Коррупцияга қарши муросасиз курашиш ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайди

15:56 19 Май 2018 Жамият
415 0
Фото: news.bg

Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикасида коррупция билан боғлиқ қўзғатилган ва судга оширилган жиноий ишлар сони аввалги йилдагига нисбатан 39,5 фоиз камайган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Нукус шаҳрида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий идоралараро комиссияси раҳбарининг ўз фаолияти юзасидан ахборотини эшитиш ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг ижро этилишини ўрганиш натижаларини муҳокама этишга бағишланган сайёр мажлисда маълум қилинди.

Мажлисда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар қандай соҳадаги ислоҳотларга тўсиқ бўладиган иллат — коррупция билан муросасиз курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан ўтган давр мобайнида ҳудудда уюшган жиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг самарали чораларини кўриш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг ҳамда иқтисодиётга зарар етказилишининг олдини олиш, бошқарув ва ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг коррупциялашган жиноятларини фош этиш, порахўрлик ҳамда мансаб суиистеъмолликларига қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Айни пайтда Комиссиянинг тегишли идоралар билан олиб борган амалий ишлари натижасида 2017 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида коррупция билан боғлиқ қўзғатилган ва судга оширилган жиноий ишлар сони ўтган йилдагига нисбатан 39,5 фоиз камайган.

Тергов қилинган жиноят ишлари якуни бўйича тегишли идораларга тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда. Жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида давлат ҳамда жамият манфаатларига етказилган 8,4 миллиард сўмлик зарар ундирилиши таъминланган.

Қорақалпоғистон Республикаси идоралараро комиссияси томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан 6 мингдан ортиқ учрашувлар, семинар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилган. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш, бартараф этиш бўйича оммавий ахборот воситалари орқали 920 дан ортиқ чиқишлар қилинган.

Шу билан бирга, муҳокамаларда бир қатор мутасадди идоралар ҳамда ташкилотлар томонидан Қонунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани таъкидланди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари юзасидан давлат органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ташкилотлар билан ижтимоий шериклик механизмларидан кенг фойдаланилмаган. Комиссия аъзолари ҳам мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солмаган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси томонидан ижтимоий таъминот, аҳоли учун адолатли шарт-шароитларни ва тенг имкониятларни яратиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликка қаратилган идоравий коррупцияга қарши комплекс чора-тадбирлар ижроси лозим даражада таъминланмаган. Шунингдек, айрим Комиссия аъзолари томонидан ижтимоий сўровлар ҳамда тадқиқотлар ўтказиш орқали коррупциявий хавфларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилмаган.

Сайёр мажлисда коррупцияга қарши кураш самарадорлигини янада оширишга халақит бераётган шу каби қатор камчиликларни бартараф қилиш чоралари белгилаб олинди.

Мажлис якуни бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар