Кўз кўрган муаммолардан кўз юмиб яшаш даври ўтди

17:40 09 Июль 2019 Жамият
288 0

Тошкент кимё-технология институти — кимё, озиқ-овқат, нефть-газ, қурилиш материаллари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига малакали кадрлар етказиб берувчи йирик таянч олий ўқув юртларидан бири.

Ўқув, ўқув-услубий, илмий тадқиқот, маънавий-маърифий, таълим-тарбия ва бошқа ишларда эришган ютуқлари туфайли юқори рейтинг кўрсаткичлари билан олий таълим муассасалари орасида юқори ўринни эгаллаб турибди.

Аммо бугун институтда эътибордан четда қолаётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Ўрганишларимиз хулосалари асосида барчаси ҳақида батафсил тўхталамиз.

Ҳозирги кунда таълим муассасасида бешта факультет мавжуд бўлиб, янги ўқув йили учун тасдиқланган квотани ҳисобга олганда, қарийб 4700 нафар талабалар таҳсил олиши мўлжалланган.

Институтнинг асосий биноси яқин йилларда таъмирланмаганини деворларнинг кўчиб тушаётганидан ҳам билиш мумкин. Қолаверса, эшик-деразалар ҳам эски. Профессор-ўқитувчилар ҳам алмисоқдан қолган стол-стул, шкаф ва бошқа жиҳозлардан фойдаланиб келмоқда.

Аудиториялардаги аҳвол эса бундан-да ачинарли. Парталар бугунги замон талабларига мутлақо жавоб бермайди, уларнинг айримлари синиб кетган, деворлари эса борган сари кўчиб, тўкиляпти. Хоналари ҳам институт номига яраша жиҳозланмаган, чироқлари тўлиқ ёнмайди. Ўқув-амалиёт ускуналари янгиланмаган. Физика ва электроника кафедрасидаги аппаратлар бундан 42 йил илгари, яъни 1977 йилда ишлаб чиқарилган.

Энди Ахборот-ресурс маркази фаолиятига бир назар. Афсуски, китоб олувчиларни қайд этиш дафтарини кўриб, у хўжакўрсинга юритилишига гувоҳ бўлдик. Бу ерда шундоқ ҳам саноқли бўлган китобхонларнинг исм-фамилияси қайд этилмас экан. Устига-устак, кутубхонадаги компьютерлар тўлиқ ишламайди.

Институтнинг ёнгинасидаги ўқув биноси бундан икки йил олдин капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилиши керак эди. Аммо бу юмушлар ҳамон пайсалга солинмоқда. Қурувчи ташкилот ишини ўлда-жўлда қилиб кетганлиги сабабли таълим маскани жамоаси шу ҳолатда ўқитувчи ва талабаларни бинога қўйишга мажбур бўлган. Бино ичида стол-стуллар, парталар тахлами эса катта “уюм”ни ҳосил қилган.

— Муаммо ҳал бўлавермагач, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги тегишли компанияга мурожаат қилдик, — дейди мазкур институтнинг ишлар бошқармаси бошлиғи Жамшид Содиқов. — Аммо бу масала батафсил ўрганилиб, ҳал этилганича йўқ. Шу боис қўшимча штат очиб, ходимлар ва талабаларга зарур шароитларни яратиб беролмаяпмиз. Шунга қарамай, ўзимиз ҳаракат қилиб, айрим қаватларни таъмирлаяпмиз.

Кузатувларимизни давом эттириб, Тошкент кимё-технология институтидан анча узоқда жойлашган — ноорганик моддалар кимёвий технологияси факультетига йўл олдик. Унинг биноси янги таъмирдан чиқарилган. Талабалар учун яратилган шароитлар ҳам шунга яраша. Бироқ ечимини кутаётган масалалар ҳам бор.

Профессор Адҳам Эркаевнинг айтишича, бугун деярли барча ишлаб чиқариш объектига янги технологиялар олиб келиняпти. Институтимизни тамомлаган кадрлар улардаги ускуна ва дастгоҳлардан бемалол фойдалана олиши керак. Бунинг учун эса, аввало, институтнинг моддий-техника базаси яхши бўлиши, сўнгги лаборатория ускуналари билан жиҳозланиши лозим. Мана шу жиҳатларга янада кўпроқ эътибор қаратилса, айни муддао бўлади.

