Кувайтлик инвесторлар гуруҳи Наманган вилоятида чипслар ва снеклар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

17:21 17 Сентябр 2019 Иқтисодиёт
490 0

Наманганда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қувайтлик инвесторлар гуруҳини қабул қилди. Учрашувда араб давлати ишбилармонлари томонидан вилоятнинг Янгиқўрғон туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган картошкадан чипслар ва снеклар ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан сўз борди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати мухбиримизга хабар қилди.

Инвесторларнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида қурилиши мўлжалланган заводга 2,2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри сармоя киритилиши белгиланган. Янги ишлаб чиқариш корхонасида дастлабки босқичда картошкадан чипслар ишлаб чиқарилади. Иккинчи босқичда Ўзбекистонда илк бор снеклар тайёрлашни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Қабул чоғида меҳмонлар инвесторларга яратилган имтиёзлар, вилоятда банк тизими фаолияти, лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган ҳудуддаги мавжуд инфратузилма ҳолати бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Қувайт Давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Баҳромжон Аълоев ҳам иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?