Косонсойда рақамли технологиялар маркази очилди

13:47 30 Октябр 2019 Жамият
459 0

Намуна қишлоғи ҳудудидаги телефон станцияси биноси негизида ташкил этилган марказс ўнгги нусхадаги 12 та компьютер мажмуаси, стол-стул ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозланган. Бу ерга тортилган шиша толали тармоқ юқори тезликдаги сифатли интернет алоқасини таъминлаб беради. Махсус хонадаги монитор ва бошқа воситалар ёрдамида Тошкент ахборот технологиялари университети билан видеоконференция ўтказиш имконияти яратилган.

- Марказга ТАТУ битирувчиси Улуғбек Баҳромовни ишга таклиф қилдик, -дейди “Ўзбектелеком“ АКнинг Косонсой туман телекоммуникация боғламаси бошлиғи Зокиржон Қаландаров. – У айни пайтда 28 нафар ўқувчи-ёшларни компьютер сабоқларидан баҳраманд қилаётир.

Янги марказда Фарғона водийси телекоммуникация тизими ходимлари малакасини ошириш курслари ҳам иш олиб боради. Уларни ўқитиш учун пойтахтдан ўқитувчилар ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг бошида Наманган шаҳрида ҳам рақамли технологиялар маркази иш бошлаган эди. Яқин вақт ичида бундай марказлар барча туманларда фаолият юритади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?