Лазиз ТЎЙЧИЕВ: Мақсадимиз  — етук мутахассисларни камолга етказиш

17:46 21 Октябр 2019 Жамият
110 0

Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида ҳар бир соҳани замон талаблари асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тиббий таълим тизимида кадрлар тайёрлашда халқаро илғор тажрибалар, инновацион технологияларга таяниляпти. Бу ҳозирги кунда Тошкент тиббиёт академияси фаолиятида ҳам ўз амалий ифодасини топаётир. Бунда Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ўрин тутмоқда.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари муддати 7 йилдан 6 йилгача қисқартирилди. Шундан “Тиббий профилактика” йўналишида таълим 5 йил қилиб белгиланди. Ўқув режаларидаги ижтимоий-иқтисодий фанлар бўлими 23 фоиздан 7 фоизга қисқартирилиб, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 55 фоиздан 85 фоизгача оширилди. Халқаро стандартларга мос янги ўқув режалари ишлаб чиқилди. Буларнинг барчаси янги ўқув режалари, янги фан дастур ва адабиётларини яратишга хизмат қилмоқда. Дарс жараёнининг 50 фоиздан ортиғи назарий ва амалий тарзда олиб борилиши, билимларни баҳолашнинг 60 фоизи амалиётга ажратилгани ҳам таълим бериш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари академиклар, илм-фан ва таълим соҳаси мутасаддилари билан ҳар учрашганида соҳани давр талабларидан келиб чиқиб янги босқичга кўтариш, унга инновацион янгиликларни изчил татбиқ этиш, ишлаб чиқариш билан узвийликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш борасида зарур кўрсатма ва топшириқлар беради. Шундан келиб чиқиб, олис ҳамда яқин хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатмоқдамиз. Қўшма дастурлар асосида янги мутахассисликлар очиляпти, ўқув жараёнига инновацион усулларни жалб этишга қаратилган ўқув-лаборатория ва марказлари ташкил қилинмоқда. Мазкур йўналишда хорижий таълим даргоҳлари билан жами 55 та шартнома ва меморандум имзоладик ҳамда улар асосида талабалар, педагоглар алмашинуви муваффақиятли йўлга қўйилди. Жумладан, 2017 йилдан буён 231 нафар педагогимиз чет элда малака ошириб, стажировка ўтади, 185 нафар хорижий профессор-педагог академия ўқув жараёнига жалб этилди.

Корея Республикаси Корё университети билан “Атроф-муҳит гигиенаси” илмий-амалий лабораторияси, Корея соғлиқни сақлаш саноатини ривожлантириш институти билан ҳамкорликда Халқ табобати маркази, И. М. Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети билан биргаликда Олий таълим муассасалараро марказлари фаолият бошлади. Ташкил этилган видеоконференция алоқа студиялари орқали хорижий давлатлар университетлари, шунингдек, академиямиз филиаллари билан бевосита масофавий таълим йўлга қўйилди. Бир ўқув йилида академиянинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан Термиз, Урганч, Фарғона филиаллари талабалари учун фанлар бўйича 150 дан ортиқ онлайн маърузалар ўқилади. Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Германия каби ривожланган давлатларнинг етакчи тиббиёт олий таълим даргоҳлари билан 30 дан ортиқ онлайн конференция, семинарлар ўтказилади. Шунингдек, академия профессор-ўқитувчилари томонидан 38 та янги ўқув адабиётлари чоп этилди, академия кутубхонаси 850 миллион сўм миқдордаги 11 107 та ўқув ва бадиий адабиётлар билан бойитилди. Ўқув жараёнини ахборот технология воситалари билан таъминлаш учун 2017-2018 йилларда 2 миллиард 800 миллион сўмлик компьютер техникаси ва бошқа асосий воситалар харид қилинган бўлса, жорий йил бошидан шу кунга қадар ушбу воситаларга 615 миллион 210 минг сўмлик харажат қилинган. Академия ҳудудида Wi-Fi зоналари ташкил этилиб, интернет ресурсларидан фойдаланиш тезлиги 100 Мб/с. га етказилди.

Таълим даргоҳимизда Симуляцион ўқитиш марказининг очилиши талабаларни ғоят хурсанд қилди. Бу ерда уларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаб, тажрибаларини оширишига кенг қулайликлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Академик инновациялар фонди”, Жаҳон банки томонидан ажратилган умумий қиймати 200 минг АҚШ доллари қийматидаги “Инновацион-имитатив технологиялар ёрдамида таълим жараёнини такомиллаштириш” мавзуидаги грант лойиҳаси доирасида ташкил этилган марказ халқаро талабларга жавоб берадиган, сўнгги русумдаги анжомлар билан жиҳозланган. Йил охирига қадар бу ерга 500 минг евро қийматидаги технологиялар олиб келиниши мўлжалланмоқда.

Президентимиз ташаббусига кўра, юртимизда халқ билан мулоқот қилишнинг янги механизмлари жорий этилгани фаолиятимизда янги ўзанлар очди. Академиямиз профессор-ўқитувчилари ҳамда олимларимиз жойларда оддий одамлар билан учрашиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур кўрсатма ва тавсиялар беришда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, академия жамоаси томонидан Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларида жойлашган умумтаълим мактабларида ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга, таълим сифатини кучайтиришга, тарбия соҳасини такомиллаштиришга, устоз-мураббийларнинг жамиятда нуфузини оширишга қаратилган тадбирларда қатнашдилар. Тошкент вилояти, Бўка туманида аҳолининг соғлом турмуш тарзини, жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш, касалликлар профилактикасининг самарали чораларини белгилаш, шошилинч ва тез тиббий ҳамда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилишини, ҳудудда санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ва шифохона ичи инфекциясининг олдини олиш, оналик ва болаликни, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш масалаларини такомиллаштириш ишларига ҳисса қўшдилар.

Давлатимиз раҳбарининг  беш ташаббуси доирасида таълим даргоҳимизда бу ерда рассомлик тўгараги ишга туширилди, театр студияси ташкил қилинди. Ёшларимизнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратилди. Талабалар тураржойида яшовчи ёшлар ҳар тонгни эрталабки бадантарбия билан қарши оладилар. Айни чоғда талабалар тураржойларида компьютер синфлари очилиб, улар янги авлод технологиялари билан таъминланди. Китобхонлик кунлари, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, давра суҳбатларини ўтказиш ҳам яхши анъанага айланган. 

Қизларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, касб-ҳунарли бўлишини таъминлаш мақсадида талабалар тураржойида тикувчилик хонаси барпо этилди. Тикувчилик курсига ҳозирги кунда академиянинг турли факультетларида таҳсил олаётган 80 дан ортиқ қизларимиз аъзо бўлган. Олмазор туманидаги “Шифокорлар шаҳарча”си ҳудудида жойлашган маҳаллаларнинг кам таъминланган оиласида истиқомат қилувчи хотин-қизларга тикувчилик илмини ўргатиб, уларнинг иш билан таъминланишида ҳисса қўшиш ҳам назарда тутилган. 

“Шарқ қизлари одоби” факультатив курси талабаларимизда ўзбекона урф-одатлар, миллий менталитет ва асрий анъаналаримизни ўргатиш, уларга нисбатан ҳурмат, садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

Қисқача айтганда, бизнинг мақсадимиз нафақат билими юксак, балки чин маънода етук мутахассисларни камолга етказишдир. 

Лазиз ТУЙЧИЕВ,

Тошкент тиббиёт академияси ректори,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019