Люк Девин: “Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган либераллашув ва демократлашув жараёнларини олқишлаймиз”

16:14 14 Июнь 2018 Сиёсат
481 0

Яқинда Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация мамлакатимиз ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Брюсселга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида делегация “Ўзбекистон — ЕИ” ҳамкорлик қўмитасининг 15-мажлиси, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги иқтисодиёт, савдо ва инвестиция бўйича ёрдамчи қўмитанинг 13-мажлисида иштироки этди, Бельгия ва Нидерландия ишбилармонлик доиралари вакиллари билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, мажлисларда кенг кўламдаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилар экан, Ўзбекистон томони юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қулай инвестициявий ҳамда бизнес муҳити яратиш соҳасида рўй бераётган янгиланишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.

Хусусан,“Ўзбекистон - ЕИ” ҳамкорлик қўмитасининг 15-мажлисини Жамшид Хўжаев билан бирга Европа ташқи фаолият хизматларининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девин олиб борди.

“Биз Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган либераллашув ва демократлашув жараёнларини олқишлаймиз. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама муносабатларда тарихий палла бошланди. ЕИ Ўзбекистонда рўй бераётган ва бутун Марказий Осиёни жадал ўзгаришига олиб келаётган жадал янгиланишларни катта қизиқиш билан кузатиб келяпти. Европа Иттифоқининг олий вакили Ф. Могерини охирги йилда Ўзбекистонга икки бор ташриф буюргани ҳам мамлакатга эътибор ошгани ва икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга жиддий киришилганидан дарак беради”, - деди Люк Девин.

Люк Девин ўзаро ҳамкорликка халақит бериб келган кўплаб муаммолар бартараф этилганини олқишлади.

Биринчидан, узоқ вақт давомида Европа бизнесини ташвишга солиб келган валютани конвертация қилиш масаласи ҳал этилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон ЖСТга кириш жараёнини қайта бошлади. Бу хорижлик инвесторлар ва савдо компаниялари учун муҳим ишорадир. Зеро, Жаҳон савдо ташкилоти халқаро савдони мувофиқлаштирувчи глобал платформа ҳисобланади.

Учинчидан, Ўзбекистон ҳукумати минтақада ва ундан ташқарида ҳам транспорт-коммуникация алоқаларини равнақ топтириш, божхона ва логистика билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этишга катта аҳамият қаратаётир

Айни чоғда ЕИ мамлакатда бошланган солиқ ислоҳотини ҳам қўллаб-қувватлайди ва соҳани комплекс ислоҳ этиш солиқ йиғиш тизимини бир хиллаштириш, алоҳида компаниялар учун асоссиз имтиёз бериш амалиётидан воз кечиш, умуман, давлат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги иқтисодиёт, савдо ва инвестиция бўйича ёрдамчи қўмитанинг 13-мажлисида ҳам ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масаласи, техника ва энергетика жабҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Европа томони Ўзбекистонда ташқи савдо соҳасида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Хусусан, ташқи савдо операциялари ва ҳужжат алмашиш жараёнларини рақамлаштириш йўли билан божхона тартиб-таомиллари шаффофлигини ошириш муҳим эканлиги таъкидланди.

Европа ташқи фаолият хизматлари бўлим бошлиғи Филиппе ван Амерсфорт ҳам Шавкат Мирзиёев томонидан валютани тартибга солиш ва иқтисодиётни янада либераллаштириш, унда давлат иштирокини камайтириш, Ўзбекистоннинг чет эллик инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган сиёсатни юксак баҳолади.

