Кураш бўйича Осиё полвонлари Пунада аниқланади

17:25 13 Март 2018 Спорт
1123 0
Фото: Осиё-Океания кураш конфедерацияси

Осиё-Океания кураш конфедерациясининг (КСАО) тақвимига асосан жорий йил 22 — 25 март кунлари кураш бўйича Х Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Юбилей тарзида ташкил этилаётган навбатдаги қитъа биринчилигига Ҳиндистоннинг Пуна шаҳри мезбонлик қилади. Мусобақалар эркаклар ўртасида 7, аёллар ўртасида 8 вазн тоифасида ўтказилади.

Чемпионат дастури доирасида Осиё-Океания кураш конфедерациясининг ижроия қўмитаси мажлиси ва КСАО Конгресси ташкил этилади.
Конгресс кун тартибига Конфедерация вице-президентлари ва қўмита раҳбарлари ҳисоботларини тинглаш, янги федерацияларни аъзоликка қабул қилиш, курашни янада ривожлантириш бўйича таклифларни муҳокама қилиш ва бошқа масалалар киритилган дейилади Осиё-Океания кураш конфедерацияси матбуот хизмати хабарида.

Мусобақа давомида жорий йил Индонезияда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида кураш бўйича беллашувларги бошқарадиган ҳакамлар учун махсус ўқув-семинари ҳам ўтказилади. Шунингдек, 2017 йилнинг турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган шахсларни тақдирлаш маросими ташкил этилади.
Ҳиндистон Кураш федерациясидан олинган маълумотга кўра мазкур нуфузли кураш байрамини юқори даражада ўтказиш учун барча ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кураш бўйича Осиё чемпионатларига бунгача Тошкент, Шаҳрисабз (Ўзбекистон), Деҳли, Керала (Ҳиндистон), Теҳрон, Машҳад (Эрон), Қобул (Афғонистон), Улан-Батор (Монголия), Байрут  (Ливан) шаҳарлари мезбонлик қилган.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Осиё олимпия кенгашининг 2017 йил 20 сентябрдаги Бош Ассамблеясида кураш жорий йил август-сентябрь ойлари Индонезияда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилган.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар