Кўргазмали воситалар ҳаётийлиги, сермазмунлиги билан одамлар онгу шуурига таъсир кўрсатади

19:00 26 Февраль 2019 Жамият
520 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Истам Иброҳимов/Бухоро. Қадимий кентнинг гавжум кўчаларини томоша қилаётган француз сайёҳи эътиборини йўл четида ўрнатилган панно тортди. Унда Ғиждувон кулоллик мактаби вакиллари маҳсулотлари тасвири туширилган эди. Сайёҳда беихтиёр шу мактаб усталари иш жараёни билан танишиш истаги туғилди. Натижада меҳмон Бухорода яна бир кун қоладиган бўлди. Эртасига у гид-таржимон ҳамроҳлигида Бухородан 50 километр узоқликда жойлашган Алишер Нарзуллаевнинг музей-устахонаси томон йўл олди.

Шу кичик бир мисолнинг ўзиёқ кўргазмали тасвирий воситалар бениҳоя катта таъсир кучига эга эканлигини кўрсатади.

“Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган республика кўргазмали семинари иштирокчилари ана шундай воситаларнинг таъсирчанлигини янада ошириш юзасидан ўзаро фикрлашиб, маслаҳатлашиб олдилар.

Тадбирнинг дастлабки кунида республикамизнинг барча ҳудудидан келган соҳа мутахассислари “Бухоро бриллиант силк” корхонаси, 82-мактабгача таълим муассасаси, “Orient house” қурилиш штаби ва бошқа бир қатор объектларда бўлдилар, мазкур масканларни тасвирий-тарғибот воситалари ёрдамида безаш ишлари билан танишдилар.

“Ёшлар маркази”да ижодий уюшма томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар якуни ҳамда 2019 йил — Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йилида бажариладиган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирни “Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталари бош муҳаррири, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси кенгаши аъзоси Ўткир Раҳматов олиб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов маъруза қилди.

Дарҳақиқат, бугунги ислоҳотлар мазмун-моҳияти халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, мамлакатимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари эса юртимиз қиёфасини ўзгартириб юбормоқда. Мана шу қамровли юмушлар мазмун-моҳиятини тасвирий-кўргазмали воситалар орқали аҳоли онгу шуурига етказиш долзарб вазифага айланяпти.

Йиғилишда аҳоли гавжум жойлар, хусусан, бозорларда савдо ва турли хизмат кўрсатиш шохобчалари номи ажнабий тилларда ёзилгани танқид остига олинди.

Тадбирда Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати, Қўқон шаҳри мезбонлик қиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестиваллари объектларини тасвирий-тарғибот воситалари билан безаш борасидаги тайёргарлик ишлари юзасидан ахборот берилди.

— Семинар биз учун ниҳоятда фойдали кечди, — дейди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими бошлиғи Феруза Холмирзаева. — Бухоро шаҳридаги бир қатор ташкилот, муассасаларда бўлиб, тасвирий безаш ишлари билан танишдик. Менда, айниқса, кластер усулида ишловчи “Бухоро бриллиант силк” корхонаси фаолияти катта таассурот қолдирди. Биласиз, яқинда бизда Халқаро бахшичилик фестивали бўлиб ўтади. Ундаги безаш ишларига тажрибали дизайнерлар, жумладан, бухоролик ижодкорларни ҳам таклиф этмоқчимиз.

Кўргазмали семинар доирасида ижодий уюшма томонидан Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилига бағишлаб чиқарилган “Тараққиёт йўлимизнинг шиддати ошаверади” деб номланган тавсия-қўлланманинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шунингдек, ижодий уюшма фаолиятига тааллуқли бир қатор масалалар кўриб чиқилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019