Лайлаклар нега Сирдарёни макон тутган?

17:46 25 Июль 2018 Жамият
529 0
Фото: "Халқ сўзи"

Икки, уч ва ҳатто, тўрт қаватли лайлаклар инлари Гулистон туманидаги Уювли, Чортоқ қишлоқларидан ўтган юқори кучланишли электр тармоғи симёғочларида кўплаб учрайди.

Хўш, лайлаклар нега бундай жуда яқин яшашади? Эҳтимол, уларга уя қуриш учун бошқа қулай жой йўқдир ёки бу инсонлардаги каби бобо-буви, ота-она, набира-чевара шажараси — қариндошчиликка хос анъанамикан?

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг “117. Туркистон оқ лайлаги” (134 -бет) деб номланган маълумотидан: “Яшаш жойлари. Воҳалар, суғориладиган майдонлар, ботқоқлар, дарё бўйлари. Яшаш тарзи. ...Баланд дарахтларда, электр узатиш таянчларида колония бўлиб уялайди”.

Демак, ушбу ҳудуднинг одамлардан холи қисмида баланд дарахтлар танқислиги туфайли, лайлаклар асосан симёғочларга ин қуради. Қолаверса, биз тасвирга олган электр устунларидаги узоқдан саватга ўхшаб кўринган таянч қурилмалар аввалига кишида айнан лайлакларнинг уя қуриши учун мўлжаллангандек тасаввур ҳам пайдо қилади. Аслида эса ушбу қурилмалар паррандаларнинг уя қуришини олдини олишга қаратилган қалқон сифатида ўрнатилган экан. Хўш, нима учун бундай чора кўрилган?

Фото: "Халқ сўзи"

Билишимизча, лайлакларнинг электр узатиш линиялари таянчларида жойлашуви тармоқда қисқа туташувлар ҳосил қилиши ва оқибатда бу таъминотдаги узилишларга сабаб бўлиши мумкин экан. Лекин кўриб турибсизки, “тадбиркор” лайлаклар чорасизликдан ана шу тўсиқни ҳам енгиб, худди ўша жойда ўзларига қўналға бунёд этишнинг уддасидан чиқишган.

Аммо барибир бу ҳолат беозор паррандаларнинг эмин-эркин ва хавфсиз яшашини кафолатламайди. Қолаверса, электр узатиш узлуксизлигини таъминлаш масаласи ҳам бор. Шундай экан, лайлаклар қўним топган ҳудудларда уларнинг ҳар жиҳатдан зиёнсиз ва қулай ин солишлари учун инсон ёрдами керак, назаримизда. Ёки яхшиси, ўша симёғочлардаги қисқа туташувларнинг олдини олишга қаратилган, таъбир жоиз бўлса, “Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган” қандайдир чора ўйлаб топган маъқулдир.

Фото: "Халқ сўзи"

Нима бўлганда ҳам Сирдарё вилоятининг кўплаб ҳудудларида учрайдиган лайлакларнинг бундай бетакрор “маҳаллалари” фусункор табиатимизнинг ўзига хос бир бўлаги сифатида кишига завқ бағишлайди. Уювли қишлоғилик Малика Эсонтурдиева: “Ота-боболаримизнинг “Лайлак- файзу барака келтирувчи қуш” деган гапи бор. Ҳақиқатан, буни биз ўз оиламиз ва бутун маҳалламизнинг фаровон ҳаётида кўриб турибмиз. Қувонарлиси, ҳовлимиз этагидаги симёғочга лайлак ин қурган. Демоқчиманки, бизнинг ҳам ўз лайлакларимиз бор ”.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар