Коронавирус: инсоният ақл-идрокидан кучли эмас

17:36 26 Июль 2020 Сиёсат
947 0

Дарҳақиқат, бугун келажакка умидвор ҳар бир инсон ягона ташвиш билан яшамоқда. Тан олиш жоиз, инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, таъбир жоиз бўлса, ХХI аср вабоси номига қўштирноқ ичида даъвогарлик қилаётган «Коронавирус пандемияси»нинг дунё бўйлаб тобора тарқалиб бораётгани барчанинг фикру зикрини, уй-хаёлини, керак бўлса тафаккурини банд этгани ҳам бор ҳақиқат.

Эндиликда тождор вирус инсониятни яна бир бор чуқур мулоҳаза қилишга, ўз идрокига таянган ҳолда ва онгли равишда иш юритишга, жамиятнинг янада жипслашишга чорламоқда.

Умуман бутун дунё боши берк кўчага кириб қолаётгандек, гўё. Гарчи дунё иқтисодиётига, геосиёсатига маълум маънода ўз таъсирини кўрсата оладиган, иқтисодий барқарор, технологиялар ва тиббиёти энг юксак даражада бўлган давлатлар ҳам «шок» ҳолатига тушиб қолгандек, назаримизда. Жаҳоннинг энг қудратли давлатларининг, иқтисодиёти, тиббиёти, санитария-эпидемиология тизими тизими ҳам ушбу вирусга қарши курашга қурби етмай қолмоқда. Бугунги амалиёт дунё бундай фавқулодда вазиятларга тайёр эмаслигини ойдек равшан қилиб қўйди. Тўғри, айрим давлатлар бу борада маълум бир ютуқларга эришганини эътироф этиш жоиз. Бироқ, бу барчаси ортда қолди дегани эмас, асло.

Ушбу таҳдид аввало, инсонлар саломатлигига таъсирини ўтказиб, оғир оқибатларга олиб келаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Боз устига, инфекцияга чалинаётганлар сони дақиқа сайин ортиб бормоқда. Дунё бўйича шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кузатилаётган ўлимлар сони, рақамлар ташвишли тус олиш баробарида барчамизни янада огоҳликка ва ҳушёрликка чорламоқда. Умуман, бутун дунёда бўйича вазият янада кескин ва жиддий тус олмоқда.

Аслини олганда, воқеълик сайёрамизнинг маълум бир ҳудудида содир бўлган ҳар қандай хавф-хатар шубҳасиз, бошқа минтақаларга ҳам бирдек салбий таъсир этишини, санитар-эпидемиологик ва экологик муаммолар асло чегара билмаслигини бизга яна бир бор исботлади. Шу туфайли ҳам, айни вазиятда дунё ҳамжамияти якдиллик ва бирдамлик билан хавфни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.

Эътироф этиш жоизки, ана шундай хавфли дамларда давлатимиз раҳбари республикамиз аҳолисини ҳамжиҳатлик ва юксак интизом билан бу офат олдини олишга қаратилган муҳим чора-тадбирларни аниқ белгиланган муддатларда сўзсиз бажаришга даъват этмоқда.

Умуман, ҳаётимизга хавф солаётган бу офатнинг олдини олиш мақсадида зарур ҳисобланган барча жиддий тадбирлар режалаштирилиб, карантиндан талафотларсиз ўтиб олишимиз учун давлат ҳисобидан жуда катта миқдорда маблағлар ажратилди ва уларнинг узлуксизлиги таъминланмоқда.

Хўш, ҳаётимиз хавфсизлигини таъминлаш учун шунча имкониятлар яратилаётган бир пайтда биз ўзимизни қандай тутишимиз керак, бизнинг мажбурият ва вазифаларимиз нималардан иборат?, деган ўринли саволлар юзага келмоғи лозим. Аввало, коронавируснинг ўта хавфли эканлигини тўғри англаб олишимиз, у ҳақдаги маълумотларни олишда фақат расмий манбаларга таянишимиз ва аҳолига холис тушунтиришимиз зарур. Энг муҳими, турли миш-мишлардан, ёлғон хабарлардан, энг асосийси, ваҳимадан йироқ бўлмоғимиз даркор.

Шифокорлар ва мутахассисларнинг маслаҳатларига амал қилган ҳолда, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, тиббий ниқоблардан фойдаланиш, ўз вақтида тўғри ва сифатли овқатланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, мунтазам равишда спорт билан шуғулланиш орқали соғлом иммунитетга эга бўлиш барчамизни коронавирус балосидан асрашини англамоғимиз лозим.

Ҳозирда глобал муаммо коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг давосини топиш бўйича бутун дунё олимлари изланиш олиб бормоқда. Ушбу касалликка қарши энг яхши даво бу – уни олдини олиш, яъни юқтирмасликдир. Демак, айни пайтда бор эътиборимизни карантин тартиб-қоидаларига тўла амал қилишга қаратмоғимиз лозим.

Бундан ташқари қатъий тартиб-интизом, аҳолисининг ҳамжиҳатлик билан вирусга қарши кураш олиб борган давлатларнинг инфекцияни аҳоли орасига чуқур кириб боришига мустаҳкам тўсиқ қўя олгани барчага ибрат бўлмоғи лозим.

Бугун халқимиз республика раҳбариятининг ғамхўрлигини, халқчил саъй-ҳаракатларини ҳис қилиб турибди, албатта. Бироқ, бу берилган имкониятнинг мамлакат тақдири учун аҳамиятини чуқур тушунмаган айрим юртдошларимиз, айниқса коронавирус инфекциясидан талаб этилган қоидалар асосида ҳимояланиш ўрнига вақтини бекорга ҳамон кўча-куйда ўтказаётганини, вақтинчалик белгиланган тартиб-қоидаларга амалга қилмаётгани кечириб бўлмас ҳолдир. Бу нафақат ўз тақдирига, оила аъзолари, қолаверса, Ватан тақдирига бефарқликдир. Шу ўринда биз янада жипслашган ҳолда «Ўз болангни, ўз уйинги ўзинг асра» деган шиорни ҳаётимизнинг мазмунига айлантирмоғимиз, эпидемиологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётган барча тизимлар меҳнатини қадрлашимиз, фаолиятини қўллаб-қўллаб қувватламоғимиз лозим.

Эътироф этиш жоизки, тиббиёт ходимлари мамлакатимизда касалликни олдини олиш, коронавирус инфекциясига чалинган беморларимиз соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда курашмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда «...Ҳар битта инсонни ҳаётини сақлаб қолиш ҳеч қайси бойлик билан, ҳеч қайси мезон билан тенг бўлмайди....». Бу борада шифокорларнинг меҳнатлари, жасорат ва меҳнатлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Улар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир. Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди. Коронавирус пандемияси шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини асраш, юртимизда инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларини давлат мукофотлари билан тақдирлангани уларнинг меҳнатига берилган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг юксак намунасидир. Келгусида ҳам бу курашда ўзини аямай меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларининг муносиб тақдирланишининг давомли бўлиши, албатта қувонарли ҳол.

Биз эса шифокорларни руҳан қўллаб-қувватлашимиз, кечаю кундуз матонат билан меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини заҳматини қадрлаган ҳолда, уларнинг соғинчли нигоҳ ила оила аъзолари билан онлайн мулоқотда бўлаётганини, ўзгалар дардини ўз дардидек қабул қилаётганини, энг муҳими ўз соғлигини катта хавфга қўйиб бўлса-да, бошқалар дардига малҳам бўлаётганини, нажот илинжида мўлтираб турган нигоҳларга термилишга мажбур эканлигини, бизни ўз ота-онамиз қанчалик тушунса, биз ҳам уларни шунчалик тушунмоғимиз лозим.

