Кўзбўямачиликларга асло йўл қўйилмайди

17:35 17 Апрель 2018 Сиёсат
347 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг Пресс-холлида Президент Матбуот котиби Комил Алламжонов 13 апрель куни Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев танқид қилган масалалардан кейин кўрилаётган чоралар ҳақида брифинг ўтказди.

Юртбошимиз ушбу йиғилишда вилоятларга сафарлар олдидан ижтимоий соҳа ходимларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани, айрим жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини жиддий танқид остига олди. Бу лавҳа оммавий ахборот воситалари орқали барчанинг эътиборига ҳавола қилинди. 

Матбуот котиби Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан кейин кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, Юртбошимиз бундай ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизм яратиш бўйича топшириқлар берган. Унга кўра, аҳолини, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари, талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ишлаб чиқилади. 

Ушбу қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам акс этади. Бунда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаси инобатга олинади.

Фуқароларни жамоат ишларига мажбурлаш ҳолатлари шундан кейин ҳам қайтарилса, Президент таъкидлаганидек, жазо қаттиқ бўлади. Жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.

Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйган. Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берган. Ҳозирда бу ҳодиса бўйича ўрганиш олиб борилмоқда. 

Президент жойлардаги кўзбўямачилик ҳолатларидан ҳам қаттиқ норозилигини билдирган эди. Қайд этилган хўжакўрсин ишлар юзасидан прокурорлик текшируви ўтказиш бўйича кўрсатма берилган.

Хусусан, Қашқадарёда йўл бўйларида ясалган сохта иссиқхоналар, Жиззахдаги тиббиёт муассасасида эски жиҳозлар ўрнатилгани ва касалларни он-лайн рўйхатга олиш дастури ишламаслиги каби ҳолатлар текширилади.

Вилоятларга ташрифлар чоғида кўрсатилган, жумладан, банк раҳбарлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни чуқур ва таҳлилий инвентаризациядан ўтказиш, камчиликлар аниқлангудек бўлса, кескин чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилган. 

Президент яна шундай кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида доимий ва қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади. 

Давлат раҳбари берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазолангани ҳақида оммавий ахборот воситалари, хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги медиа-марказ орқали хабарлар бериб борилади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар