Лабиҳовуз мажмуаси қай тариқа бунёд бўлганди?

11:57 04 Октябр 2019 Маданият
253 0

... Рафиқасининг тўй маросимидан маъюс ҳолда қайтиши Нодир Девонбегининг кўнглини чўктирди.”Фарзандсизлик қурсин.Биздан кейин чироғимизни ким ёқади? Биздан кейин ким, нима қолади?”, деган изтироб гирдобида қолди.Унсиз саволлар ўз даврининг донишманди саналган бу амалдор инсонга тун бўйи уйқу бермади.Эрта тонгда туриб, бисотидаги гавҳар шамчироқни сотгани олис сафарга жўнади...

Бухорога қайтгач, номдор уста – меъморларни тўплаб, Кўкалдош мадрасаси олдида ҳовуз, хонақоҳ ва мадраса барпо этишни буюрди.Шу тариқа 1620 йилда шаҳардаги энг катта ҳовузлардан бири Лабиҳовуз бунёд қилинди.Хонақоҳ ва мадраса қурилиши ҳам поёнига етгач, бу гўша сўлим Лабиҳовуз мажмуасига айланди.

-Мадрасада ўз даврида юзлаб илми толиблар таҳсил олишган,-дейди БухДУ профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов.- У юртга маърифатпарвар инсонларни етиштириб берувчи масканга айланган.Мажмуага келсак, ажойиб меъморий ечим бу гўшага салобат ва гўзаллик бахш этган.Қадимий ҳовуз, асрларга тенгдош дарахтлар, кўҳна обидалар, одамлар билан қайноқ ҳаёт- буларнинг барчаси мажмуа жозибасига жозиба қўшиб турибди.

--- Салкам тўрт асрдирки, Лабиҳовуз бухороликлар ва шаҳарга ташриф буюрадиган меҳмонларнинг суюмли гўшалари бўлиб келмоқда,--- дейди яна бир суҳбатдошимиз,Бухоро давлат музей – қўриқхонаси тарих илмий бўлими мудири Ўктамали Равшанов.- Ҳар йили Бухорога бир миллион нафардан зиёд маҳаллий ва хорижий сайёҳ келади. Улар қадимий шаҳримизнинг диққатга сазовор жойлари қаторида сўлим Лабиҳовузни ҳам томоша қилмасдан кетишмайди.Бу гўша шаҳримизнинг ташриф қоғозига айланган, десак хато қилмаймиз.

Дарҳақиқат, Лабиҳовуз барчани ўзига оҳанрабодек тортади.Айниқса, баҳор, ёз, кузда у сайёҳларнинг суюмли масканига айланади.Тун ярмига қадар мириқиб сайр қилиб юрган сайёҳларни, инглиз, француз, немис, испан, япон, корейс тилларида сўзлашиб юрган меҳмонларни ҳар қадамда учратиш мумкин.Бу юртимиздаги тинчлик – осойишталик, аждодлар мероси кўз қорачиғидек асраб – авайланаётгани шарофати,албатта.

Дарвоқе, афсоналарга ўхшаб кетадиган воқеанинг давомини эшитинг. Кейинчалик Самарқандда ҳам муҳташам иншоотлар барпо этган Нодир Девонбеги фарзандсизликдан изтироб чеккан рафиқасини сокин Лабиҳовуз бўйига чорлаб, “Биздан келажакка мана шу гўзал мажмуа қолади” деган экан.

Ҳа, инсоният ақл – заковатини лол этадиган эзгу ишлар биз учун отамеросдир.

Истам ИБРОҲИМОВ,

(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019