Лиза Куртис: “Оқ уй Ўзбекистон билан яқиндан ишлашга бел боғлаган”

14:01 22 Май 2018 Сиёсат
453 0

Оқ уйда Президент Дональд Трампнинг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича маслаҳатчиси, Миллий Хавфсизлик Кенгашида минтақа учун масъул Лиза Куртис 15 — 17 май кунлари Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонда сафарини ташкиллаштириш ортида турган асосий расмийлардан бири. Расмий ташриф қандай кечганини Вашингтонда ундан яхшироқ биладиган одам йўқ, десак хато бўлмайди. “Америка овози” билан суҳбатда Куртис хоним нафақат учрашувлар балки бугунги яқинлик ортидаги омиллар ҳақида ҳам сўзлади. АҚШ назарида Ўзбекистон ўзгаришда, янгиланишда давом этади.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: Биз билан гаплашишга вақт топганингиз учун раҳмат.
Лиза Куртис, Оқ уй: Бажонидил, жуда мамнунман.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: АҚШ — Ўзбекистон алоқаларида жуда муҳим бир ҳафтага гувоҳ бўлдик. Президент Мирзиёевнинг ташрифидан қанчалик қониқдингиз?
Лиза Куртис, Оқ уй: Ташриф жуда яхши ўтди. Икки раҳбар тил топишди. Мулоқот сермазмун ва сермаҳсул кечди. Аввало, Президентлар ўзлари гаплашиб олишди, кейин эса вазирлар билан кенгроқ доирада, кенг қамровли музокара бўлди. Афғонистон, ҳарбий ҳамкорлик, иқтисод ва бизнес, ҳуқуқ ва ислоҳотлар — учрашувда буларнинг ҳаммаси муҳокама қилинди.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: Президент Трамп Овал кабинетида гапирганида, ҳарбий ҳамкорликни тилга олди, урғуни шунга берди. Бу эса кўплаб саволлар уйғотди. Биласиз, ҳуқуқ ташкилотлари биргаликда ва алоҳида Президентни ҳуқуқ билан боғлиқ масалаларга эътибор беришга ундаган эди. Қанча вақт ажратилди бу мавзуга?
Лиза Куртис, Оқ уй: Ҳуқуқ масаласи 15 — 20 киши иштирокидаги кенг қамровли музокарада кўтарилди. Бу йиғинда диний эркинлик бўйича махсус элчимиз Сем Браунбек ҳам қатнашди. Бу арбобни биз атайлаб шу муҳокама учун таклиф қилдик. Президент Мирзиёев бу борадаги ижобий қадамларни тилга олди. Сиёсий маҳбуслар озод этилгани, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши чоралар, ахборот воситаларидаги очилиш. Биласиз, “Америка овози” Ўзбекистонда аккредитация қилинди. Матбуот эркинлиги бобида асталик билан силжишлар бор. Ўзбекистонда прогрессга гувоҳмиз. Бу ҳақда давлат раҳбаридан эшитдик. Лекин муаммолар ва саволлар талай, айниқса, диний эркинлик юзасидан. Бу соҳада ҳам олдинга қадам ташланади, деган умиддамиз. Ўзбекистон қай йўлдан кетаётганини тушунтирди. Қизғин муҳокама кечди.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: Ўзбекистон делегацияси, хусусан, Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам, ислоҳотлар давридаги қийинчиликлар ҳақида гапиришга тайёр эканини айтди. Мулоқотда, масалан, қандай қийинчиликлар ҳақида гап кетди?
Лиза Куртис, Оқ уй: Диний эркинлик масаласидаги қийинчиликларга тўхталишди. Ўзбекистон учун бу нозик масала экани аниқ. Ўзбекистон бу борада, биласиз, Давлат департаментининг диний эркинлик ҳақидаги ҳисоботида “алоҳида хавотирга молик мамлакат” деб белгиланган. Яқин ойларда бу борада прогресс бўлади, деган умиддамиз. Ўзбекистон олдидаги синов бу.
Мирзиёев эътиборни Ўзбекистон шу кунгача босиб ўтган йўлга қаратди. У раҳбарликка келганига бир ярим йил бўлди. Ислоҳотлар бошлаб, қўлдан келган барча ишларни қилмоқда. Ўзгариш қилиш учун вақт керак.
Ислоҳотлар самара бериши учун вақт керак. Биз бу ҳақда гаплашдик. Қолаверса, Афғонистон масаласи ҳам муҳим. Ҳарбий ҳамкорлик ҳақида эслатдингиз. Президент Трамп учун бу масалалар жуда муҳим.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: 17 май куни Президент Мирзиёев Мудофаа вазирлигида бўлди. Бир кун олдин АҚШ ва Ўзбекистон орасида янгича стратегик ҳамкорлик бошланмоқда, дея эълон қилинди. Қўшма баёнотни ўқидик. Бу қандай келишув? Имзоланмаган, шундайми?
Лиза Куртис, Оқ уй: Мақсад — стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаш. 16 йил олдин шундай келишувга эришилган. Шундан бери ҳамкорлик авж олган, пасайган даврлар бўлган. Бу расмий ташриф янги саҳифа очди. Бу бир келишувдан иборат нарса эмас, лекин қўшма баёнот бу шериклик ортидаги мақсад ва манфаатларни ўз ичига олади. Унинг кучи шунда, яъни дунёга биз, икки давлат, қатор муҳим йўналишларда бирга ишлаймиз ва бир-биримизни яқиндан қувватлаймиз, дея баён этдик. Ишончли шериклар бўлишга бел боғлаганмиз.
Ўзбекистоннинг АҚШ бизнесларига қизиқиши катта. Музокаралардан аёнки, АҚШ Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик ва имкониятлар кенгайишини истайди. Ислоҳотлар бошланган, биламиз, лекин ҳали кўп ҳаракат қилиш керак. Интеллектуал мулкка эгалик ҳуқуқи борасида, масалан, дадил қадамлар ташланиши керак. Компанияларимиз кириши учун бу ўта зарур талаб. Қонун устуворлиги ниҳоятда муҳим. Шартномалар бузилмаслиги ва битимлар белгиланганидек амалга ошиши кафолатланиши зарур. Президент Мирзиёев бу борада катта ислоҳотлар қилмоқчи, буни олқишлаймиз. У ташқаридан кўпроқ сармоя жалб этмоқчи. Бунинг учун эса мамлакатдаги бизнес муҳит ва умумий шароит яхшиланиши керак.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: Ҳарбий ҳамкорликнинг шартлари нимадан иборат? Ўзбекистон Шимолий Таъминот Тизимидаги (Афғонистонга ноҳарбий юк ташиладиган йўналиш) ҳиссасини оширмоқчи, биламиз. Бу борада бир неча йиллик тажрибага эга. Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ унга ҳарбий ёрдам беришини хоҳлайди. Нимага асосан?
Лиза Куртис, Оқ уй: Ҳар қандай ҳарбий ҳамкорлик ҳуқуқ нормаларига қанчалик риоя қилинаётганига қараб берилади. Биз, аввало, бир-биримизнинг тизимларимизни изчил ўрганиб, мана шундай ҳамкорликни қандай олиб бориш ҳақида келишиб олишимиз керак. Қатор масалаларда келишиб олдик, энди уларнинг устида ишлашимиз керак. Жараён мураккаб. Вашинтонда ҳам қилинадиган ишлар кўп — тўсиқлар, масалан. Улар олиб ташланмас экан, Президент Трампнинг қўли боғланган. Ўзбекистон билан мудофаа ва ҳарбий савдо бўйича ҳамкорлик қилиш учун бу ерда, сиёсий жиҳатдан, йўл очилиши керак.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: Конгресс маъқуллаши керак буни, тўғрими?
Лиза Куртис, Оқ уй: Худди шундай. Ҳар икки томон бунга эришиш учун тер тўкиши керак. Потенциал бор, хоҳиш бор. Ўзбекистон ўз чегараларини мустаҳкамлаш учун ёрдамга муҳтож. Афғонистон билан чегара у қадар узун эмас, лекин борини ҳам ҳимоя қилиш керак. Биз эса мадад кўрсатишни истаймиз. Терроризмга қарши курашда яқиндан ишлашни истаймиз. Бу эса ҳуқуқ-тартибот соҳаси билан боғлиқ. Бу масаладаги ҳар қандай келишув икки томоннинг манфаатларини ҳисобга олиши зарур. Терроризм ҳар икки томон учун бирдек таҳдид.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: Президент Трамп ва Президент Мирзиёев тил топишди, дедингиз. Америка раҳбари қачон Марказий Осиёга сафар қилади? Шу кунгача бирор Президент минтақага бормаган. Ҳозиргидек дамларда одамлар Америка раҳбари қачон келар экан, деб ўйланади. Минтақа АҚШ учун муҳим деган гапни кўп эшитамиз.
Лиза Куртис, Оқ уй: Тўғри, Трамп маъмурияти учун Марказий Осиё ниҳоятда муҳим минтақа. Январь ойида Президент Назарбоев келиб кетди, мана ҳозир Ўзбекистон президенти. Регион биз учун аҳамиятли ва у ерда кўплаб имкониятлар кўрамиз. Ривожланаётган, янги бозорлар очилаётган ҳудуд. Америка бизнеслари ва сармоясига талаб кучли. Марказий Осиё ўзгармоқда, айниқса, Ўзбекистон. Президент Мирзиёев бошчилигида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Афғонистон келажаги ҳам бу минтақа билан боғлиқ. Марказий Осиё қанчалик олдинга силжиса, Афғонистон учун шунчалик яхши.
Россия у ерда ўз таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётгани, Хитой эса иқтисодий таъсирини ошириб бораётгани бежиз эмас. Америка ҳам ўз нуфузига эга бўлишни, Евросиёнинг юраги ҳисобланмиш минтақа билан кучли ришталар боғлашни хоҳлайди. Президентимиз у ерга қачон боришини айта олмайман, лекин ишончим комилки, раҳбариятимиз Марказий Осиёга жиддий қараб, унинг аҳамиятини юқори баҳолайди.

Навбаҳор Имамова, “Америка овози”: Катта раҳмат суҳбат учун!
Лиза Куртис, Оқ уй: Сизга раҳмат!
Навбаҳор Имамова, 
“Америка овози”.
(Вашингтондан, “Халқ сўзи” учун махсус)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар