Кучли мафкуравий иммунитет ёшларнинг ёт ғоялардан ҳимояланишида муҳим ўрин тутади

10:05 09 Июнь 2018 Сиёсат
370 0

Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. У жамият асосларини вайрон этади, инсон ҳуқуқларининг бош тамойилларини оёғости қилади.

Ушбу ҳодисаларга қарши туриш Ўзбекистоннинг давлат хавфсизлиги ҳамда ташқи сиёсат стратегиясининг энг муҳим устувор йўналишидир. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, халқ фаровонлиги учун тинчлик ва барқарорликнинг улкан аҳамиятини англаб етган мамлакатимиз экстремизм ҳамда терроризмга қарши кураш бўйича муносиб ва самарали қарорлар ишлаб чиқишга қаратилган конструктив ташаббусларни изчиллик билан илгари сурмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев форум қатнашчилари ҳамда дунё жамоатчилигини хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш, бу соҳадаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Зотан, минтақа давлатлари терроризм ҳамда диний экстремизм таҳдидларига бирдек дуч келмоқда.

Давлатимиз раҳбари халқаро террорчилик ва экстремизм асосида, бошқа омиллар билан бир қаторда, жоҳиллик ҳамда тоқатсизлик ҳам ётганини БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг юксак минбаридан туриб алоҳида айтиб ўтди. Шу боис инсонлар онги учун кураш асосий вазифадир. Биринчи навбатда, ёшлар тафаккурини эгаллаб олиш талаб қилинади. Чунки экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

БМТга аъзо мамлакатлар вакиллари Ўзбекистоннинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш, Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

Аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилувчи Марказий Осиё — энг ёш минтақалардан бири. Сўнгги бир ярим йил ичида мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланиб улгурган бугунги кунга келиб, бу қадар ҳаётий аҳамиятга молик масалаларни фақатгина биргаликдаги интилишлар, ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кучайтириш орқали ҳал этиш мумкинлигини минтақадаги барча англаб етди. Ёшларда мустаҳкам фуқаролик позицияси, кучли мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасида ягона стратегияни илгари суриш эртамиз эгаларининг терроризм ва экстремизм ғояларига самарали қарши туришига хизмат қилади.

Бу ерда ёшларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш бўйича вазифалар биринчи ўринга чиқади. Ёшлар миграциясига туртки бўлаётган ишсизлик, сифатли таълим олиш имкониятининг чекланганлиги ҳамда ўз навбатида, маданият ва билим даражасининг пастлиги экстремистларга қўл келаётган салбий омиллар бўлиб, айнан шу ҳолатлар ёшларни ҳимоясиз аҳволга солиб қўймоқда.

Аниқки, ёш йигит-қизлар интернет манбаларидан энг кўп маълумот олувчи қатламдир ҳамда бундан террорчилик тузилмалари имкон қадар фойдаланмоқда. Фаол интернет аудиториясининг тафаккури ва кайфиятини ўз ғояларига бўйсундиряпти, ёшларнинг қалбига қўрқув, нафрат ҳамда зўравонлик уруғини сочмоқда. Глобаллашув шароитида интернет террорчилар учун янги аъзоларни аниқлаш, миясини заҳарлаш ва ўз ташкилотига тайёрлашда, маблағ йиғиш ҳамда уларни ўтказишда, террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш ва ўз мақсадларини оммалаштиришда бош қуролга айланди.

Зўравонликка таянган экстремизм ҳамда терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг долзарб муаммолари ёш авлодни бузғунчи ғоялар, экстремизм ҳамда терроризм таъсирларидан ҳимоялаш бўйича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий ва ташкилий-профилактик воситаларни янада такомиллаштиришни тақозо қиляпти.

Бугунги кунда “Марказий Осиё бешталиги” давлат ҳокимияти органлари билан ёшлар сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш жараёнига жалб этилган жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга асосланган профилактик тадбирларнинг ягона мажмуасини яратиши лозим. Ёшлар орасида экстремистик қарашлар тарқалишига қарши кураш тизимида ёшлар ташкилотлари салоҳиятидан фаол фойдаланиш масаласи муҳимдир.

11-12 июнда пойтахтимизда зўравонликка таянган экстремизм ва террорчиликка олиб борувчи мутаассибликка қарши курашда ёшларнинг ўрнини муҳокама қилишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда ЕХҲТ Бош котиби, БМТ Бош котибининг ёшлар ишлари бўйича вакили, БМТ аксилтеррор бошқармаси бошлиғи, ЕХҲТнинг махсус вакили, шунингдек, Европа ҳамда Осиёнинг қатор мамлакатларидан, халқаро ташкилотлардан вакиллар қатнашиши кутилмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳам тадбир ташкилотчиларидан бири бўлиб, анжуман иши ва унинг натижалари ҳақидаги маълумотлар дунё жамоатчилигига етиб боришини ҳам таъминлайди.

Маълумотлар, фикрлар ҳамда тажрибалар алмашиш, муаммоли масалаларни экспертлар даражасида муҳокама этиш зўравонликка асосланган, бузғунчи экстремистик ғояларнинг ёшларга таъсирини бартараф қилиш бўйича умумий позицияни ишлаб чиқишда устувор аҳамият касб этади.
Иқболжон МИРЗААЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар