Кучли ижтимоий ҳимоя самараси одамлар ҳаётида яққол намоён бўлаяпти

18:24 25 Апрель 2018 Сиёсат
588 0

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилмоқда.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида юртимизда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсатнинг мазмун-моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш, давлат органлари, касаба уюшмалари, Савдо-саноат палатаси ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлиги ва шериклиги истиқболларини белгилаб олиш мақсадида уюштирилган ушбу йирик анжуманга 30 дан ортиқ мамлакатлардан нуфузли халқаро экспертлар ҳамда олимлар, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Афғонистон, Албания, Беларусь, Болгария, Грузия, Замбия, Италия, Латвия, Литва, Малайзия, Молдова, Непал, Озарбайжон, Сербия, Туркия, Хитой Халқ Республикаси, Эстония каби давлатларнинг касаба уюшма марказлари раҳбарлари ташриф буюрдилар.

Бу форум ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал қилишда бевосита қатнашаётган экспертлар таклиф ва мулоҳазалари ҳамда тажрибаларини конструктив муҳокама этиш ва ўзаро фикр алмашиш учун халқаро платформа вазифасини ўтайди. Айни чоғда у Ўзбекистоннинг очиқлигини, фаол ҳамда амалий ҳамкорлик, халқаро ва чет эл тажрибасини ўрганиш асосида аҳолини ижтимоий ҳимоялашга оид вазифаларни ҳал қилишга тайёрлигини намоён этиши билан ҳам аҳамиятлидир. Мазкур ташаббус Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Умумевропа касаба уюшмалари минтақавий кенгаши ҳамда Халқаро иш берувчилар ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Кеча тадбир иштирокчилари анжуман олдидан Самарқанд вилоятида бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётий натижалари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш юмушлари, тарихий ҳамда замонавий обидалар билан танишдилар.

Меҳмонларни темир йўл вокзалида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари тантанали кутиб олди. Улар бу ердаги тарихий ҳамда замонавий иншоотлар, муқаддас қадамжолар, хусусан, Амир Темур, Хўжа Дониёр мақбаралари, Ислом Каримов мангу қўним топган маскан, Улуғбек расадхонаси ва “Сиёб” бозорида бўлдилар.

Конференция қатнашчилари қатор корхоналарда бўлиб, уч томонлама жамоа шартномаларида ходимлар учун кўплаб қулайлик ҳамда енгилликлар кўзда тутилгани, жумладан, техника хавфсизлиги ва ишчи-ходимларга яратилган меҳнат шароитини юқори баҳолашди. Ана шундай корхоналардан бири — “СамАвто” заводидир. Бу ерда ўтган давр мобайнида 30 минг донадан ортиқ автобус ҳамда юк автомобиллари ишлаб чиқарилди. Салкам минг нафар малакали ходимлардан иборат жамоа ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш тараддудида.

Хорижликлар навбатдаги манзил — Самарқанд шаҳридаги “Боғи сарой” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлишди. Маҳалладаги орасталикдан ташқари, бу ерда фуқаролар йиғини ва турли комиссиялар раислари, профилактика инспекторининг биргаликда ишлаши учун барча шароит яратилгани уларда ёрқин таассурот қолдирди. Фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишидаги ўрни, айниқса, юқори эканлигини улар алоҳида қайд этишди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо бердилар. Шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, касаба уюшмалари ҳамда иш берувчилар ижтимоий шериклигида ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга доир юмушлар билан танишдилар.

З. Худойшукуров, О. Файзиев,
"Халқ сўзи" мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар