Лотин Америкаси коронавируснинг янги ўчоғига айланмоқда

21:58 23 Май 2020 Дунё
119 0

Фото: РИА Новости

Европа, Осиё ва АҚШда коронавирус пандемиясининг тарқалиши аста-секин камайиб бораётган пайтда Лотин Америкаси COVID-19 нинг янги ўчоғига айланди.

Бу қитъанинг бир қанча мамлакатларида коронавирус тобора авж олмоқда ва кунлик ўлим ҳолатлари ҳамда янги касалланганлар рекорд даражада кўпаймоқда. Коронавирус Лотин Америкасининг катта шаҳарларидан тортиб Амазония чангалзорларигача етиб борди.

Бу ҳафтада Лотин Америкасининг икки энг йирик давлатлари- Мексика ва Бразилияда деярли ҳар куни касалланганлар ва ўлганларнинг сони бўйича рекорд янгиланиб турди. Натижада, бу давлатлар президентларига бўлган танқидлар кучайиб бормоқда. Улар иқтисодий зарарни камайтириш мақсадида карантин чекловларини кечроқ жорий қилганликда айбланмоқда.

Жон Ҳопкинс университети маълумотларида айтилишича, 22 майда Бразилияда коронавирус билан боғлиқ ўлимлар 21 мингдан ошди. Аммо экспертлар вирус қурбонлари бундан ҳам кўп эканлигини таъкидлашмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Лотин Америкаси бўйлаб коронавирус қурбонларининг ўсиб бориши бу қитъадаги ҳукуматларнинг қонунларни амалга оширишдаги камчиликларини кўрсатмоқда.

Бу ерда миллионлаб одамлар норасмий жойларда ишлашади.Полиция етарлича кучга эга эмас ёки улар орасида коррупция авж олган ва улар карантин чекловларининг амалга оширилишини таъминлай олишмайди.

Аммо Перу, Чили ва Эквадор давлатларида ҳам касалланганлар ортиб борса-да, бу ердаги касалхоналар тўлиб-тошмади. Чунки бу мамлакатлар ҳукуматлари карантин чекловларини анча эрта жорий қилишганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?