Квартирани ўзбошимчалик билан ўзгартирманг, акс ҳолда...

17:33 02 Февраль 2019 Жамият
586 0

Яқинда пойтахтимизнинг Учтепа тумани, 23-мавзесидаги 20-уйда рўй берган воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Маълум қилинганидек, фуқаро С. Саидкаримов 20-уйнинг 25-хонадонини 2015 йил сотиб олгач, тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан таъмирлаш ишларини олиб бориб, хонадоннинг ичкарисида ўзгартиришлар қилган.

Яъни 3 яшаш хонаси билан 4 яшаш хонаси оралиғидаги деворни олиб ташлаб, 4 яшаш хонасига кириш эшигини беркитиб ташлаган. Шу билан бирга, хонадон балконини ғишт билан ўраб олган.

Мазкур уйнинг 23-хонадонида яшовчи фуқаро Б. Умархўжаев шу йил январь ­ойининг бошларида ўз хонадонида ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишларини амалга оширган. Натижада 4-қаватдаги 23-хонадон балкони 5-қаватдаги 25-хонадоннинг ғишт билан ўралган балкони оғирлигини кўтара олмасдан 4, 3, 2 ва 1-қаватдаги балконларга ҳам зарар ­етказган ҳолда қулаб тушган.

Хайриятки, бундан одамлар талафот кўрмаган. Ушбу ҳолат ҳар биримизни ­мушоҳадага ундайди.

Умуман, аслида фуқароларимиз уй-жой фондидан қандай фойдаланишлари керак? Квартирага ўзгартиришлар киритишнинг қонуний тартиб-қоидаларидан аҳоли қай даражада хабардор? Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Абдуназар ЭРДОНОВ билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

— Тураржойлардан самарали ва белгиланган тартибда фойдаланиш — бугунги кунда ўта долзарб масала, — дейди А. Эрдонов. — Кўпчилик хонадон эгалари квартира сотиб олиб, уларнинг ички тузилишини тегишли ташкилотлар розилигисиз ўзгартиришга уринадилар ва бунинг уддасидан ҳам чиқишади. Ёки ­туташ ҳудудларда ноқонуний қурилмаларни қуриб олишади. Бу эса тураржойларда турли даражадаги чўкишлар ва ёриқлар пайдо бўлишига, уйларнинг техник ҳолатига жиддий зарар етишига сабаб бўлмоқда.

Учтепа туманидаги ҳодисага ҳам айни шуларни важ қилиб кўрсатиш мумкин.

Бундан, аввало, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар хулоса чиқариб, ҳушёрликни оширишлари лозим. Балконларнинг бехосдан қулаб тушишига хонадон эгаларининг ўзлари айбдор бўляпти. Юқоридаги воқеадан, яхшиямки, ҳеч бир одам тан жароҳати олмади, ўлим ҳолати кузатилмади. Агар шундай бўлганида бунга ким жавоб берарди? Гап одам ҳаёти ҳақида кетар экан, фуқароларга ­уй-жой фонди борасида ўзбошимчалик билан иш тутишнинг оқибати аянчли якун топиши ҳам мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Яна бир масала. Тошкент шаҳри зилзилалар содир бўлиб турадиган ҳудуд ҳисобланади. Агар юқоридаги ҳодиса зилзила бўлиши билан бирга содир бўлганида, вазият бундан-да мудҳиш тус олиши ҳам мумкин эди.

— Айтинг-чи, квартирани ўзбошимчалик билан ўзгартиришга қарши қандай ишлар олиб борилмоқда? Бунга амал қилмаган фуқароларга нисбатан чоралар кўриладими?

— 2017 йилнинг августидан эътиборан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспек­цияси ўз фаолиятини олиб боряпти.

Ўтган давр мобайнида Инспекция 20 081 уй-жой фондида ўрганишлар олиб борди. Шундан 2017 йилда 6 652 та, 2018 йилда 9 758 та, жами 16 410 та ҳолатда кўчмас мулк эгалари томонидан ўзбошимчалик билан бинолар барпо этилганлиги аниқланди.