Европа томони Ўзбекистондан ЕИ давлатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди. Хусусан, Евроиттифоқидаги озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига оид қонунчилик талабларига мувофиқ тарзда озиқ-овқат маҳсулотларини сертификация қилиш тизимини ривожлантиришга ёрдам бериш таклиф этилди. Мезбон экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистонда Европада тан олинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги назорати тизимининг яратилиши ўзбек маҳсулотларини евробозорларга экспорт қилиш учун кенг имкониятлар очади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Асосий преференциялар тизимлари доирасида ЕИнинг бир томонлама тариф имтиёзларини олиши йўлида қолган иккита халқаро конвенцияни ратификация қилиш ва самарали жорий этиш, миллий қонунчилик ва амалиётни ЖСТ нормаларига мувофиқлаштиришга ҳам техник кўмак кўрсатиладиган бўлди. Бунда мамлакатимиз ЕИнинг санитар ва фитосанитар меъёрлар, савдодаги техник чекловлар, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, интеллектуал мулк ҳуқуқлари каби жабҳалардаги тажрибасини қабул қилиши муҳимлиги айтиб ўтилди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ушбу давлат билан савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги таъкидланди.

Айни чоғда Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодий ўзгаришлар ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги манфаатлари инобатга олинган ҳолда истиқболда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янгиланган Стратегияси ишлаб чиқилади.

Сафар чоғида Ўзбекистон делегацияси томонидан савдо-иқтисодий масалалар ва Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган брифинг ташкил этилди. Унда Европа ташқи фаолият хизматлари мутасаддилари, БЕНИЛЮКС мамлакатлари ишбилармонлари, ОАВ, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Унда барча қатнашчиларга юртимизда давлат раҳбари томонидан барча соҳалар қатори социал-иқтисодий тармоқларда олиб борилаётган янгиланишлар ҳақида маълумот берилар экан, Европа ҳамжамияти Ўзбекистонда савдо ва инвестиция соҳаларида яратилаётган имкониятлардан фаол фойдаланишга чақирилди.

Европанинг Осиё тадқиқотлари институти директори А. Гётальснинг айтишича, жадал ислоҳотлар ва яратилаётган эркин иқтисодий зоналар туфайли Ўзбекистон минтақанинг сиёсий ва савдо-иқтисодий хабига айланмоқда. Янги транспорт-коммуникация ташаббуслари минтақадаги барча давлатлар, хусусан, Афғонистонни ҳам ташқи дунёга олиб чиқяпти. Бир вақтнинг ўзида янги савдо келишувлари мамлакатни асосий хориж иқтисодиётлари билан боғламоқда. Бинобарин, ЕИ Ўзбекистоннинг тўртинчи энг йирик савдо шеригига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи айни пайтда Ўзбекистонда умумий бюджети 103 миллион евро бўлган 25 та лойиҳани амалга оширяпти. Жумладан, қиймати 69,38 миллион евролик 15 та миллий лойиҳада иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, таълим, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, ишбилармонлик, менежмент, туризм, чиқиндиларини бошқариш каби жабҳалар қамраб олинган. Қиймати 33,58 миллион евро бўлган минтақавий лойиҳалар эса таълим(Эразмус+), бизнес ва туризм тараққиёти, транспорт логистикаси, чегараларни бошқариш(БОМКА), наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши(КАДАП), хавфсизлик ва бошқаларни ўз ичига олади.

ЕИнинг республикага кўмак бериш бўйича 2014-2020 йилларга мўлжалланган амалдаги миллий дастурининг умумий бюджети 168 миллион еврога тенг. Шундан 46 миллион евродан зиёди айни пайтда “Сув ресурсларини барқарор бошқариш” (20 миллион евро), “Мева-сабзавот секторини ривожлантириш” (боғдорчилик, 21,5 миллион евро), “Пахтачилик секторини ривожлантириш” (5 миллион евро) лойиҳалари доирасида ўзлаштирилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Бельгия, Нидерландия ва Германия ишбилармонлик доиралари вакиллари билан учрашди.

Жумладан, голланд компанияларининг кластер тизимини қўллаган ҳолда боғдорчиликни ривожлантириш бўйича иш тажрибасини кўриб чиқиш мақсадида Амстердамда мамлакат Иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва инновациялар вазирлиги раҳбарияти, Голландия ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (DPA), Fresh Produce Centre уюшмаси, World Horti Center билим ва инновациялар маркази каби ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, улар дунёда қишлоқ хўжалиги кластерларини ривожлантириш соҳасида етакчи ўринларни эгаллайди.

