Кутубхоналар маънавият кўприги

16:33 15 Август 2018 Жамият
359 0

Тошкент шаҳар«Билим» ахборот-кутубхона маркази фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими мутахассислари томонидан оилавий китобхонликни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Кўчма кутубхона» лойиҳаси доирасида «Мен китоб ўқишни севаман», «Китобларни оилавий алмашиб ўқиш», «Мен фарзандимга китоб совға қиламан» ва «Бир соатдан оилавий китоб ўқиш» акциялари ташкил этилаётгани кенг омма орасида китобхонликни тарғиб этишнинг самарали йўллари эканлиги амалда ўз исботини топмоқда.

Чилонзор тумани «Ботирма» маҳалласида Аминовлар, «Навбаҳор» махалласида Норматовлар оилаларида шундай тадбирлар ўтказилганида, «Болалар адабиёти оламига саёҳат» китоб кўргазмаси ва ундан ўрин олган болалар учун турли мавзулардаги адабиётлар оила аъзоларига, айниқса, кичик ёшдаги китобъхонлараг жуда манжур бўлди.

— Ўғлим Сарварнинг телефон ва компютердан кўра китобга қизиқиши анча ортганидан хурсандман, — дейди мамнуният билан биринчи хонадон соҳибаси Феруза Аминова. — Рости гап, болаларни энди бу ўрганиб қолган одатларидан чалғитиш жуда қийинлигидан бошим қотиб юрарди, бундай пайтда китобга таяниш энг яхши йўл экан.

Турли ёшдаги китобхонларга мўлжалланган бадиий асарлар, расмли ва ўйинчоқ китоблар иккинчи хонадондаги Улкан аянинг неваралариАбдулазиз ва Эъзозахонларнинг ҳам эътиборини тортди. Бундан буви ҳам хурсанд.

— Бўлар эканку! — дейди у қувониб. — Невараларимни «Билим» ахборот-кутубхона маркази тўғри йўлга бошлаётганидан кўнглим хотиржам тортди. Китобдан айирмасин, китоб кириб борган оилада эзгулик, яхшилик бўлади.

Ўз низоми, иш режаси асосида машғулотлар олиб борадиган«Кутубхона дўстлари», «Тафаккур гулшани – китоб мутолааси» номли клубларда ўтказилаётган тадбирлар ҳам марказ атрофига кўплаб китобсеварлар жамланишига олиб келаётгани қувонарли ҳолдир. «Энг яхши кўрган асарим» мавзусида ёзилган иншолар танлови орқали уларнинг қизиқишлари, дунёқараш ва интеллектуал салоҳиятли намоён бўла боради.

Энди китобсеварлар уйида, ишхонасида, ўқув муасасасида — хуллас, истаган жойида «Билим» ахборот-кутубхона маркази тарихи, фаолияти, тузилиши, асосий вазифалари, янги келиб тушган адабиётлар ва ўтказилган оммавий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар олиш имкониятига эгадирлар. Улар истаган вақтида марказнинг б.илим.уз. веб-саҳифасидан фойдаланиши, ахборот олишлари, таклиф-муносабатларини билдириб, буюртма беришлари мумкин.

Замонавий ахборот технологиялари ёрдамида электрон ўқув зали ва илмий-техник адабиётлар электрон кутубхонасининг ташкил этилганлиги, «Норма» – Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари қидирув тизимининг мавжудлиги ҳам фойдаланувчиларманфаатларига хизмат қилади. Юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳада олиб борилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар, дунё янгиликлари ҳақида тезкор ва сифатли ахборот олиш мақсадида олтмишдан номдан ортиқ вақтли нашрлар обунаси йўлга қўйилганлиги ҳам марказ аъхолари сонининг ортишига хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, китоб инсоннинг беминнат дўстиеканлигига «Билим» ахборот-кутубхона марказида ҳам гувоҳ бўласиз.

Ҳафиза КАРИМОВА,
Тошкент шаҳар «Билим» Ахборот-кутубхона
маркази директори


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар