Квиллинг туфайли 10 ёшини музейда нишонлаган қизалоқ

16:45 14 Март 2019 Маданият
265 0

Фото: «Халқ сўзи»

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти музейида Мирзаобод туманидаги 22-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Асила Турсунбоеванинг “Камалакдек сержило, сеҳрли қўллар” деб номланган кўргазмаси очилди.

Эътиборлиси,Асила тасвирий санъатнинг ҳали кўпчиликка номи нотаниш бўлган квиллинг тури билан шуғулланади. “Квиллинг” сўзи бизга Европадан кириб келган бўлиб, рангли қоғозлар воситасида қўл меҳнати билан асар яратиш услубига берилган атамадир. У кўҳна қитъада 14-асрда пайдо бўлиб, ҳозирги даврда ҳақиқий санъат турига айланган. Манбаларда келтирилишича, квиллинг дастлаб зодагонларнинг севимли машғулоти бўлган. Улар квиллинг асосида чиройли медальонлар ва бошқа нарсаларни ясаганлар. Анча кейин, яъни 19- аср мазкур қўл ишининг иккинчи туғилиш палласи бўлди,сўнгра бир қанча вақт, аниқроғи, ўтган асрнинг охиригача яна унутилди. Айни чоғда эса, квиллинг ишланмалари нафақат дурдона санъат асарлари, балки харидоргир маҳсулотга ҳам айланган.

Бинобарин, дарсдан сўнг Мирзаобод туманидаги 6-мусиқа ва санъат мактабида квиллинг бўйича шуғулланаётган Асиланинг шахсий кўргазмасига қўйилган ишларида ҳам ана шундай санъат сеҳри ва кутилмаган ижодий ёндошувларни кузатиш мумкин. Қолаверса, унинг асосий тасвирий ашё сифатида қоғоздан фойдалангани ҳолда, кади ёки оддий ўсимликлар ва бошқа табиий воситаларни топқирлик билан қўллагани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Тасвирлар фонидаги адрас эса квиллингда миллийликни уйғунлаштиришга хизмат қилган, десак, муболаға бўлмайди.

Фото: «Халқ сўзи»

Яна бир жиҳат, Асиланинг асарлари намойиши Сирдарё вилоятида квиллинг санъати бўйича илк бор ташкил қилинган кўргазма бўлди. Бундан олдин, шу йил 1 март куни унинг ишларидан намуналар Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида бўлиб ўтган кўргазмага қўйилиб, юқори совринга муносиб кўрилган эди.

Эсда қоларлиси, Асиланинг 10 ёшлик таваллуд айёми ҳам музей ҳовлисида нишонланди. Шахсий кўргазмасининг очилиши ва асарларига берилган эътирофлар туғилган куни учун энг катта ва эсда қоларли совға бўлди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019