Коронавирус инфекцияси ва унинг олдини олиш тўғрисида нималарни билиш муҳим

15:42 23 Март 2020 Жамият
236 0

Иллюстратив сурат

Ҳозирги кунда коронавируснинг янги тури (CОVID-19) келтириб чиқарадиган касаллик тобора кўпроқ глобал ташвишни кучайтирмоқда. Жуда қисқа вақт ичида инфекция касалликнинг эпицентридан — Ухан (Хитой) шаҳридан орқали бутун дунёга тарқалди.

Сўнгги маълумотларга кўра, айни пайтга келби вирус дунёнинг 190 ортиқ мамлакатида қайд қилиниб, зарарланган сони 338 мингдан ошди. Ушбу инфекция туфайли 14 687 нафар одам ҳаётдан кўз юмди. Афсуски, бу рақамлар кун сайин ортиб бормоқда. Мамлакатимизда ушбу вирус 46 кишида аниқланган. Уларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Маълумотлардан кўриниб турибдики, касаллик соғлиқни сақлаш тизимлари замонавий текширув воситалари билан жиҳозланган иқтисодий ривожланган АҚШ, Буюк Британия, Италия, Германия, Жанубий Корея, Швейцария, Норвегия каби мамлакатларда ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Юқумли касалликлар қўзғатувчилари, айниқса, вируслар мамлакатнинг ривожланиш даражаси, истиқомат қилаётган халқнинг миллати, ирқини танлаб ўтирмайди.Бу профилактика чоралари кенг қамровли ва тизимли бўлиши кераклигини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда ушбу ишда аҳолини касалликни юқиш йўллари ва тананинг коронавирусга мойиллиги тўғрисида хабардорлиги жуда муҳимдир.

Инфекциянинг манбаи касалликнинг намоён бўлишисиз касал ёки вирус ташувчиси. Касаллик қўзғатувчиси йўталганда ва аксирганда тупук заррачалари орқали ташқарига чиқади ҳамда 1,5-2 метр радиусдаги одамларга юқиши мумкин. Бундан ташқари атрофдаги у ёки бу предметлар орқали юқиш эҳтимолдан холи эмас. Чунки қўзғатувчилар пластик юзада – 5 кун, ёғочда – 4 кун, ойнада – 4 кун, қоғозда – 4-5 кун, металлда –2-8 соат, тиббиёт қўлқопида – 8 соатгача яшаши мумкин.

Коронавирус инфекциясининг клиник кўриниши бошқа патогенлар келтириб чиқарадиган ўткир респиратор вирусли инфекцияларга ўхшайди. Турғунлик даври 2-14 кун. Касаллик ўткир тана ҳароратининг кўтарилиши билан бошланади. Асосий симптом ринит бўлиб, у бурун тиқилиши, нафас олиш қийинлишуви, ҳансираш ва бурундан кўп миқдорда сувли ажралма ажралиши билан намоён бўлади. Баъзи ҳолларда пастки нафас йўлларининг коронавирус инфекцияси пневмониянинг ривожланиши билан, йўтал, нафас олиш пайтида кўкрак қафасидаги оғриқлар, нафас олиш қийинлишуви билан бирга бўлиши мумкин.

Ошқозон-ичак трактининг шикастланиши кўнгил айниш ва диарея билан ўткир гастроэнтерит шаклида давом этиши мумкин. Коронавирус инфекциясида бошқа ўткир респиратор вирусли инфекцияларга хос бўлган аломатлар ҳам кузатилиши мумкин: ютинганда томоқ оғриғи, хиралашиш, ўртача бош оғриғи, иситма.

Юқтириб олиш хавфини камайтириш омиллари:

  •  қўлларни тез-тез ва яхшилаб совун билан оқар сувда ювиш, овқат қилиш давомида ҳамда ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан ёки ҳайвон билан алоқадан кейин қўлларни ювиш;қўлни ювиш имконияти бўлмаса, спиртли дезинфекцияловчи воситалар ёрдамида ишлов бериш;
  • юзингиз ва кўзингизни қўлингиз билан кўп ушламанг;
  • мобил телефон грипп ва бошқа нафас йўллари инфекциялари, шу жумладан коронавирус ташувчиси юқтириш омили бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда қурилмани кўпинча қўлдан-қўлга ўтиб, юзга жуда яқин жойлаштирилган сабабли ҳар доим кечқурун, иш куни тугаганидан кейин спирт сақлаган антисептик воситалар билан ишлов беринг;
  • кўча куйда оғиз-бурунга ниқоб тақинг, ниқобларни тури ва сифатига қараб ишлатиш муддатлари белгиланганлигини инобатга олиб,оддий ниқоблар уч-тўрт соат ишлатилиши кераклигини унутманг;
  • имкон қадар гавжум жойларга (кинотеатрлар, кўнгилочар марказлар, супермаркетлар) ташриф буюрманг;
  • йўталганда ва аксирганда оғиз билан бурунга тирсакни ёки салфеткани тутинг. Ундан кейин салфеткани дарҳол ахлат қутисига ташланг ва қўлингизни ювишни унутманг;
  • саломлашиш удумига амал қилинг (қўл бериб, қучоқлашиб ҳамда ўпишиб кўришишдан сақланинг);
  • шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлар билан яқин алоқа қилишдан чекланинг;
  • касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолинг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг;
  • сизда шамоллаш аломатлари (йўтал, нафас олишда қийналиш) кузатилса ёки шамоллаш аломатларига эга беморни парваришлаётган бўлсангиз, албатта, уй ёки касалхона шароитида ҳам оғиз-бурунга ниқоб тақинг;
  • хоналарни шамоллатиб, тоза ҳавода сайр қилинг;
  • озиқ овқат маҳсулотларини гигиеник талабларга мос ҳолда сақланг.

Ҳурматли фуқаролар, барча қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинсагина, тегишли ташкилотлар талаби қатъий бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган бу вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради.
Амрилло ИНОЯТОВ, 
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори
Абдурашид ОБЛОҚУЛОВ,
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти юқумли касалликлар кафедраси профессори.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019