Албатта, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш эканлиги, шунингдек, касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида амалдаги карантин чекловларини узайтирилишига қарор қилингани ҳам юртимизда инсон манфаатлари юксак қадрият эканлигининг яққол намунасидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, эндиликда “Пандемияга қарши кураш – ҳар биримизнинг виждон ишимиз”, «Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман», деган ғоялар ҳаётимиз мезони бўлмоғи лозим.

Албатта, пандемия жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётига, ижтимоий ҳатто, маънавий ҳаётига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Юртимизда касалликка қарши амалга оширилаётган тезкор ташкилий чоралар–тадбирлар коронавирус пандемияси шароитида халқимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Боз устига давлатимиз раҳбари раҳнамолигида иқтисодиётнинг барча тармоқларини, жумладан, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни бандлигини таъминлаш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш механизмини кенгайтириш каби йўналишларга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Аммо, пандемия шароитида тиббиёт соҳасида узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни юзага чиқариб, соҳада зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган вазифаларни кун тартибига янада долзарб қилиб қўймоқда

Шу ўринда шифохоналарнинг мавжуд қуввати ва жиҳозланиши барча эҳтиёжманд беморларга зудлик билан зарур тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Биз ҳозирча тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитнинг етарли эмаслиги, реанимацион бўш ўринларнинг етишмаслиги, ИВЛ аппаратлари ва бошқа ускуналар етишмаслиги туфайли ўлим сонининг ортиб бориши билан боғлиқ муаммога дуч келмадик.

Қўшимча равишда юқумли касалликлар шифохоналарини ишга тушириш, мавжудларини ихтисослаштириш, янгиларини қуриш, шунингдек, уларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, зарур мутахассисларни жалб қилиш касалланишнинг ўсишини ҳисобга олган ҳолда тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатишни таъминлайди.

Шу билан бирга, шифохоналарининг қайта ихтисослаштирилиши шошилинч тиббий ёрдам талаб қиладиган бошқа беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнини мураккаблаштиради, уларни шифохоналарга ётқизиш ва бошқа беморларда режалаштирилган операциялар бекор қилишга олиб келади.

Коронавирусга қарши ҳимоя воситалари, дори-дармонлар билан таъминлаш масаласида ҳам худди шунга ўхшаш муаммо мавжуд. Истеъмол бозорда етишмовчилик бор, чунки уларни тўлиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган. Дунё бозорида эса уларга эҳтиёж катта.

Афсуски, ҳозирча коронавирусга қарши вакцина йўқ. ЖССТ вакили Мелита Вуйиновичнинг маълумотига кўра, ҳозир дунёда 20 та номзод-вакцина мавжуд. Аммо уларнинг ҳеч бири охиригача ўрганилмаган. Улар тайёр бўлганда тақдирда ҳам нархи, ўша пайтгача вирус мутацияга учрашга улгуриш ёки улгурмаслиги масаласи ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Бугунги кундаги вазият аксарият вилоят ва туман шифохоналарининг жонлантириш (реанимация) бўлимларида ИВЛ ва бошқа тиббий жиҳозларнинг етишмаслиги сабабли нафас йўллари бузилиши билан оғриган беморларга тўлиқ малакали тиббий ёрдам кўрсатишга тайёр эмаслиги кўрсатмоқда. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам автомобиллари ҳамда хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларининг етишмаслиги натижасида барча тез ёрдам чақириқларига хизмат кўрсатиш янада оғирлашади.

Маълумотларга қараганда ҳозирда Ўзбекистонда 1513 та шошилинч тиббий ёрдам станциялари мавжуд. Амалдаги тартибга кўра, фавқулодда ва оғир вазиятларда тез тиббий ёрдам гуруҳи белгиланган жойга 15-20 дақиқа ичида етиб келиши лозим. Чақириқлар сонининг ортиши натижасида бу борада муаммолар юзага келмоқда. Аслида дунёнинг деярли барча мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизимига ва умуман давлатга бундай босимлар кузатилмоқда. Шу сабабли диагностик ускуналар, транспорт воситалари ИВЛ аппаратлари, кислород бериш ускуналари, шахсий ҳимоя воситалари ва бошқаларни сотиб олиш билан боғлиқ янги харажатлар вужудга келади.

