Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланди

18:49 19 Март 2019 Жамият
311 0

Фото: ЛБМАнинг матбуот хизмати.

Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазири ўринбосари жаноб Юн Жонг Ин бошчилигидаги делегация 18-19 март кунлари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди. Бу ҳақда “Халқ сўзи ONLINE”га ЛБМАнинг матбуот хизмати хабар берди.

Делегация вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида учрашувларда иштирок этдилар.

Агентликдаги учрашувда меҳмонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатлар даражасини юқори баҳоладилар ҳамда мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашини алоҳида таъкидладилар, Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг миқёси ҳамда сифатига, ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда 195 турдаги хизматлар тақдим этилаётганига тўхталиб ўтдилар. Учрашув қатнашчилари электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатларининг ҳолати, ушбу соҳадаги янги қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма тадқиқотлар, корпоратив ҳамкорликни олиб бориш ҳамда Ўзбекистонда Маълумотлар марказини ташкил этишда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олган ўзаро англашув меморандум имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда пенсия таъминоти ҳамда давлат харидлари соҳасида тўпланган тажрибани муҳокама қилиб, мавжуд институционал механизмларга энг илғор ечимларни жорий қилиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида Жанубий Корея делегацияси экспертлари экспортни ошириш ва кичик ҳамда ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган солиқ сиёсати бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Бундан ташқари, 19 март куни Корея Республикаси делегацияси ташрифи доирасида “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш Маркази ҳамда Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги томонидан биргаликда ташкиллаштирилган “Электрон ҳукумат: тараққиёт истиқболлари” ўзбек — корейс форуми бўлиб ўтди.

Форум ишида корейс делегацияси вакиллари, Агентлик, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, таълим муассасалари, “Mirzo Ulugbek Innovation Center” (MUIC) ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш Инновацион марказининг 100 ортиқ вакиллари қатнашдилар.

Тадбир доирасида секция мажлиси ҳам бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Жанубий Корея электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича дунё мамлакатлари халқаро рейтингида етакчи ўринни (3-ўрин) эгаллайди. Мазкур рейтинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан дунёдаги 193 давлатда фуқароларга давлат хизматларини тақдим этишда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)дан фойдаланиш бўйича миллий давлат тузилмаларининг тайёрлиги ва уларнинг имкониятларини баҳолаш натижаларига кўра эълон қилинади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019