Масалан, DPA 1997 йилда мева ва сабзавот етиштирувчилар манфаатларини миллий ва Европа бозорларида тақдим этиш мақсадида тузилган. Нидерландиядаги 14 та йирик қишлоқ хўжалиги компанияларини ўзида бирлаштирган мазкур уюшма маҳаллий фермерлар томонидан ишлаб чиқариладиган мева, сабзавот ва қўзиқоринлар маркетингини мувофиқлаштириб боради.

Fresh Produce Centre уюшмаси ҳам маҳаллий мева-сабзавот етиштирувчилар манфаатларини ички ва ташқи бозорда илгари суради. Унга аъзо бизнес тузилмаларнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажми йилига 3,3 млрд. еврони ташкил этади ва 152 та давлатга ҳар йили 9,5 миллиард евролик маҳсулот экспорт қилиши баробарида 120 та мамлакатдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг энг йирик импортчилари ҳам ҳисобланади. Бу борадаги йиллик кўрсаткич 6 млрд. евродан ошади.

World Horti Center эса иссиқхона боғдорчилиги соҳасидаги билим ва инновацияларнинг глобал маркази бўлиб, соҳада ишловчи барча учун таълим, тадқиқот ва тақдимот хизматларини кўрсатиб келади.

Бинобарин, музокараларда агрокластерлар тузиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларига инновацион услубларни татбиқ этиш, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа бозорларига олиб чиқиш мақсадида Голландиянинг транспорт логистикаси, санитар ва фитосанитар чора-тадбирлари борасидаги илғор ишланмаларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлатнинг соҳага ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз вакиллари Германиядаги машҳур Mix Market супермаркетлар тармоғининг Марказий Осиё бўйича ваколатли вакили Виктор Паулс билан ҳам учрашишди.

Маълумот учун, Mix Marketнинг Германияда 165дан зиёд, ундан ташқари Европа бўйича 125 та савдо дўконлари мавжуд.

Гап шундаки, Виктор Паулс раҳбарлик қиладиган Luga-Nova GmbH компанияси Mix Market савдо тармоқлари билан келишувга эга бўлиб, у Ўзбекистон маҳсулотлари (қуруқ мевалар, консерваланган палов, қовунлар, гилослар)ни Германия дўконларига етказиб беради. Айни пайтда 300 тонна миқдордаги ўзбек музқаймоқларини Германияга импорт қилиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Ташриф давомида Фламанд инвестиция ва савдо агентлиги(ФИСА) ижрочи директори Клэр Тиллекаертс билан ҳам суҳбат қурилди. Мазкур агентликка Бельгиядаги Фландрия минтақасида асос солинган бўлиб, у халқаро иқтисодий сиёсатда катта роль ўйнайди. ФИСА 37 мингта савдо компаниясини ўзида бирлаштирган бўлиб, дунё бўйлаб 70дан ортиқ минтақавий ваколатхоналари мавжуд. Айни пайтда Бельгия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасининг 80 фоизи айнан фламанд компаниялари ҳиссасига тўғри келади. Улар машинасозлик, фармцевтика, кимё саноати, тўқимачилик, жумладан, гиламдўзлик, қурилиш, ахборот технологияларини ўз ичига олган хизматлар кўрсатиш соҳаларида фаолият кўрсатиб келади. Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ФИСА шу ойда Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи.

Шулар қаторида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Европа савдо-саноат палаталари уюшмаси (EUROCHAMBRES) директори Арналдо Абруззини ва Нидерландиянинг Golden Leaf компанияси раҳбари Турижалаем Аҳмади билан ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувлар якунида жорий йилда Европа компаниялари вакилларини Ўзбекистонга ташриф буюришини ташкил этишга келишиб олинди. Шу асосда келгусида биргаликда амалга ошириш учун аниқ пилот лойиҳалар белгилаб олинади.
Саиджон Махсумов тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар