Латвияликлар Ўзбекистонда логистика маркази қуриши мумкин

15:06 09 Февраль 2019 Жамият
560 0

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Латвиянинг SIA“SV Gulbis” компанияси раҳбари Вячеслав Новиков билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда АЖ матбуот хизмати “Халқ сўзи“га маълум қилди.

Унда “Ўзтемирйўлконтейнер” акциядорлик жамияти ҳудудида тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига бунёд этилиши кутилаётган замонавий логистика марказини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Таъкидланишича, унинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, 20 минг кв.м контейнер терминали учун ажратилган. Бу ерда 25 минг кв.м.да ёпиқ турдаги омбор, 14 минг кв.м.да ёғоч ва металл маҳсулотларини сақлаш учун мажмуа қурилади. Шунингдек, ҳудудда сервис маркази, божхона хизмати, омборларни бошқариш тизими, маъмурият биноси каби иншоотлар қад ростлайди. Янги ташкил этилаётган логистика маркази йилига 3 млн. тонна юк қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Эътиборлиси, бу ерда қўшимча 350 та янги иш ўринлари ташкил этилади. Юк саройида юк автомобиллари учун ҳам бир қатор қулайликлар яратилиб, у эрда Швеция ва Германия давлатларининг техника ва технологияларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Логистика марказида темир йўл вагонларни саралаш, ортиш ва тушириш ишлари, юкларни сақлаш, рўйхатдан ўтказиш, маркировка хизматлари кўрсатилади. Марказни жорий йил сўнггида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Учрашув сўнггида SIA“SV Gulbis” компанияси ва “Ўзтемирйўлконтейнер” акциядорлик жамияти ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида меморандум имзоланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019