Коронавирусни даволашда тавсия этилган дориларни бирваракайига қўллаш мумкинми?

16:47 21 Октябр 2020 Жамият
208 0

Ҳозирда коронавирусга чалиниб, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмай, бошқа беморлар ёки мутахассис бўлмаган кишилар берган тавсияларга кўра даволаниш оқибатида уларнинг аҳволи салбий томонга ўзгармоқда. Уй шароитида даволаниш жараёнида беморларда туғиладиган энг муҳим саволларга Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров жавоб беради.

— Нега “COVID-19” билан касалланганларни даволаш бўйича кўрсатмалар, тавсия этилаётган дори-дармонларнинг турлари ўзгариб турибди?

— Айни пайтда мамлакатимизда “COVID-19” билан касалланганларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларининг еттинчи нашри амал қилмоқда. Бундан олдин даво муолажаларининг олтита нашри эълон қилинган эди. Вақт ўтиши, вируснинг мутацияга учраши ҳамда унинг ўзини намоён этиши эволюцияга учрамоқда, бунинг натижасида эса, даволаш стандартлари ҳам ўзгариб бормоқда. Масалан, олдинги нашрга биноан енгил ва ўрта оғир даражадаги беморларга тавсия қилинган дорилар ҳозирда бутун дунёда бўлгани каби бизда ҳам мутахассислар фикри инобатга олиниб, махсус кўрсатмага биноан айрим беморларгагина бериладиган бўлди.

Вируснинг ҳар бир минтақа, ҳар бир иқлимда ўзига xос мутацияга учраш ҳолати кузатилмоқда. Буюк Британия ёки АҚШнинг иқлим шароити бизникидан тубдан фарқ қилгани учун уларнинг тавсиялари доим ҳам бизга мос келавермайди. Шунингдек, ҳозирда беморларга вирусга қарши «Фавипиравир» препарати тавсия этилмоқда. «Фавипиравир» («Авиган») дори воситаси Африкадаги Эбола вирусига қарши ўзининг ижобий таъсирини кўрсатган. Шу боис вирусга қарши самародорлиги исботланган «Фавипиравир»ни коронавируснинг енгил даражаларида фақат шифокор тавсияси асосида қабул қилиш ҳам мумкин.

— Одамлар орасида коронавирусдан уй шароитида даволанаётганда исириқ тутатиш фойдали экани, беморнинг тез-тез оғиз-бурнини тузли, сиркали сув билан чайиб туриши вирусни зарарсизлантириши ҳақида гап-сўзлар юрибди, шу тўғрими?

— Коронавируснинг заҳарли таъсирини камайтириш учун доимий равишда илиқ сув билан оғиз бурун бўшлиғини намлантириб туриш фойда беради. Бунда сувга оз миқдорда туз ҳам солиш зарар қилмайди. Аммо сиркадан фойдаланиш хавфли. Тоза ҳолатдаги сирка билан бурун ва оғиз бўшлиғини чайиш, унинг шиллиқ қаватини шикастланишига сабаб бўлади. Бу эса, шиллиқ қаватдаги вирус ва инфекцияларни ушлаб қолиш жараёнининг сустлашиши ва бутунлай тўхташига олиб келади. Натижада вирусли касалликларни тез ва осон юқтириб олиш ҳолати рўй беради. Бу эса вируснинг тўғридан тўғри ўпкага ўтиб, уни кўпроқ зарарлашига сабаб бўлади. Исириқнинг эса коронавирусга қарши самараси илмий жиҳатдан исботланмаган. Аммо фойдаланиш зарар қилмайди.

— Коронавирус билан касалланганларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларининг еттинчи нашрида кўрсатилган «Дексаметазон», «Клексан», «Фленокс», «Сефазолин», «Гидроксихлорохин» препаратларини уй шароитида бир вақтнинг ўзида қабул қилиш мумкинми?

— Қатъий тақиқланади. Айни пайтда бу мавзуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Афсуски, кўпчилик шу касалликни бошдан ўтказган беморлар ва уларнинг яқинлари тавсиясига сабаб турли дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланмоқда. Бу эса, уларнинг аҳволининг яхшиланиши эмас, ёмонлашишига сабаб бўляпти. Шунингдек, юқорида айтилган дори воситаларининг кўпчилигини уй шароитида қўллаш мумкин эмас. Шу боис ҳам, аввало, уй шароитида даволанишни бошлашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?