Бироқ, бу харажатларнинг катта қисмини бюджетга зарар эмас, балки соҳага инвестиция киритиш сифатида баҳолаш мумкин. Чунки харид қилинган барча воситалар соҳага бир неча йиллар давомида хизмат қилади.

Қўшимча харажатлар гуруҳи ўринлар фондини (койка) ихтисослаштириш билан боғлиқ молиявий харажатларни қўйидаги асосий гуруҳларига ажратиш мумкин:

- COVID-19 билан касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохоналарни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва юқори даражадаги шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳамда бошқа харажатлар учун маблағ;

- тиббий муассасаларни қайта ихтисослаштириш даврида тиббий ташкилотларни сақлаб туриш учун зарур бўлган маблағлар;

- кутиш ёки аксарият ўринларнинг бўш қолиши натижасида даромад бўлмаганда ёки қисман даромад олинганда бўш ўринлар (койка) фондини сақлаб туриш учун маблағлар шулар жумласидандир.

Қайд этиш жоизки, коронавируснинг тарқалиши соғлиқни сақлаш тизимидаги миллий лойиҳаларни амалга оширишга ўз таъсирини кўрсатди. Мамлакатда молиявий аҳволнинг кутилаётган оқибатлари «Саломатлик» каби миллий лойиҳалар параметрларини қайта кўриб чиқишни талаб этади. Шу билан бирга, жамиятда соғлиқни сақлашнинг аҳамияти тобора ортиб бораётган бир пайтда, ушбу лойиҳаларнинг айрим харажатлари коронавирусга қарши кураш бўйича жорий харажатларга мос келишини ҳисобга олсак, соғлиқни сақлаш тизимига ажратиладиган харажатларнинг қисқариши кузатилмайди.

Жорий ҳолат мамлакатимизда тиббий муассасалар фаолиятига оид амалдаги меъёрий-ҳуқуқий база коронавирус ҳолатида тезкор таъсир кўрсатишга етарли эмаслигини кўрсатди.

Жумладан:

- коронавирус тарқалиши шароитида тиббий муассасалар фаолиятини қайта ихтисослашишини тартибга солиш;

-тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берувчи соҳа: тиббий муассасаларни вақтинча юқумли, пульмонологик ва бошқа касалликларга қайта ихтисослашиши, шунингдек, шифокорлар томонидан уйдан телемедицина хизматларини кўрсатиши ва бошқа ҳолатларда лицензияларга эга бўлиш зарурлиги;

- тиббий ходимларга қўйиладиган малака талаблари: зарур ҳолларда коронавирус билан касалланган беморларга бошқа мутахассис шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда интернатура (ординатура)да таълим олган бўлиши, касбий тайёргарлик, сертификатлар ва бошқаларнинг бўлиши лозимлиги;

- масофавий меҳнатга оид қонун ҳужжатларининг номувофиқлиги:

- телемедицина технологиялари соҳасидаги қонунчилик ва бошқалар.

