“La Repubblica”: Дунёдаги энг қадимги гуруч Ўзбекистонда етиштирилганми?

19:22 26 Май 2020 Дунё
637 0

Италиянинг энг кўп ўқиладиган газеталаридан бири “La Repubblica”да ана шундай сарлавҳа остида мақола чоп этилди. Унда Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган археологик қазишма ишлари натижаларига кўра қадимги даврда минтақада турли ва мураккаб қишлоқ хўжалиги тизими мавжуд бўлгани ҳақида сўз юритилади, деб хабар берди “Дунё” АА.

Хитой Фанлар академиясининг палеонтология ва умуртқали ҳайвонларнинг палеоантропологияси институти, Маданий мерос коллежи ва Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти мутахассислари Амударёнинг шимолий қирғоғида бронза асридан бошлаб араб истилоси даврига оид 11 та объектда қазишма ишларини ўрганиш пайтида гуруч қолдиқларини топишган, деб ёзади мақола муаллифлари “Science China: Earth Science” журналига таяниб.

Олимларнинг тахмин қилишича, радиоуглерод илмий текширувлар таҳлилига кўра топилма эрамиздан аввалги 236-194 йилларга тўғри келмоқда ва бу сана ер юзида гуруч етиштиришнинг илк бошланғич даврига тўғри келади.

“Археоботаника, маҳаллий археологик ҳужжатлар ва қазилма ёдгорликларнинг саналарини аниқлаш усуллари билан солиштириш орқали биз Ғарбий Осиёда гуручнинг тарқалиши ва Буюк Ипак йўли бўйидаги Шарқий ва Ғарбий цивилизациялар ўртасидаги ўзаро алмашинувга оид исбот-далиллар тақдим эта олдик. Шу тариқа узоқ вақтдан буён археологлар, биологлар ва қишлоқ хўжалиги ходимлари учун жумбоқ бўлиб келаётган глобал саволларга жавоб топилди”, дея Хитой Фанлар академияси олими Ли Сяоцяндан иқтибос келтиради муаллифлар.

Мутахассисларнинг фикрича, археологик топилмалар ушбу заминда турли ва мураккаб қишлоқ хўжалиги тизими шаклланганидан дарак беради. Бу ерда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бутун Осиё бўйлаб кенг тарқалган.

“Масалан, Холчаён гуручи “япон” гуручи номи билан танилган навга мос келади ва археологик қазилмалар пайтида топилган ўша даврдаги шоли экини қолдиқларига ўхшайди. Ушбу гуручнинг тарқалиш миқёси Жанубий Хитой ва Шимоли-ғарбий Ҳиндистонда кузатилади. Ушбу тахминлар Марказий Осиё гуручлари Жанубий Осиёдан тарқалганидан дарак беради“, давом эттиради Л.Сяоцян.

Мақолада ушбу кашфиёт катта аҳамиятга эга экани таъкидланади. Шунингдек, Жанубий Ҳимолай тоғлари бўйлаб йўналишларда илк қишлоқ хўжалиги экинларини алмашинув жараёни, ғалланинг Ғарбга томон тарқалиши ва Шарқ аҳолисининг таомномасидаги ушбу асосий озиқ-овқат маҳсулоти хусусиятлари ҳақида билимимизни янада чуқурлаштиришга имкон беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?