Коронавирус — жиловланмаган офат

18:39 28 Май 2020 Иқтисодиёт
574 0

Архив сурат

У дунё иқтисодиётига қай даражада таъсир ўтказмоқда?

Уни инсон кўзи билан кўриш имконсиз. Ҳажми ва массаси энг митти заррага тенг. Бироқ туғдираётган хавфи, келтираётган мусибату талафотлари кўлами глобал.

ХХI асрнинг 20-йили инсониятни ана шундай кўринмас ёвга рўбарў қилди. “COVID-19” деб атаганимиз бу балои офат нафақат иммунитетимиз, балки иродамиз, сабр-матонатимиз ва ҳатто тафаккуримизни ҳам синовдан ўтказмоқда.

Ҳамма бирдай оёққа турди

Экологик ҳалокат, иқлим ўзгаришлари, қашшоқлик, чучук сув танқислиги, захиралар камайиши каби глобал муаммолар ҳар йили БМТ минбарларидан туриб айтилади. Уларга қарши чора-тадбирларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш зарурлиги хусусида бонг урилади. Аммо негадир саъй-ҳаракатлар, кучлар етарли даражада бирлашмайди. Дунё мамлакатлари бирдай оёққа турмайди.

Бироқ бу гал ундай бўлмади. Ҳатто олис сайёраларни ҳам забт этаётган одам боласининг ақл-идроки заррадай инфекцияни жиловлашга ожизлик қилди. Ҳозир жаҳон “тождор” вирусдан фақат бир чора — ундан ҳимояланиш билан кифояланмоқда. Бу хавфли хасталикни масофа сақлаш, ўзимизни яккалаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш билан даф қилишимиз мумкинлигини англадик.

Ҳозир коронавирус кириб борган ҳеч бир давлатга осон тутиб бўлмайди. Аввало, аҳолининг жонини омон сақлаб қолиш зарур. Бу карантин қоидаларини жорий қилиш, дегани. Яъни кўплаб ташкилоту идоралар, корхонаю муассасалар фаолиятини вақтинча тўхтатиш тақозо этилади. Айтайлик, даромадининг катта қисми сайёҳлик соҳаси улушига тўғри келадиган мамлакатлар пандемия оқибатида қанчалик танг вазиятга тушиб қолди экан? Йирик-йирик заводлар ишлаб чиқаришни тақа-тақ тўхтатгани ҳисобига бундан тадбиркорлар ҳам, аҳоли ҳам, давлат ҳам қанчалик зиён кўраётганини тасаввур қилишнинг ўзи оғир. Иккинчидан, касалликка чалинганларни даволаш, инфекция юқтирганликда гумон қилинганларни 3-4 маҳал озиқ-­овқат, тиббий назорат, алоҳида изоляцияланган тураржой билан таъминлаш катта сарф-харажатларни талаб ­этади.

Шу боис пандемия шароитида ҳар бир мамлакат ўз ички имконияти, салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда тегишли чора-тадбирларни белгилаяпти. ­Коронавирусга қарши курашишда ­давлатларнинг бажараётган вазифаларига қараб уларни қиёсан уч гуруҳга ажратиш мумкин.

Биринчи гуруҳга қатъий карантин чораларини татбиқ этган мамлакатлар мансуб. Аввало, Хитой, кейинроқ Ўзбекистон ва бошқа қатор давлатлар шу йўлдан боришди.

Иккинчи гуруҳга Япония, Бразилия каби айрим давлатлар тажрибасини мисол қилиб келтирса бўлади. Улар карантин чораларини ихтиёрий равишда, масофани сақлаган ҳолда жорий этишди.

Учинчи гуруҳга Швеция ва Беларусь каби давлатларни киритса бўлади. Мазкур ҳудудларда карантин чоралари умуман жорий этилмади. Фақат аҳолига коронавирусга чалинмасликнинг олдини олиш ёки касалланганда уни қандай муолажа қилиш бўйича тавсиялар берилди, холос. Албатта, ҳар бир ёндашувнинг ўзига хос ютуқ ва камчиликлари мавжуд. Бунга қуйидаги таҳлилларимиз орқали жавоб ­топасиз.

Чексиз коинотда майда заррамиз

Коронавируснинг салбий таъсири деярли ҳеч бир соҳани четлаб ўтгани йўқ. Айниқса, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати негизида жиддий муаммо ва ташвишлар юзага келаётир. Ҳатто пандемия асоратлари дунёнинг психологик қиёфасини ҳам ўзгартириб юборгани рост.

Нима учун? Чунки инсоният коронавирус каби бундай катта офатга тайёр эмасди. Тўғри, тарихда қанчадан-қанча жангу жадаллар, жаҳон урушлари, 50 миллионлаб кишиларнинг умрига зомин бўлган ўлатлар одам боласини анча тоблаган. Лекин ҳозиргидай тараққиёт асрида қандайдир бир нотаниш инфекция бутун борлиқ олдида инсон жуда кичик ва айни дамда ожиз жонзотлигини барчамизга яна бир карра эслатиб қўйди. Оқибатда ҳимояланишга мажбур бўлдик.

Бундай вазиятда энг оғир юк ­давлат раҳбарлари гарданига тушди. ­Фуқаролар уйда ўтириб, касаллик қачон даф бўлишини кутиши мумкин, лекин давлат раҳбарлари бундай йўл тута олишмайди. Негаки, улар миллионлаб инсонлар ҳаётига бевосита жавобгар. Шундай экан, ўз ҳаётини ҳам эҳтиётлаш баробарида, мамлакатни мушкул вазиятдан эсон-омон олиб чиқиш ҳақида кечаю кундуз жон койитишади. Пандемия шароитида давлат ­раҳбарлари олдида бир савол кўндаланг бўлди: аввал одамларни қутқариш керакми ёки иқтисодиётни?

100 йил аввал топилган жавоб

Иқтисодиётнинг ўз қонуниятлари бор. Унга риоя этиш муваффақиятни кафолатлайди. Баъзан эса бу соҳа ­таваккалчиликларни ҳам маъқуллайди. Энг тўғри натижани эса вақт ­кўрсатади.

Мана, аксарият давлатлар коронавирусга қарши курашда карантин қоидаларини жорий этиб, бунинг иқтисодиётга етказадиган катта зарарига қўл силташяпти. Ўз навбатида, бизнесни “сунъий кома” ҳолатига тушириб, карантин эълон қилишга шош­маётганлар ҳам бор.

Хўш, аслида қай бири тўғри? Аввал иқтисодиётни қутқариш керакми ёки одамларни?

Бир гуруҳ америкалик олимлар бу саволга жавоб излаш учун юз йил аввалги воқеликларга мурожаат қилишди. Аниқланишича, ҳозирги тотал карантин инсоният учун янгилик эмас. Бир аср аввал ҳам одамлар худди шундай вазиятга тушишган. Биринчи жаҳон урушидан кейин “испан гриппи” номини олган пандемия 50 миллион кишини ҳаётдан олиб кетган. Ўшанда Ер юзидаги ҳар учинчи одамдан бири бу инфекцияни юқтириб олган ва ҳар ўнинчи одамдан бири қурбон бўлган.

Юз йил аввалги офат туфайли ҳам одамлар уйдан чиқмасликка даъват этилган. Ниқоб тақиш мажбурий қоида тусини олган. Завод ва фабрикалар ўз ишини тўхтатган.

Аввалига ҳамма учун қийин бўлган. Лекин ўзаро мулоқотларни чеклаган, шахсий гигиенага қатъий амал қилишни талаб этиб, одамлар саломатлигини сақлаб қолишга алоҳида эътибор берган давлатлар тезроқ оёққа турган.

АҚШ Марказий банки ҳамда Массачусетс технология институти иқтисодчилари ҳамкорликда ўтказган суриштирув натижалари ҳам шуни тасдиқлайди. Уларнинг хулосасига кўра, кескин чоралар кўриб касаллик тар­қалишининг олдини олган шаҳарлар эпидемия вақтида зарар кўрган бўлса-да, кейинчалик улар қолганлардан жадалроқ ўсишга эришдилар.

Яна бир қизиқарли факт: карантин чоралари ўлимлар сонини ­қисқартириш баробарида, пандемия келтирган иқтисодий зарарнинг ­олдини ҳам олган.

Ҳар ўтган кун ғанимат

1918 йилги “испан гриппи” АҚШда Шарқдан ўарбга қараб тарқалади. Инфекция икки тўлқинда ривожланади. Баҳоргиси қўрқинчли, қишкиси эса ундан ҳам даҳшатли кўриниш олади... АҚШ ғарбидаги Сиэтл, Лос-Анжелес шаҳарлари вирус энг охирги бўлиб кириб борган шаҳарлардир.

Ўшанда худди ҳозирги сингари зарур чоралар кўрилади: мактаблар, театрлар, черковлар ёпилади. Жамоат жойларида тўпланиб туриш тақиқланади. Жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилади. Дафн маросимлари тор доирада ўтказилиши белгилаб қўйилади. Ўзини иҳоталаш тизими жорий этилиб, ижтимоий масофа сақлаш мажбурий тартибга айланади. Қолаверса, ниқоб тақиш ва қўлни тез-тез ювиш ҳам “тренд”да бўлган.

Америкалик иқтисодчилар тадқиқотлари орқали яна бир ҳақиқат юзага чиқди. Яъни 1918 йили мамлакат шаҳарларида карантин эълон қилиш билан боғлиқ ҳар бир кун кейинчалик иқтисодий кўрсаткичларга таъсир этган. Масалан, 10 кун аввал карантин жорий қилган штатлар пандемиядан сўнг бошқа ҳудудларга нисбатан 5 фоиз кўпроқ иш ўрни ярата олган. Чеклов муддатини 50 кунга узайтирганлар кўрсаткичлари эса бундан ҳам аъло — 6,5 фоиз зиёд иш ўринлари!..

Айни шу хулосалар коронавирус пандемияси даврида ўарб давлатлари раҳбарларини карантин чораларини кучайтиришга ундамоқда. Мазкур жараёнда асосий урғу одамларни қутқариб қолишга қаратиляпти. Зеро, одамлар ҳаётини қутқариб қолиш ­пировард натижада иқтисодиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунга қарамай, ҳозир карантин чекловларини жорий этишга шошил­маётган мамлакатлар ҳам бор. Улар — бизнеснинг тўхтаб қолмаслиги тарафдорлари. Масалан, Дональд Трамп аввалига жуда хотиржам эди. “Одамлар коронавирусдан кўра автоҳалокатдан кўпроқ ўлишади, аммо биз бунинг учун автомобиль ишлаб чиқаришни тақиқламаяпмиз-ку?”, деганди у ўшанда.

Аммо Оқ уй раҳбари тезда фикрини ўзгартириб, чекловлар зарурлиги ҳақида гапира бошлади. Бироқ тиллога тенг фурсатлар йўқотилди. Оқибати эса маълум. АҚШ айни дамда вирус тарқалиши бўйича дунёда етакчи. Агар керакли чоралар кўрилмаса, “тождор” офат бу ерда 2 миллионгача одамнинг умрига зомин бўлиши мумкин.

Бразилия Президенти Жаир Болсонару ҳам шундай йўл тутди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига намойишкорона қарши чиқавергач, “Твиттер” ва “Инстаграм” унинг саҳифаларини блоклаб қўйди. Худди шундай, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний коронавирус таҳликаси бошланган вақтда уни “душманларининг ҳужуми” деб атаб, одамларни ишга чиқаверишга ундаганди.

Коронавирусни писанд қилмасликда Беларусь Президенти Александр Лукашенкога етадигани йўқ. У мамлакатда ҳеч қандай чеклов жорий қилмади. Футбол ва хоккей бўйича чемпионатларни тўхтатмади. Ҳатто бир гал хоккей ўйинида қатнашиб, беписандларча шундай деди: “Қани, муз майдонида бирорта вирус учиб юрганини кўрдингизми? Мен ҳам кўрмадим. Вирусга қарши энг яхши восита — муз. Тиз чўкиб яшагандан тик туриб ўлган яхши”.

Карантиннинг ҳам зиёни, ҳам фойдаси бор

Карантиннинг мамлакатлар иқтисодиётига зарари бениҳоя катта. Шу билан бирга, фойдаси ҳам йўқ эмас!

Аввал ёмонидан бошласак.

Жаҳон иқтисодиётининг пойдевори нима? Фаол ҳаёт тарзи! Одамлар рес­торану барлар, спорт залларию клубларга нима учун боришади? Чиройли либослар кийишдан, ҳашамдор машиналар сотиб олишдан муддао не? Албатта, аввало, кўз-кўз қилиш учун. Карантин эса одамларни уйда ўтиришга мажбур қилди. Табиийки, нофаол ҳаёт тарзида кимгадир кўз-кўз бўлиш имконсиз. Бундан ташқари, карантин вақтида ҳамма ишчи кучи уйда, ишлаб чиқариш ва савдо деярли тўхтайди.

