Ковул — оёғимиз остидаги хазина ёхуд тоғ ёнбағирларида уни ривожлантириш омиллари хусусида

11:15 22 Июнь 2018 Иқтисодиёт
793 0

Ўтган йили андижонлик ўрмончилар тажриба алмашгани Туркияга боришганида кутилмаган ҳолатга дуч келишади. Тушлик чоғида дастурхонга бошқа таомлар қатори қандайдир мевали салат ҳам тортилади. Меҳмонлар унга қизиқиб, татиб кўришади. Бир-биридан сўрайдики, бу нима? Аммо саволга жавобни ҳеч ким бера олмайди. Меҳмондорчилик якунида мезбонларнинг ўзларидан сўрашга мажбур бўладилар: бу хушхўр салатнинг рецептини берсангиз?

Бунга жавобан мезбонлар кулишади. Сабаби, бу юртимиздан олиб келинган ковулдан тайёрланган салат экан. “Биз Ўзбекистонни ковулнинг кони деб биламиз. Унинг 100 граммини 1 АҚШ долларига сотиб оламиз”, дейишади улар.

Андижонлик ўрмончиларнинг дилидан тилига кўчгани эса шу бўлди: адирларимизда ўсадиган ковул дунёда шундай қийматга эга экан. Оёқ остидаги шундай хазинадан бехабар эканмиз-а?!

Кавар ҳақида нималар биламиз?
Ковул ўсимлигини халқимиз кавар деб ҳам атайди. Мутахассислар бу номнинг келиб чиқишини Эрондаги Дашти Кавир чўли билан боғлашади. Чунки ковул мазкур ҳудудда энг кўп учрайдиган ўсимлик ҳисобланади. У Франция, Испания, Италия, Жазоир ҳамда Кипрда, Греция ва Шимолий Америкада маданийлаштирилган. Юртимизнинг тоғ ёнбағирли ҳудудларида эса табиий ҳолда ўсади. Жумладан, Жиззах вилоятининг Зомин, ўаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов, Андижон вилоятининг Булоқбоши, Наманган вилоятининг Чуст ва Косонсой туманлари, Тошкент вилоятининг тоғолди ҳудудларида кўплаб учратиш мумкин.

Ер бағирлаб ўсадиган ушбу тиканли бута жой танламайди, сувсизликка ва совуққа чидамли. Майдан то октябрь ойигача ўсади. Дона-дона бўлиб гуллайди. Сўнгра бир уяли гўштли реза мева беради. Икки паллали ушбу мева худди тарвузга ўхшайди. Фақат митти тарвузлар...

Илдизидан баргигача шифобахш
Ковул илдизидан баргигача шифобахш. Шу боис у фармацевтика саноатида қимматбаҳо хом ашё сифатида жуда қадрланади. Меваси таркибида сапонинлар, алкалоидлар, углеводлар, аскорбин кислота, мой, илдиз пўстлоғида стахидрин алкалоиди мавжуд. Эрта баҳорда кавлаб олинган илдизи қуритилиб, аллергияга мойил беморлар учун дори тайёрланади. Гуллаш мавсумидан олдин ҳам аллергияга эм бўладиган қайнатма қилинади. Янги кесиб олинган ва чой қилиб дамланган ковул шохлари жуда яхши антисептик восита ҳисобланади. Унинг бундай хусусиятларидан араблар ва қадимги юнонлар фойдаланишган. Юртимизда эса тиб илмининг султони Ибн Сино ушбу наботот туридан кўплаб хасталикларни даволашда қўл келадиган дармондорилар тайёрлаш усулларини ёзиб қолдирган.

Қайд этилишича, ўсимликнинг илдиз қисмидан олинадиган дамлама гепатитга шифо бўлса, пояси ва барги тери касалликларига эм бўлади, меваси таркибидаги йод буқоқдан азият чекадиган инсонларга наф келтиради. Жаҳон фармацевтика саноатида мазкур тавсиялар асосида дорилар тайёрлаш кенг йўлга қўйилган.

Халқ табобатида ҳам ковулдан фойдаланиб келинган. Асосан, йирингли яраларни, шунингдек, стенокардияда, тиреотоксикоз, бавосил, қандли диабет касаллигини даволашда ҳам қўлланилган.

Ковул озиқ-овқат саноатида ҳам ишлатилади. Ҳиндулар унинг меваси қўшиб тайёрланган таомларни хуш кўриб истеъмол қилишса, француз ошхонасида маринадланган ковул гулкуртаклари жуда муҳим зиравор ҳисобланади. Ўзимизда эса илгари ковул “тарвузча”лари қуритилиб, қишда қанд ўрнида фойдаланилган.

Итальянча усулда совуқ димланган бузоқ гўшти — вителлотоннато билан бирга, албатта, таркибида ковул бўлган “тоннато” қайласи тортилиши керак. Буюк Британияда эса қўй гўшти хушхўрлигини оширишда ковул қўшилган қайноқ қайладан фойдаланилмаса, мижозларни йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас.

Эътибор ва рағбат меваси
Президентимиз ўтган йили жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Наманган вилоятига ташрифи давомида ковул етиштиришни йўлга қўйиш, унинг илмий асосларини ишлаб чиқиш, экспортга чиқариш механизмини яратиш юзасидан вазифалар белгилаб берган эди.

Шу асосда илк бор Наманганда Чуст тажрибаси сифатида ковул етиштиришга киришилди. Тадбиркорларга 5 минг гектар ер ажратиб берилди. Соҳани чуқурроқ ўрганиш, ўз навбатида, бошқаларга ўргатиш мақсадида муайян тажрибага эга мутахассислар жалб этилди. Натижада ковулчилик билан шуғулланган корхоналар фаолияти кенг кўлам касб эта бошлади. Чуст туманидаги “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти ана шундай субъектлардан биридир.

Мазкур корхона раҳбари Содиқжон Ҳасанов учун мазкур соҳа бегона эмас эди. У ковул экспортини 2009 йилда йўлга қўйганди.

— 2014 йилда БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган “Жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси”да иштирок этиб, Туркиянинг “Денамикес” ва “Денизли” фирмалари билан шартнома тузишга муваффақ бўлдик, — дейди у. — Шу йили 187 минг, 2015 йили 317 минг, 2016 йили 581 минг АҚШ долларилик ковулни экспорт қилдик. 2017 йилда эса Италиянинг “Маприком” компаниясига 242 тонна, Туркиянинг “Денашикес”, “Денизли” фирмаларига 495 тонна ковул етказиб берилди. 2017 йилда лаборатория, иссиқхона ва замонавий корхона бунёд этиш учун 2,2 гектар, ёнғоқзор ташкил қилиш учун 380 гектар, дашт ҳудудидан ковулзорлар яратиш учун 3000 гектар ер ажратиб берилгач, ишимиз юришиб кетди.

Ўтган бир йилда тадбиркор ташаббуси билан Наманган давлат университети олими Шерзод Тошпўлатов йигирмадан ортиқ тажрибалар ўтказди. Натижада ковул уруғи устидаги плёнкага ўхшаш ҳимоя қобиғини хлорид кислота билан эритиш орқали унинг донадор ва унувчанлигини таъминлаш мумкинлигини исбот қилди. Лаборатория шароитида бунга эришди ҳамда 6 килограмм ковул уруғи сепиб, ундириб олди. Айни чоғда 200 гектарга етадиган кўчатни парваришлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Даромад йилдан-йилга ортаверади
Ковулчилик — истиқболли тармоқ. Боиси, уни йўлга қўйиш ортиқча маблағ ва ресурс талаб этмайди. Деҳқончасига айтганда, беор ўсимлик. Илдизи бақувват эмасми, ўн беш йилгача яшнаб, мева бераверади.

Бу бой хусусиятларга эга ўсимликни маданийлаштириш, парваришини йўлга қўйиш мақсадида унинг агротехникаси, сир-синоатлари ҳам чуқур ўрганилаётир.

— Ковул уруғини бевосита далага экиш ёки иссиқхонада кўчатлар тайёрлаб ўтқазиш йўли билан кўпайтириш мумкин, — дейди Наманган давлат университетининг биология кафедраси мудири Шерзод Тошпўлатов. — Биринчиси оддий, уруғи тупроққа қадалади. Кейинги йўл эса иссиқхонада амалга оширилади. Аниқроғи, плёнка тувакчаларда кўчатлар тайёрланади ва ерга ўтқазилади. Қурғоқчилик кучли, қумли ерларга март-апрель ойларида экилади. Уруғидан кўпайтирилганда эса очиқ тупроққа сочилади. Парвариши ҳам оддий, вақтида чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади. Қурғоқчилик кучайган вақтда суғорилади, холос.

Келинг, энди ковул етиштириш истиқболларини оддий ҳисоб-китоб қилишга уриниб кўрамиз.

— Ковул ўсимлиги уч йилда ҳосилга киради, — дейдитадбиркор С. Ҳасанов. — Бир гектар ерга 1600 туп кўчат жойлаштириш мумкин. Аҳамиятлиси шундаки, ковул ёз бўйи куртак ёзади. Ҳали очилмаган, 10 миллиметрдан катта бўлмаган, думалоқ, қаттиқ куртаклари энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади. Улар 8-10 кун оралиғида фақат қўлда териб олинади. Шу боис у жаҳон бозорида қиммат нархларда сотилади. Ўсимликнинг яхши ривожланган бир тупидан ҳар теримда 3 килограммгача ҳосил олинади. Мавсум якунида бу кўрсаткич ўртача 7,5 килограммни, гектарига чақилганда 12 тоннани ташкил этади. Жаҳон бозорида бир килограмми 1,5 АҚШ долларидан бошланишини инобатга олсак, шунда бир йиллик умумий даромад ўртача 18 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Бу кўрсаткич кейинги йилларда ортиб бораверади.

Бу ҳисоб-китоб хом мевага асосланган. Ҳолбуки, унинг қайта ишлангани баҳоси бундан-да юқори бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўрни ва аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йилгидек сув танқислиги сезилаётган йилларда қурғоқчиликка чидамли ана шундай экинлар қўриғини очиш ҳар жиҳатдан фойдалидир.

Дарвоқе, ўсимликнинг гули нектарга бой бўлиб, болариларни ўзига мафтун этади. Демак, ковулчиликнинг ривожлантирилиши яна бир неча тармоқлар истиқболига, кўплаб янги иш ўринлари очилиши, қўшимча даромад манбаи яратилишига кенг йўл беради.

Намоз БОТИРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар