Кристофер Форт "Шум бола"ни инглиз тилига таржима қилмоқчи

12:01 16 Октябр 2019 Маданият
159 0

1989 йил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши мамлакат ҳаётида чинакам тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлган эди. Мана шу қутлуғ санага ҳам ўттиз йил тўлмоқда. Ўтган вақт давомида ўзбек тилининг мақомини ошириш бўйича улкан муваффақиятларга эришилди.

Собиқ иттифоқ даврида ўзбек тили Ўзбекистоннинг расмий тилларидан бири сифатида қаралган бўлса-да, амалда жамият ва давлат ҳаётида ўзининг тегишли ўрнига эга эмас эди. Республика мустақилликка эришгач, Ўзбекистон раҳбарияти “Давлат тили тўғрисида” ги Қонун асосида ўзбек тилини миллатнинг энг муҳим маънавий қадрияти сифатида асраб-авайлашга киришди ва ушбу тилда сўзловчиларга кенг имкониятлар эшигини очди.

Мен ва бошқа чет эллик экспертлар умид қиламизки, Ўзбекистон раҳбарияти ва унинг халқи ўзбек тилини тараққий эттиришга қаратилган олийжаноб ташаббусларни давом эттиради. Шубҳасиз, бу йўлда жуда кўп муаммолар ўз ечимини кутиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур жабҳада сезиларли ташаббуслар кўрсатди. Жумладан, ўтган икки йил мобайнида таълим тизимига киритилган инвестициялар кўлами ўсди, таълим тизимида тилнинг ўқитилиши ва амалда қўлланилишига катта эътибор қаратди.

Ишончим комилки, яқин келажакда Ўзбекистонда янги замонавий ўқув қўлланмаларини ўзбек тилига таржима қилиш, нуфузли чет эл олий ўқув юртлари билан талабалар алмашинуви ва илмий ишлар амалга ошириш учун таълим тизимига инвестициялар ва қўшимча ресурслар жалб этилишининг гувоҳи бўламиз. Бундай шарафли саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек тилида сўзлашувчилар нафақат ўз она тилини яхшироқ ва мукаммалроқ билади, балки глобал муаммоларни муҳокама қилишда ўзбек тилида сўзлаш борасида кенг имкониятларга эга бўлади.

Мен ўз таржималарим орқали “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунда белгилаб берилган мақсадларга эришишда ўзимнинг камтарона ҳиссамни қўшиш бахтига сазовор бўлдим. Ўзбек асарларини таржима қилиш амалиётига инглиз тилидаги ўқувчиларни ўзбек маданияти билан яқиндан таништириш, уларга озгина бўлса-да? ўзбек халқи қандай эканлигини намоён этиш воситаси сифатида қарайман. Бундай билимларни тарқатиш орқали ўзбек тилининг жозибадорлиги, ушбу тилда ижод қилган адиб ва ёзувчилар ҳақида маълумот бериш имконияти яратилади. Ўтган ой Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” номли асари таржимаси нашрдан чиқди. Шу ой мен инглиз тилига таржима қилган Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” асари нашр этилади. Менинг кейинги лойиҳам, Марказий Осиёнинг бошқа бир қанча олимлари билан ҳамкорликда Марказий Осиё тилларида яратилган асарларнинг инглиз тилига бадиий таржималари анталогиясини яратишдир. Мен ушбу тўплам учун Чўлпоннинг “Замона хотини” ва Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарларини таржима қилмоқчиман. Анталогияда, шунингдек, Анбар Отин, Садриддин Айний, Зулфия, Ойдин, Ўткир Ҳошимов ва бошқаларнинг асарларидан инглиз тилига таржималар жой олади. Ўзбек тилида яратилган асарлар сон-саноқсиз чет эллик ўқувчиларнинг маънавий бойишига, унинг жозибадорлигидан баҳраманд бўлишига улкан ҳисса қўшмоқда ҳамда шу аснода ўзбек тилининг қадри ва қадди баланд бўлиб бораверади.

Ушбу шодиёна кун - ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги арафасида умид қиламанки, барча ўзбек тилида сўзлашувчилар ўзларининг тили ва бой мероси билан фахрланади. Мен улардан тилни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш ҳақида қайғуришларини сўраб қоламан.

Кристофер Форт,

Инглиз таржимони,
“Дунё” АА, Лондон


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019