Уларни ихтиёрий равишда бузиш ҳақида уй-жой фонди эгаларига мажбурий кўрсатмалар берилди. Ҳисобот даври якунига қадар уларнинг 15 994 таси ёки 97 фоизи буздирилди, қолганларини мажбурий тартибда буздиришга оид даъво аризалари судларга тақдим этилди. 76 та ҳолатда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тўпланган материаллар эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди.

Бундан ташқари, уй-жой фондларининг техник ҳолатини ўрганиш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 2 551 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўллашга оид материаллар судларга тақдим этилиб, шундан 2 033 тасини кўриб чиқиш натижаси бўйича 329,5 миллион сўмлик жарималарни ундиришга оид суд қарорлари қабул қилинди.

Албатта, амалга оширилган бу ишларни янада кучайтириш лозим. Чунки ҳали инспекция ходимлари оилаларни тўлиқ ўрганиб чиқа олгани йўқ. Келгусида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда барча уй-жой фондида мониторинг олиб боришни ташкил қиламиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли.

— Фуқаролар ўз квартиралари ичида қонуний тарзда ўзгартиришлар киритишлари мумкинми? Бу қандай тартибда амалга оширилади?

— Тўғри, кўпчилик хонадон эгалари квартиралар ичкарисида реконструкция ишларини амалга оширади. Энг кўп учрайдигани бир ёки бир неча ўзаро боғлиқ бўлган хоналарни ўзгартириб қайта қуриш ишлари, яъни хоналарни қайта ­режалаш, хонадон ичидаги муҳандислик коммуникациялар ва жиҳозларни кўчириш, ошхонани балконга олиб чиқиш орқали унинг ўрнини болалар ётоқхонасига айлантириш, мумкин бўлмаган уй деворидан эшик ёки дераза очиш кабилар ­билан боғлиқ бўлган қурилиш ишларидир.

Бундай ўзгартишлар махсус лицензияга эга лойиҳалаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган кўрсатма ва тавсиялар асосида қилиниши керак. Агар бино фасадини реконструкциялаш назарда тутиладиган бўлса, у ҳолда лойиҳа туман (шаҳар) архитектори билан келишилган бўлиши шарт.

Фуқаролар реконструкция тугаганидан сўнг лойиҳалаш ташкилоти билан биргаликда, бажарилган ишлар лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ эканлигини тасдиқловчи акт тузиши ва амалдаги қонунчиликка биноан, хонадон мулкдори бир ой муддат ичида бино-иншоотларнинг ­давлат кадастрининг ҳудудий органига киритилган ўзгартиришлар ҳақида ­маълумот тақдим этиши лозим.

Лекин фуқаролар шаҳарсозлик норма ва қоидаларида хоналарни реконструкциялаш, қайта тарҳлаш ҳамда ускуналашда чекланишлар белгиланганини ҳам унутмасликлари даркор. Жумладан, шаҳарсозлик норма ва қоидаларида — ошхона ёки санитар-техник хоналарнинг ўрнини ўзгартиришда пастдаги (юқоридаги) хонадонларнинг меҳмонхона ёки ётоқхонаси устига (остига) жойлаштириш, ораёпма плиталарига таъсир этувчи ҳисобланган юкланиш даражасини ошириб қайта қуриш, бино пойдеворини ўзгартириш ва бинонинг юк кўтариб турувчи синчи ёки каркас элементларининг мустаҳкамлик хусусиятларини ўзгартириш, хоналарга кириш эшигини бевосита кўчадан ёхуд зинапоя бўлмасидан очиш ва бошқа бир қатор қайта қуришларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Қоидага амал қилмаслик белгиланган тартибда жавобгарликка асос бўлади. Ушбу масалага фуқароларимиз ўта масъулият билан ёндашишини истардик. Зеро, ўз манфаатини, деб бутун бошли уйга ёхуд аҳоли мол-мулкига зиён етказишга, уларни хавф-хатарга қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

“Халқ сўзи” мухбири
Раҳим ШЕРҚУЛОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019