Оқибатда тадбиркорлик ривожланишида ҳам узилиш юзага келади. Банкротлик кўпайиб, корхоналар ёпилади, одамларнинг тирикчилигига путур етади. Буларнинг барчаси йиғилиб банклар фаолиятига таъсир кўрсатади. Жумладан, қарздорлик кўпайиб, кредитлар вақтида ёпилмайди, банкларнинг ликвидлик даражаси тушиб кетиши натижасида кредит беришда қийналиб қолишади. Кредитсиз эса бизнес бўлмайди.

Хўш, карантиннинг фойдаси ­қандай?

Гап шундаки, бундай чекловлар одамларни нафақат турли касалликлар ва уларнинг асоратларидан, балки катта иқтисодий зарарлардан ҳам сақлайди. Албатта, бунинг натижаси бир кундаёқ юзага чиқмас. Лекин вақт ўтиши билан бунинг самараси кўзга ташлана бошлайди.

Яна бир қизиқарли факт: карантин даврида одамлар пулларини эҳтиётлаб харжлашга одатланишади. Мебель, машина сотиб олиш, концерту томошаларга бориш, денгиз соҳилларида дам олиш каби орзу-ҳаваслар иккинчи даражали масалага айланади. Касаллик даф бўлиб, омон-замонлар бошлангач эса бундай нарсаларга эҳтиёж шу қадар узоқ вақт юқори бўлиб турадики, пировардида ўша соҳалар гуруллаб ривожланиб кетади.

Тўғри-да, 2-3 ой уйда ўтирган одам ўзини ресторанларга уради, машина ишқибозлари янги-янги автомобиллар сотиб олишади. Саёҳатни соғинганлар аэропортларга ошиқишади. Қарабсизки, карантиндан сўнг бу соҳалар бир неча йил ичида ўз қаддини тиклаб ­олади.

Ҳозир коронавирус келтирадиган зарар миқдорини аниқ айтиш мушкул. Чунки у қачон ҳаётимиздан буткул чиқиб кетишини билмаймиз. Маълумотларга кўра, 1918 йили “испан гриппи” АҚШда ишлаб чиқариш ҳажми 18 фоиз камайишига сабаб бўлган экан. Америкалик олимлар агар карантин бўлмаганида, аҳвол бунданам ёмон бўлиши мумкин эди, деб ҳисоблашади.

Ҳар ҳолда коронавируснинг асоратлари у қадар катталашиб кетмаса керак. Бунинг учун, масалан, АҚШ ўзи аксилинқироз режаси учун 2,2 триллион доллар пул ажратди. Германия тадбиркорларга 500 миллиард евро кредит берди. Бутун дунёда авиакомпанияларга ҳукуматлар томонидан ёрдам кўрсатилмоқда.

Кутилмаганда содир бўлган бундай инқирозлар, биринчи навбатда, кескин муносабатларни келтириб чиқариши табиий. Бироқ дунёнинг кўплаб минтақаларида можаролар давом ­этаётган, ўарб ўз муаммоларини ўзи ҳал этишга қийналаётган бир даврда тарқалган COVID-19 дунё тарихида янги саҳифаларни очиши мумкин.

Совуқ урушдан сўнг глобаллашув ва кўп қутблилик мунозаралари кун тартибига кўтарилган бўлса, коронавирус кутилмаганда айни шу глобаллашув жараёнларини карантин остига олди ва шу тариқа унинг олға силжишини сўроқ остига қўйди.

Қолаверса, АҚШнинг ушбу эпи­демияга қарши курашдаги ҳолати ҳокимиятнинг гегемоник тенденцияси ва қиёфасига путур етказди. Шу ­билан бир қаторда, янги дунё тартиботи ҳимоячиларининг ҳам ўз “насиба”ларини олишга мажбур қилди.

Қолаверса, Хитойнинг эпидемияга қарши курашдаги тутуми дунёдаги ­муаммолар ечим топмайди, балки ­турланиб-тусланиб ўзгаришда давом этаверади, деган хавотирни кучайтирмоқда.

Коронавируснинг жаҳон тизимидаги илк сиёсий қиёфаси давлатлар дуч келадиган қийинчиликлар, уларнинг муносабати ва олинган натижалар орқали “чизилиши” мумкин.

Пандемия рақамли дунёнинг ривожланиши ва виртуал муҳитдаги харидларга кенг йўл очса, ажаб эмас. Бинобарин, “тождор” вируснинг иқтисодий оқибатлари, шунингдек, нефть қазиб олиш ҳамда нархлар борасидаги тортишувлар ушбу соҳаларда ­Хитойга бир қатор афзалликларни ­тақдим этиши ҳақиқатга яқинроқ.

Жараённинг ҳали кун тартибига кўтарилмаган яна бир масаласи бор. Бу халқларнинг бошқарув жараёнида янада кўпроқ иштирок этишга хоҳиши ортишида намоён бўлиши мумкин. ­Зотан, карантин шароитида ҳукумат қарор ва чора-тадбирларини ўзгартиришда жамоатчилик фикри ҳамда ­талаби муҳим аҳамият касб этганига кўп гувоҳ бўлдик.

Жаҳон инқирозга тайёрми?

Эпидемия нафақат одамлар соғлиғи ва яшаш тарзига, балки давлат бош­қаруви тизимига ҳам жиддий таъсир ўтказмоқда.

Маълумки, давлат ва фуқаро муносабатларидаги барқарорлик ҳар икки томон учун ҳам муҳим. Фуқаролар ўз иқтисодий фаолияти натижаси ўлароқ давлатга солиқ тўлайдилар. Зотан, ижтимоий фаолият издан чиқмаслиги учун бу керак. Давлат эса ушбу жараённинг тўғри йўлда давом этиши учун макро жараёнлар (ишлаб чиқариш, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш)ни яхши мувофиқлаштириши лозим.

Ҳозирги пандемия шароитида ресурсларни аҳолига қай тарзда тақсимлаш муаммоси мамлакатлар олдида турган энг асосий масалалардан бирига айланган. Шу боис ҳам март ойи бошида давлатлар катта миқёсдаги “қутқарув пакетлари”ни эълон қилишди. Шу аснода улар глобал эпидемия оқибату асоратларини юмшатмоқчи. Бу ҳолат давлатларнинг инқирозга тайёр эмаслигини ифодалайди.

Аммо мазкур эпидемиянинг жамият, иқтисодиёт, сиёсат ва геосиёсатга таъсири узоқ муддатли бўлади. Ушбу таъсирлар турли мамлакатларда турлича намоён бўлиши табиий. Бироқ мамлакатларнинг институционал тузилмалари ва маданий динамикаси бу жараён йўналишини белгилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мазкур жараёнда капиталистик ва либерал давлатлар инқирозни ўз қобиғига қамалиш йўли билан эмас, балки дунёга очилиш билан ҳал этиши мумкин. Чунки ушбу улкан муаммони ҳал қилиш учун ички ресурслар етарли бўлмаслиги кундай равшан. Шу тариқа асосий динамика ҳамкорликка эътибор берадиган ­сиёсат томон силжийди.

Давлат қандай йўл тутиши керак?

Ҳозир одамларнинг ижтимоий ёрдамга эҳтиёжи ҳар қачонгидан кучли. Бунда ҳукумат зиммасига фуқаролик институтини имкон қадар мус­таҳкамлаш вазифаси тушади. Ана шундай шароитда давлат фақат иқтисодий тақсимлаш механизмларини татбиқ қилиш билан кифояланиб қолмаслиги керак. Жамиятни бирлаштириш усуллари ҳам амалга татбиқ этилиши лозим. Бундан ташқари, давлат янги даврга мос келувчи ислоҳотларга таяниш билан бир қаторда, глобал сиёсатга уйғун қадам ташлаши керак.

Бу борада мамлакатимизда ­Президентимиз ташаббуси билан ­“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари иш бошлаганига бир ойдан ошди. Натижада минглаб оилаларнинг мушкули осон бўлди. Шаҳар ва туманлар марказларига тушаётган мурожаатлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳеч бир оила эътибордан четда қолаётгани йўқ. Саховатдан барча баҳраманд бўляпти. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида барча соҳа вакиллари, жумладан, ­зиёлилар қатлами баҳоли қудрат ­муҳтожларга ёрдам қўлини чўзмоқда.

Чиқарадиган умумий хулосамиз шундай: бундай кутилмаган инқирозларнинг узил-кесил олдини олиш имконсиз. Аммо уларни бошқариш мумкин. Бунга қодир бўлганлар эса дунёдаги ўзгариш ва эврилишларга энг кўп ҳисса қўшувчиларга айланадилар. Ўзбекистон ҳам ана шундай мамлакатлар сафига қўшилишидан умидвормиз!

Бекдавлат АЛИЕВ,

фалсафа фанлари доктори,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?