Талабалар тураржойи. Бу иншоот 500 ўринга мўлжалланган. Аммо ушбу ётоқхонада 2018/2019 ўқув йили даврида 380 нафардан зиёд талабалар яшаган. Нега? Мутасаддилардан аниқ изоҳ ололмагач, талабалар ўқиш жойининг узоқлиги боис бу ерда туришни хоҳламаса керак, деган хулосага келдик. Ётоқхона маъмуриятининг сўзларига кўра, бинода таъмирлаш ишлари қўл учида олиб борилганлиги учун деворлари нурай бошлаган, канализация тизимларини улаш ишлари якунига етказилмаган. Бу ердаги кутубхонадан деярли фойдаланилмайди. Буни охирги марта талабалар томонидан 2016 йилда олинган китоблар қайдидан ҳам яққол билиш мумкин.

Талабалар тураржойида ташкил этилган тиббиёт хонасининг аҳволи янада ачинарли. Соддароқ айтганда, тиббиёт хонасининг ўзи биринчи ёрдамга муҳтождек тасаввур уйғотади кишида. Дори-дармонларни сақлаш учун ажратилган музлаткич ичида зарур малҳамлар эмас, аксинча, қозон тўла таом борлигига нима дейсиз?! Бу ҳолатга мутасаддилардан аниқ изоҳ ололмадик. Хулоса эса ўзингиздан.

Навбатдаги манзил — Ўзбекистон Фанлар академиясининг академик С. Ю. Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти бўлди. Айни пайтда даргоҳда 300 дан ортиқ ходимлар фаолият юритади.

Бу ерда тажриба ишлаб чиқариш жараёни халқаро GMP стандартига мувофиқ модернизация қилинмоқда. Натижада ўсимлик хом ашёсини чуқур қайта ишлаш имконияти кенгайди. Муассасада фармацевтика талабига мос келадиган ўттиздан ортиқ дори воситалари субстанциялари ва доривор ўсимликлар экстрактлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 2020 йилга қадар тиббиёт, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид 40 турдаги препарат ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Муассаса фаолиятига эътибор қаратадиган бўлсак, мутахассислар томонидан мунтазам янги илмий ишланмалар тақдим этилади. Институт тажриба ишлаб чиқариш корхонасида ўсимликдан кимёвий моддалар ажратиб олинади. Бу асосда тушадиган тушум ҳам чаккимас: йиллик 2-2,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Институт директори Шомансур Сагдуллаевнинг маълумот беришича, шу йилнинг март ойида институтнинг янги тажриба ишлаб чиқариш корхонаси қуриб битказилди. Бунинг учун кредит ва нобюджет маблағлар ҳисобидан 30 млрд. сўм ажратилди. Пировардида самарадорлик 10 баробар ошди. Ўз ўрнида экспортда ҳам ўсиш кузатилган.

Ютуқлар ўз йўлига. Аммо институтдаги шароитни қониқарли, деб бўлмайди. Айниқса, илмий ходимлар ишлайдиган лаборатория хоналари! Гап шундаки, олимлар ҳали-ҳануз эски лаборатория жиҳозларидан фойдаланиб келмоқда. Хона мебеллари умуман янгиланмаган. Сув-коммуникация тармоқларининг эскиргани лаборатория хоналарини ҳам четлаб ўтмаган: натижада деворлар нураган, батамом кўчиб тушиш арафасида. Афсуски, кутубхонада ҳам ана шундай салбий ҳолатни кузатасиз. Қисқаси, бино ва иш ускуналари модернизацияга муҳтож.

— Бино 1965 йилдан бери капитал таъмирланмаган, — дейди институтнинг инновацион ривожланиш ва маркетинг бўлими бошлиғи Улуғбек Каримов. — Шунга қарамай, ҳар йили институтимиз томонидан жорий таъмирлаш ишлари олиб борилади. Аммо ҳисоб-китобимизга кўра, иншоотни тўлиқ қайта модернизация қилиш учун 32 млрд. сўм маблағ керак бўлади.

Хуллас, юртимизда илм-фан, таълим тараққиётига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда, юқорида келтирилган муаммоларни бартараф қилиш ўрнига четдан томошабин бўлиш ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Қолаверса, кўз кўрган муаммолардан кўз юмиб яшаш даври ҳам ўтганини тегишли идора ва ташкилотлар мутасаддилари англаб олишлари керак, назаримизда. Зеро, вақт кутиб турмайди. Замон шиддати сансалорлик, лоқайдликни эмас, аксинча, ташаббус кўрсатиб ишлашни талаб қилмоқда.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019