Шу муносабат билан пандемия шароитида бошқа давлатлар тиббий муассасалари фаолиятининг янги шакл ва усулларидан фойдаланиш бўйича тажрибаларини ҳисобга ошиш лозим. Хитойлик шифокорлар ХХР етакчи тиббиёт муассасалари билан видеоконференция форматида онлайн семинар ва вебинарларни доимий равишда ўтказади. Ва бу ўзини оқлаётган энг яхши восита сифатида эътироф этилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ўзбек шифокорлари COVID-19 ни олдини олиш ва назорат қилишнинг Хитой механизмини миллий ва минтақавий даражада атрофлича ўрганишди ҳамда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш самарадорлигини ошириш бўйича тадқиқотлар олиб боришди ва ўзаро фикр алмашишди. Икки мамлакатнинг ихтисослашган тиббий муассасалари ҳамкорлиги ҳам фаол ривожланмоқда. Ўзбекистон вирусология илмий-тадқиқот институти Пекин Геномика институти билан имзоланган Меморандум доирасида қатор қизиқарли ташаббусларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон ва Францийа мутахассислари ўртасида коронавирусга қарши кураш бўйича ўз тажрибалари, касалликка қарши курашиш доирасида олиб борилган тадқиқотлар билан ўртоқлашмоқда. Шу ўринда COVID-19нинг кучли қарама-қаршилигида турган Францийа ушбу вирус билан касалланганларни даволашнинг таъсирчан ва самарали схемаларини ишлаб чиқаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Умуман олганда бугунги кундаги вазият таҳлиллари натижалари асосда қўйидаги хулосаларга келиш мумкин.

Аввало, Ўзбекистонда коронавирусининг тез тарқалишини жиловлашга қатор объектив омиллар ёрдам беради ва бундан фойдаланиш лозим.

Иккинчидан, Ўзбекистон коронавирус тарқалишига муваффақиятли қарши курашиш учун етарли иқтисодий, илмий ва технологик салоҳиятга эга. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базаси сезиларли даражада мустаҳкамланиб бормоқда.

Учинчидан, коронавирус билан боғлиқ вазият махсус текширувлар, режали тиббий ёрдам тиббий кўрикларнинг тўхтатилиши билан боғлиқ салбий натижага олиб келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, касалликнинг бошқа турларида ўсиш ҳосил қилиши мумкин. Бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш лозим бўлади.

Тўртинчидан, иқтисодиёт ҳам, соғлиқни сақлашнинг ҳам фаолият юритишига оид меъёрий-ҳуқуқий база коронавирус тарқалиши шароитларга тайёр эмас. Шу қисқа давр мобайнида қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бироқ коронавирусига қарши кураш бўйича тажриба таҳлили натижалари асосида ушбу соҳадаги қатор ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқишни талаб этади. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги» қонуни шулар жумласидандир.

Бешинчидан, коронавирус билан курашиш тажрибаси мамлакатнинг келажакда содир бўлиши мумкин бўлган эпидемиялар ва пандемияларга тайёргарлигини оширишга хизмат қилади.

Олтинчидан, беморлар ва шифокорлар хавфсизлигини таъминлайдиган телемедицина марказини ишга тушириш учун база яратилиши.

Еттинчидан, коронавирусда гумон қилинган беморларга аниқ ташхис қўйиш учун қўшимча равишда синовдан ўтказиладиган поликлиникалар асосида махсус маслаҳат марказларини яратиш. Бундай ёндашув самарали назорат тизимни яратиш имконинин беради.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Экологик партияси олдига коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича карантин ва профилактик чора-тадбирлар талабларига сўзсиз риоя қилиш зарурлиги ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш вазифасини долзарб қилиб қўяди. Шунингдек, экологик дунёқараш, тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи масалаларида аҳоли маданиятини янада ортишини қайд этиш зарур.

Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг кўп минг сонли фаоллари халқимиз фаровонлигини таъминлаш, инсонлар бахту камоли йўлидаги эзгу ишларда диомо қамарбаста бўлишга бор куч ва ғайратини сафарбар этади.

Мамлакатимизда коронавирус таъсирининг олдини олиш учун эълон қилинган карантин даврида карантин талабларни виждонан ва ўз вақтида бажаришга ўз-ўзимизни сафарбар этишимиз барчамизнинг фуқаролик ва ватанпарварлик бурчимиз эканлигини унутмайлик, азиз юртдошлар.

Ҳар биримиз давлат даражасида қабул қилинган карантин тадбирларига қатъий риоя этишда фаоллик кўрсатган ҳолда, фуқаролик бурчимизни адо этайлик!

Унутманг, ҳар биримиз келажак учун жавобгармиз!

Б.Алихонов,
Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?