаб пандемик вазиятда маблағлардан ўз ўрнида, мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ва бу борада ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор долзарб муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.

Депутатларнинг фикрича, жойларда ўтказилган 2010 та назорат тадбирларида аниқланган 81,7 млрд. сўм бюджет интизоми бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатларни амалга ошириш ҳолатлари, бюджет маблағларидан фойдаланишда қонунбузилишлар уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилишни, бу каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган асосланган таклифлар ишлаб чиқишни ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиб бориш лозим.

Муҳокамалар чоғида депутатлар айниқса, пандемия шароитида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун халқ депутатлари тегишли Кенгашлари билан доимий ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидларди.

Йиғилиш якунига кўра, «Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги ижроси тўғрисида»ги ҳисобот юзасидан Қўмита қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?