Луврда Ўзбекистонга бағишлаб уюштириладиган кўргазма кутилмаган, барчани ҳайратга соладиган бўлади

11:11 08 Октябр 2018 Маданият
1244 0
Фото: Лувр музейи

Яқинда мамлакатимизда Лувр музейининг ислом санъати бўлими директори Яник Линц бошчилигидаги делегация меҳмон бўлди. Бундан кўзланган мақсад — 2021 йилда Луврда бўлиб ўтадиган “Ипак йўлидаги цивилизация ва маданиятлар” кўргазмаси учун Ўзбекистон музейларидан танланган экспонатлар бўйича мутахассислар фикрини ўрганишдан иборат эди.

Шу ўринда, мазкур санъат кошонаси ҳақида қисқача маълумот берсак. Лувр — ­дунёдаги энг машҳур музейлардан бири. У Париж шаҳри маркази, Сена дарёсининг ўнг қирғоғи, Риволи кўчасида жойлашган. Мажмуа ҳудуди Людовик XIVнинг отлиқ ҳайкали турган жойдан бошланади. Музей биноси қадимий қирол саройидир.

Ислом санъати бўлими 2015 йилда очилган. Бу йўналишдаги экспонатлар Луврнинг уч минг квадрат метрдан иборат Висконти залига жойлаштирилади. Бой мероснинг тўлалигича оммага қизиқарли ва тушунарли бўлиши учун янги майдон хронологик тарзда тўрт қисм­га бўлинган. Ҳар бир ­экспонат остига қисқа сатрларда изоҳ берилган.

Музей эгаллаган майдони бўйича жаҳондаги ана шундай масканлар орасида учинчи ўринда туради. Унинг майдони бир юз олтмиш минг квадрат метрни ташкил этади. Дунёда энг кўп зиёратчи ташриф буюрадиган мажмуа ҳам шудир. Уни йилига ­саккиз миллион беш юз минг нафар киши зиёрат қилади.

— 2021 йил Луврда Ўзбекистонга бағишлаб ташкил этиладиган кўргазма кутилмаган, барчани чексиз ҳайратга соладиган бўлади, — дейди Лувр музейининг ­ислом санъати бўлими директори Яник Линц. — Чунки юртингизнинг бой маданий мероси нафақат францияликларда, балки музейимизга ташриф буюрадиган миллионлаб сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Сафаримиз давомида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ­шунослик институти, “Афросиёб” Самар­қанд шаҳар тарихи музейи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Мўйи Муборак мадрасаси ва Ўзбекистоннинг бошқа музейларини бориб кўрдик. Изланишларимиз якунлари бўйича саралаб олинган ҳар бир экспонат бўйича хулоса берилиб, кўргазма учун ягона рўйхат шакллантирилди. Ўйлайманки, бу кўргазма икки давлат ўртасидаги маданий муносабатлар ривожида муҳим ўрин эгаллайди.

Айни пайтда Лувр билан биргаликда Ўзбекистонда музей экспонатларининг консервацияси ва реставрацияси бўйича мобиль лаборатория яратиш, шунинг­дек, “Экол де Лувр” мак­таби билан биргаликда музей мутахассислари ва санъатшунослари малакасини ошириш бўйича бир нечта маъруза ҳамда амалий семинарлар ташкиллаштириш устида ишлар олиб бориляпти.
О. ЛУТФУЛЛАЕВ
тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019