Коррупциянинг юқори даражада бўлишига асосий сабаб нима?

16:26 06 Июль 2020 Сиёсат
220 0

Бугунги кунда дунё миқёсида коррупцияга қарши курашиш, жамиятда коррупцияни жиловлаш, инсон онгида бу зарарли иллатга нисбатан иммунитет шакллантириш, уни инсон ҳаётидан батамом чиқариб ташлаш юзасидан дунёда ҳар бир мамлакатнинг ўз тажрибаси ва механизмлари мавжуд. 2020 йилда эълон қилинган коррупцияга қарши курашиш рейтингида Дания, Янги Зеландия, Финляндия, Цингапур ва Швеция каби давлатлар пешқадамлик қилмоқда. Ушбу мамлакатларда бу иллатнинг илдизини батамом қуритиш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилган ҳолда, уларнинг тажрибаси бутун жаҳон миқёсида кенг қўлланилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Финляндия тажрибасида асосий эътибор оммавий ахборот воситаларининг мутлақ эркинлиги, иқтисодий сектор фаолиятига давлат аралашувининг иштироки минимал даражада, мансабдор шахслар томонидан қарор қабул қилиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг очиқлиги ва шаффофлиги, адлия тизимининг ижро этувчи ҳокимиятидан сиёсий, молиявий ва кадрларга оид мустақил қарор қабул қила олиши, коррупцияга қарши курашишда ваколатли органларга ёрдам берган шахслар ишончли ҳимоя қилиш кафолатларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу соҳада адлия канцлери ва парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарига кенг ваколатлар берилган.

Сингапур тажрибаси мисолида қарасак, 1965 йилда давлат эндигина мустақилликка эришган пайтда коррупцияга мойиллик юқори бўлган. Мамлакатда коррупцияга қарши курашишда энг аввал мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини тартибга солиш, бюрократик тартибларни соддалаштириш, шахсни коррупцион ҳаракатларга ундаш имкониятини яратадиган шароитларни камайтириш чоралари кўрилиб, фуқаролар коррупцион ҳолатлар устидан давлат идорасига шикоят қилишлари ва етказилган зарарларни қоплатиш учун ҳудудларда Коррупцияга қарши курашиш бюроси ташкил қилинган.

Аксарият халқаро экспертлар коррупциянинг юқори даражада бўлишининг асосий сабаби сиёсий институтларнинг тўлақонли ишламаслиги, ички ва ташқи қарор қабул қилишда сунъий тўсиқларни вужудга келтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражаси пастлиги, жамиятда фуқароларнинг давлат устидан назорати талаб даражасида эмаслигига боғлиқ, деган хулосага келмоқдалар.

Жорий йилнинг 29 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга самарали қарши курашиш борасида муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунадиган ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган — Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Ушбу орган коррупцияга қарши муросасиз курашиш, унинг оқибатлари, келиб чиқиш омилларини бартараф этиш борасида ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатларни мувофиқлаштириб боради.

Бундан ташқари, Агентлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга масъул этиб белгиланди.

Фармонда белгиланган вазифаларнинг ҳаётимизга кенг татбиқ этилиши давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишда муҳим омил бўлади.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?