“Кулги ўз ҳаддидин ўлди йироқ...”

14:39 20 Февраль 2020 Маданият
535 0

Авваллари қишлоғимизга тўй, байрамлар баҳонасида машҳур қизиқчилар тез-тез келиб туришарди. Уларнинг ичакузди латифаларидан кулгисевар тингловчилар бир олам завқ, илҳом, куч-қувват оларди. Айниқса, гап-гапга уланиб, аския кечаси бошланиб кетганда, биз – болалар кўздан пана жойга беркиниб, ҳозиржавоб сўз усталарининг самимий ва беғараз ҳазил-мутойибасини эшитиб, завқланардик. Кулги шинавандалари қаторида бўлганимизни эсласак, ҳали ҳам юрагимиз қувончдан гуп-гуп ураётгандек бўлади.

Ҳозир шулар ҳақида ёзяпмизу, одамлар маънавий яқинлигининг самараси сифатида асрлар давомида шаклланган қизиқчилик санъатининг бетакрор ҳажвий жанрлари, ўзига хос анъаналари саёзлашиб бораётганидан ташвишдамиз. Ахир, биздаги аския бошқа жойда йўқ. Қизиқчиларнинг мушоҳадага бой муболағалари, ўхшатишлари ҳаётнинг энг қийин – ҳам жисмоний, ҳам маънавий кучни бир жойга жамлаш, иродани бўшаштирмаслик талаб этиладиган машаққатли дамларида ёрдам беради. Буюк тиббиёт алломаси Абу Али Ибн Сино ҳам ўзининг “Тиб қонунлари” китобида кулги туфайли қон ҳаракати яхшиланиб, модда алмашинуви изга тушиши, ўпка йўллари очилиб, нафас олиш яхши ривожланиши ҳақида аниқ маълумот берган. Энди соатлаб, баъзан бутун оқшом давом этадиган кулги-аския кечаларининг киши саломатлигига қай даражада фойда келтиришини бир тасаввур қилиб кўринг-а...

Ҳозир ҳам юртимизда бу соҳада сермазмун ижод қилиб келаётган уста аскиябозлар бор. Ҳар бирининг услуби, феъл-атвори ўзига хос. Шунга қарамасдан, орамизда шундай таъсирчан ва жозибали санъатни нотўғри тушуниб, ахлоққа тўғри келмайдиган бемаза сўзларни ишлатиб, ўринсиз қўллаш ҳоллари ҳам учраб турибди. Бу учун аския санъатини айблаш нотўғри. Бундай бўлаётганига бу буюк сўз санъатини моҳиятини теран англаб етишга ожизлик қилаётган кимсалар сабабчи, деб ўйлаймиз. Айрим ҳажвчилар халқимизнинг дарди, изтироби, катта ишлари бир ёқда қолиб, ҳаётнинг икир-чикир муаммолари билан овора бўлиб қолмаяптими? Энг муҳими, лисонимизда “дард” деган улуғ сўз борлигини унутиб қўймоқда. Баъзи қизиқчиларнинг тақлидлари, шеърий пародиялари қанчалик кулгили бўлмасин, кишига эриш туюлади. Негаки, бу эҳтирослар сохта, тўқилган, аниқроғи, ўзгаларни чалғитиш, миямизнинг кулгига бўлган табиий эҳтиёжларини енгилгина қондириш учун намойиш этилаётгандек таассурот уйғотади. Кишининг дилидагини фақат тил эмас, кўриниш, юриш-туриш ва кўз қарашлар ҳам ифодалайди. Кеча бировдан эшитган оҳори тўкилмаган қизиқ воқеани бошқа бировларга худди ўзининг бошидан кечиргандек гапириб бериш ёки тақлидчилик – бу қизиқчилик, дегани эмас.Гоҳида узлуксиз реклама туфайли диққат-эътиборимизни тортган кулги кечасига тушиб, ҳеч қандай завқ ололмайсиз. Қайтанга, беҳуда сарф бўлган қимматли вақтингизга ачинасиз.

Шу ўринда, ёзувчи Саид Аҳмаднинг серқирра ижодини эслашимиз ва бундан яна бир бор хулоса чиқаришга тўғри келади.Адибнинг “Келинлар қўзғолони” асари ҳалигача адабий жамоатчилик ва томошабинлар эътиборидан тушмай келаётир. Негаки, унда шунчаки юмор эмас, ҳаётнинг ич-ичидан келтириб чиқарилган, чуқур ижтимоий маъно ташийдиган кулги бор.

Халқимиз фаровон ҳаётимизнинг ҳеч бир соҳасида камчиликлар, кўнгилсизликлар бўлмаслигини истайди. Лекин атрофимизда фақат ўзининг осойишталигини ўйловчи, нафси ҳакалак отган юлғич, текинхўрлар ҳам учраб туради. Ҳажвчилар турмушдаги, одамлардаги кулгили нарсаларни илғай билиши ва инсоннинг маънавий камолотига халақит берувчи иллатларни қаламга олиши керак. Назаримизда, жамиятимизда сатирик асарларга бўлган эҳтиёж шундан туғилади.

Аммо... бугун мазмуни қизиқарли воқеаларга асосланган комедияли чиқишлар ҳақида бирор фикр айтиш қийин. Саҳнадаги воқеалар драматик жиҳатдан пухта ёзилмаган. Аксарият қизиқчилар соддадил одамлар устидан мазах қилишади. Ёшлар орасида уларга тақлид қилиб, атрофдагилар асабини бузиб “аския” қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, “Миллион“чилар ҳар икки гапининг бирида ўз соҳасининг вакиллари устидан кулади. Ёки “Браво” гуруҳи кўтариб чиқаётган муаммоларнинг ечими нозик юмористик характерда эмас, қаҳрамонлар ибрат олишга арзимайди. Бу билан бир неча минг йиллик халқ санъатини ерга урамиз, кимдир масаланинг шу жиҳатини ўйлаб кўраётганмикан?! Наҳотки, ана шундай санъатбузарлар “ижод”ини ўз вақтида таҳрир, таҳлил қилиш мумкин бўлмаса.

Кулги миллий тил ва тафаккур билан ҳам боғлиқ. Ҳазрат Навоий бобомиз аскияни севиб, бу санъатда меъёр бўлиши кераклигини алоҳида уқтирган.“Хамса” достонида:

Кулгики ўз ҳаддидин ўлди йироқ,

Йиғламоқ андин кўп эрур яхшироқ...

дейди. Ўйлаймизки, ҳазратнинг олти юз йил наридан айтган фикрлари бугун ҳам ўзбек ижодкорларига, хусусан, аския, қизиқчилик санъати ичида юрганларга бирдек тааллуқли. Кулгининг замирида, барибир адабиёт, ҳажвий асарлар турмоғи зарур.

А.Умирова, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?