Латвия Республикаси Сейми Раиси Инара МУРНИЕЦЕ: «Мулоқотларимиз Ўзбекистондаги ислоҳотлар шиддатидек жадал ривожланишига ишонамиз»

11:40 18 Апрель 2018 Сиёсат
365 0
Фото: Ҳасан Пайдоев. "Халқ сўзи".

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатида Латвия Республикаси Сейми Раиси Инара Мурниеце раҳбарлигидаги Латвия парламенти делегацияси аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Мулоқотларда Латвия билан дўстона ва ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон учун халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдаги устувор йўналишлардан бири эканлиги таъкидланди. Икки мамлакат муносабатлари дўстлик, ўзаро ҳурмат руҳида жадал мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистонда бугун хорижий давлатлар билан алоқаларни жадаллаштириш, юртимиз иқтисодиётининг дунё бозорига интеграциялашишига қаратилган янги ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Бу жараёнда парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида урғу берилаяпти. Боиси, мазкур саъй-ҳаракатлар давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Латвия парламенти ўртасидаги алоқалар изчил тараққий топиб бормоқда. 2010 йилда Латвия Сеймида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ тузилган бўлса, 2012 йил июлда мамлакатимиз парламентида худди шундай дўстлик гуруҳи ташкил қилинди. 2012 йил сентябрда Олий Мажлис ва Латвия Сейми парламентлараро дўстлик гуруҳлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Ўтган йилнинг май ойида Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси парламенти делегациясининг Латвияга ташрифи ҳамда ушбу ташриф доирасида ўтказилган қатор учрашувлар ҳамкорликни янада кенгайтиришда, муносабатларни янги босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этди.

Фото: Ҳасан Пайдоев. "Халқ сўзи".

Меҳмонларга Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, мамлакатни ривожлантиришга қаратилган муҳим давлат ва маҳаллий дастурлар, шунингдек, парламентнинг ролини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Латвия Сейми Раиси, ўз навбатида, сўнгги вақтларда икки мамлакат олий вакиллик органлари ўртасида муносабатларнинг фаоллашганини таъкидлаб ўтди. И. Мурниеце Ўзбекистонда қисқа даврда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини, Ўзбекистон — Латвия ҳамкорлиги сиёсий, шунингдек, парламентлараро йўналишларида янги босқичда ривожланаётганини алоҳида қайд этди. Меҳмон Ўзбекистон парламенти яхши тажрибани мужассамлаштиргани ҳамда шу ўринда қонун ижодкорлиги фаолиятидаги истиқболли жиҳатларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди. Айни чоғда мамлакатда туризмни ривожлантириш дастурини юқори баҳолади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Латвиянинг йирик савдо ҳамкори экани, транспорт логистикаси ва икки томонлама авиаташувларни ривожлантиришда ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

— Биз Ўзбекистонга ташриф буюрганимиздан ниҳоятда мамнунмиз, — дейди Инара Мурниеце. — Ишончим комилки, ўзаро ташрифлар мамлакатларимиз ўртасида барча жабҳада алоқаларни кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш, тиббий суғуртани ривожлантириш, таълим сингари соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришни истардик. Ўзбекистонда бугун улкан янгиланишлар юз бермоқда. Шу нуқтаи назардан, биз ахборот-коммуникация технологияларини, “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга тайёрмиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш амалиётида тажриба алмашадиган жиҳатларимиз бор, бинобарин, Ўзбекистон ушбу соҳани тараққий эттириш учун улкан салоҳиятга эга. Мамлакатингиз Марказий Осиё минтақасида Латвиянинг етакчи шериги ҳисобланади. Жуда кўплаб соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Аммо тан олиш керакки, ҳали тўла ишга -солинмаган имкониятлар ҳам талайгина. Умид қиламизки, ўзаро мулоқотларимиз ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотлардек шиддатли, жадал олиб борилади. Биз юртингиздаги янгиланишларнинг суръати, кўламидан ҳайратга тушаяпмиз. Латвия Европа иттифоқи йўналишида ҳам мулоқотни кенгайтириш тарафдоридир. Мамлакатимиз бундан кейин ҳам Ўзбекистонни ЕИ билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиради. Латвия Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида имзоланган “Тўқимачилик баённомаси” бўйича фаол саъй-ҳаракат олиб борган эди. Биз, шунингдек, хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Шу маънода, Ўзбекистоннинг мамлакатда ҳамда минтақада хавфсизликни таъминлаш, тинчликни қарор топтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Қолаверса, Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги ташаббуслари эътирофга лойиқ. Латвия, жумладан, БМТнинг Орол денгизи бўйича резолюцияси қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан учрашувларда ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Учрашувларда мамлакатлар ўртасида парламентлараро алоқаларнинг бугунги аҳволи ва ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди. Парламентлар ўртасидаги мулоқотни мазмунан янада бойитиш учун барча имкониятни ишга солиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Хусусан, томонлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришда ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича фикр юритилди.

Қобил ХИДИРОВ.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар