Куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай? Энергетика вазирлиги бу бўйича ахборот берди

16:33 09 Октябр 2020 Жамият
200 0

2020 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси Энергетика вазирлигининг «Аҳоли ва ишлаб чиқариш қувватларини электр энергияси ва газ билан таъминлаш борасида (айниқса куз-қиш ойларида фойдаланишида) амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисида»ги ахборотини эшитди.

Эшитувда таъкидланганидек, юртимизда 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига энергетика соҳасини тайёрлаш ҳамда ёқилғи-энергетика ресурсларини аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларига барқарор етказиб бериш тизими жорий этилиб, ушбу тизим доирасида Энергетика вазирлигининг марказий ва ҳудудий штаблари ташкил этилди. Марказий штаб томонидан жорий йилнинг октябрига қадар тасдиқланган режа-жадвалларга асосан ҳар бир ҳудудга чиққан ҳолда жорий этилган тизим бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилиб, аниқланган муаммо ва камчиликлар бартараф этилди.

Шунингдек, келаётган куз-қиш мавсумига энергетика объектларини сифатли тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилди. Электр энергияси таъминоти бўйича жорий йилнинг октябрь ойидан 2021 йил март ойига қадар республиканинг жами эҳтиёжи 40 млрд. 816 млн. кВатт соатни ташкил этиши кўзда тутилган. Электр энергияни аҳоли беталафот етказиш мақсадида электр узатиш тармоқларида 400 дан ортиқ трансформатор, 600 тонна трансформатор мойи, 100 тонна сим захираси ҳамда 450 та авария-тиклаш бригадалари ташкил қилинган.

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда истеъмолчиларни кўмир билан таъминлашда умумий сиғими 362 минг тонна бўлган 91 та омбор хизмат қилаётгани, улар 84 та электрон автотарози, 126 та махсус техникалар ва кунлик ишлаб чиқариш қуввати 4,4 минг тонна бўлган 86 та брикет ускуналари билан таъминлангани, йил якунига қадар республика истеъмолчиларига жами 6 млн. 995 минг тонна кўмир маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш режалаштирилган.

Жорий йил 1 ноябрига қадар 14 минг 311 та ижтимоий соҳа ташкилотларига 405 минг тонна ҳамда 1 декабрига қадар 2 млн. 700 мингта аҳоли хонадонларига 600 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилади. Айни кунга қадар аҳоли эҳтиёжлари учун 116,1 минг тонна ва ижтимоий соҳа ташкилотлари учун 254,3 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилган. Бундан ташқари, аҳоли эҳтиёжлари учун 100 минг тонна импорт кўмир жорий йил 1 декабрга қадар етказилиши ҳамда 240 минг тонна импорт кўмир об-ҳавонинг ўзгариши ҳамда аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда етказиб берилиши режалаштирилган.

Қўмита эшитувида таъкидланганидек, табиий газ таъминоти соҳасида жорий йил 1 ноябрга қадар 74 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланиши, 44 километр реконструкция қилиниши, 605 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланиши, 80 334 таси техник тафтишдан ўтказилиши кўзда тутилган. 6 779 километр қувурлар босим остида синалиши ва тозаланиши ҳамда 5 289 километр ер ости қувурлари махсус приборлар ёрдамида текширилиши белгиланган.

Эшитувда халқ вакиллари учраётган камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар берди. Хусусан, депутат Нодир Тилаволдиев таъкидлаганидек, сайлов округларидаги ҳолатлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жойлардаги аҳолини қийнаётган энг глобал масала бу куз-қиш мавсумида хонадонларини иситиш, қишдан соғ-омон чиқиб олишдир. Табиий газ маҳаллий аҳолига узлуксиз этказиб берилса ва ундан самарали фойдаланиш назоратга олинса, экспортга сотиладиган нархга яқин нархларда аҳоли табиий газни бажонидил сотиб олади. Энг асосийси, оз бўлса-да халқнинг оғирини енгил қилади.

Тадбирда қайд этилганидек, истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш учун қўшимча чоралар белгиланган бўлиб, хусусан, аҳолига 386 минг тонна ёки режадан 80 минг тонна кўп суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Бунинг учун мавжуд қурилмаларда қўшимча 8 минг тонна ва янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 72 минг тонна ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш ва тўловлар жараёнини автоматлаштирилган тизими йил охиригача жорий этилади. Бунинг учун график асосида 3,5 млн. дона ID-карталар ва 4,5 млн. дона бар-кодли махсус ёрлиқлар харид қилинади.

Баҳс-мунозараларга бой бўлган тадбирда муҳокама этилган масала юзасидан қўмита ва вазирликнинг ўзаро ҳамкорликда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди ва қўмитанинг таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?