Курсантлар илк парвоз завқини туйди

12:25 28 Май 2020 Жамият
200 0

Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган «Чирчиқ» аэродроми шу кунларда Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртининг амалиёт ўтаётган иккинчи ва учинчи босқич курсантлари билан гавжум. Бу ерда улар амалий парвоз машқларини бажармоқда.
 

Қуролли Кучларимиз куч-қудрати, салоҳияти, минтақа ва дунё армиялари ичидаги мустаҳкам ўрни кундан кунга, йилдан йилга ортиб бораётир. Албатта, бунинг замирида жанговар сафларда хизмат қилаётган ҳар бир офицер ва сержантдан тортиб, ҳарбий олий таълим олаётган курсантларнинг ҳам муносиб улуши бор. Қуролли Кучларимизнинг муҳим таркибий қисми бўлмиш Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги мутахассислари эса бу бутунликни таъминлашда алоҳида ўринга эга.

Мазкур амалий машғулотларда илк бор иштирок этаётган курсантларнинг билим ва маҳорати яққол сезилиб турибди. Айниқса, ҳали уларнинг иккинчи босқич эканлиги инобатга олинса, бу фикр янада теранлашади. Илк бор парвоз завқини туяётган бу йигитлар бугунгача муҳим тайёргарлик босқичларидан ўтган. Амалиёт жараёнида улар учиш аппаратларини белгиланган масофада бошқариш, ҳавода муаллақ туриш, ерга яқин бўлган масофада парвоз қилиш каби қатор машқларни бажаришди.
 

Ҳар бир кичик ҳаракатни ҳам диққат билан кузатиб турган мутахассисларнинг айтишича, курсантлар машқларни ўзлаштиришда, вертол­ётларни бошқаришда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаяпти (буни фотолар муаллифи III даражали сержант Олим Бердиев ҳам кўп йиллик холис кузатувчи сифатида аэродромдан то таҳририятга келгунча бот-бот такрорлаб келди). Сабаби оддий: Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртидаги мавжуд сўнгги русумдаги тренажёрлар курсантларнинг билим ва кўникма оширишида бепоён осмон вазифасини ўтаган. Ўша назарий кўникмалар бугун уларга жуда қўл келди.

Қолаверса, машғулотларда амалиётга жорий қилинган ўқитишнинг янги усул ва услублари, «Устоз – шогирд» анъанасига мувофиқ, ҳар бир курсантга тажрибали мутахассислар бириктирилгани бўлғуси учувчилар парвозининг хавфсиз ва самарали бўлишини таъминламоқда.

Билим юртининг учинчи босқич курсантлари ҳам парвоз машғулотларида фаол. Улар ўтган йили ҳаво кенгликларида 60 соатга яқин парвоз машқларини бажарган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 100 соатдан ошиши режалаштирилган. Бунда ҳар бир парвоз машқи босқичма-босқич мураккаблашиб боради.
 

Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти курсантларининг амалий парвоз машғулотлари жорий йилнинг сентябрь ойигача давом этиши режалаштирилган.

P/S. Айтишларича, йигит киши учта нарсани бутун умри ёдида сақларкан. Биринчиси – Ҳарбий қасамёд, иккинчиси – илк висол кечаси, учинчиси – илк фарзандининг туғилганлиги хабари.

Бугун биринчи марта мустақил ҳавога кўтарилиб, вертолётни бошқарган курсантлар учун бу рўйхат яна биттага кўпайди. Бу – илк парвоз завқи!

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?