Коронавирус: Руҳий саломатлик, асабларни қандай асраймиз?

05:06 23 Май 2020 Дунё
269 0

Коронавирус дунёни ноаниқлик гирдобига ташлади. Пандемия ҳақида тўхтамай келаётган янгиликлар ҳар кимни толиқтириши мумкин.

Руҳий саломатлиги яхши бўлмаганлар учун бу ёмон хабар. Руҳий саломатликни қандай қилиб асраш мумкин? BBC шу ва бошқа муҳим саволларга жавоб қайтарди:

Янгиликлардан хавотирга тушишни тушунса бўлади, аммо руҳий носоғлом одамлар учун бу вазият кескинлашди деганидир.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус тарқаши баробарида руҳий саломатликни асрашга доир чиқарган тавсияномаси ижтимоий тармоқларда хуш қаршиланди.

Anxiety UK хайрия ташкилотидан Ники Лидбеттернинг айтишича, назоратни қўлдан бериш ва бунинг устига ноаниқликдан қўрқиш аксарият тез хавотирга бериладиганлар учун айни вазият ўта бир мушкул ҳолатдир.

"Тез хавотирга бериладиганлар асосан ноаниқликдан азият чекишади, яъни нимадир содир бўлишини кутишдан. Коранавирус ана шундай ноаниқликларнинг энг каттасидир", дейди Mind хайрия ташкилотидан Рози Везерли.

Хўп, унда қандай қилиб ўз руҳий саломатлигимизни ҳимоя қилсак бўлади?

Янгиликлардан эҳтиёт бўлинг, уларни танлаб ўқинг

Ник Англияда яшайди ва у коронавирус ҳақида жуда кўп янгилик ўқиди. Натижада ваҳима хуружига учради.

У шундоқ ҳам тез хавотирланишдан азият чекади.

"Мен хавотирланган пайтимда хаёлларим бири бирига уланади ва албатта ҳалокатли оқибатлар ҳақида ўйлай бошлайман".

Ник ота-онаси ва бошқа кексалардан хавотирда...

"Мен одатда хавотирга тушсам...Ўша мавзу ва ёки ўша жойни тарк этаман. Аммо бу вирус менинг назоратим остида эмас".

Аммо у янгиликлар веб-саҳифаларидан ва ижтимоий тармоқлардан узоқ танаффус қилди.

Натижада хавотирлари бир қадар ариди.

Шунингдек, руҳий саломатлик билан боғлиқ хайрия ташкилотларидан ёрдам олди.

Сизни мамнун қилмайдиган нарсаларни ўқиш ва кўришни чекланг. Балки янгиликларни куннинг фақат бир вақтида текширинг

Атроф тўла ёлғон ёки нотўғри хабар... Янгиликлари текширилган ва ишончли манбалардан бошқасига эътибор берманг.

Ижтимоий тармоқлардан узоқроқ туринг, чатлардан танаффус қилинг

Алисон 24 ёшда, у Манчестерда яшайди. Унда ҳам тез хавотирга тутиш ҳолати мавжуд ва доим шу масала ҳақида кўпроқ ахборот олишга ҳаракат қилади. Айни пайтда ижтимоий тармоқлар унинг вазиятини яна ҳам ёмонлаштириши мумкинлигини яхши билади.

"Бир ой аввал мен ҳештеглар ортидан қувардим ва конспирация борасида аҳмоқона нарсаларни ўқиб, ростакамига хафа бўлардим, умидсизликка тушар ва йиғлардим".

Эндиликда у саҳифаларни саралайди ва коронавирус ҳақида ҳештегларни очмайди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардан узоқроқ бўлиш, ўрнига ТВ кўриш ёки китоб ўқишга ҳаракат қилади.
Қўшимча масҳатлар:

— Twitter'даги айрим сўзларни ёпиб қўйинг, баъзи саҳифалардан танаффус қилинг

— WhatsApp гуруҳларни ҳам "ўчириб" қўйинг, Facebook даги ўзингизга оғирлик қиладиган гуруҳлардан чиқинг

Қўлларингизни ювиб туринг, аммо меъёридан ортиқ эмас

OCD Action яна бир хайрия ташкилоти бўлиб, асосан бир нарсага ҳаддан ортиқ берилишдан келиб чиқадиган руҳий зўриқишни англатади.

Коронавирус эса...уларнинг вазиятини яна ҳам оғирлаштиради.

Шундоқ ҳам ўта тозакорликка мойил бўлган бу одамларга вирусга қарши қўл ювиш керак деб маслаҳат берсангиз, уларнинг ҳолатини тасаввур қилиш мумкин.

Лили Бейли "Чунки биз ёмонмиз" номли китоб муаллифи, у айнан obsessive compulsive disorder яъни, бир нарсага ўта берилиш туфайли руҳий беқарорликка чалинганлар ҳақида ёзган.

Унинг айтишича, бу касалликдан энди ўнгланаётган одамларга қўлларни тез-тез ювиш ҳақида маслаҳат бериш уларни яна ўша ҳолатга қайтариши мумкин.

"Бу жуда мушкул...мен энди ўзим аслида камайтиришни истаган ва том маънода қочиб юрган одатларимга яна қайтишим керак. Мен учун совун ва тозалаш воситалари бангивор модда каби эди. Мен бангидай эдим", дейди у.

Бейлига кўра, OCD га чалинганлар яхши бўлишар экан, улар энди уйдан чиқишга ҳаракат қилишлари, бир маънода ҳаво олишлари керак бўлади. Аммо коронавирус туфайли ўзларини иҳота қилиш дегани, бу яна касалликни авж олдиришга баробар бўлиши мумкин.

"Агар биз уйда ўтиришга мажбур бўлсак, вақтимиз кўп бўлади ва зериккандан ҳам яна ашаддий тозакорликни бошлаймиз".

Одамлар билан мулоқотни йўқотманг

Коронавирус туфайли кўпроқ одамлар иҳоталанишга мажбур бўлар экан, сиз ўзингизга яқинларнинг телефон рақамлари ва электрон почталарини "ғамлаб" олинг.

"Маълум бир вақтда хабарлашишни йўлга қўйинг", дейди Везерли.

Бу икки ҳафта жуда ҳам самарали бўлиши мумкин. Ўқиш учун олган китобларингизни ниҳоят мутолаа қилиш имконияти бор.

Толиқишдан эҳтиёт бўлинг

Коронавирус пандемияси ҳафталар ва ойлар давом этиши мумкин, бу вақтда ҳаддан ортиқ толиқмаслик муҳим.

Mind хайрия ташкилоти қуёш ва тоза ҳаво муҳимлигини урғулайди.

Жисмоний машқ қилиш, соғлом овқатланиш ва етарлича сув ичиш саломатлик калити бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?