Кореялик мутахассислар Ўзбекистонда стартапларни ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам берадилар

14:19 24 Июль 2018 Иқтисодиёт
257 0
Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институти

Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институти (KISDI), Корея кичик бизнес институти (KOSBI) ва Глобал тадбиркорлик фонди (GEF) мутахассисларидан иборат делегация Тошкентга келди.

Ташрифдан мақсад — Ўзбекистонда стартаплар экотизимини ва дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш. Бу ҳақда Mirzo Ulugbek Innovation Centre(MUIC) инновация маркази маълум қилди.

Дастурдан Корея Республикаси элчихонасида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, MUIC инновация марказида учрашувлар ўрин олган. Шунингдек, кореялик экспертлар “Ўзбекистонда АКТ-стартаплар ва дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантириш сиёсати” мавзуида амалий семинар ўтказиши белгиланган. Тадбир бугун Инҳа университетида бўлиб ўтади. Иштирокчилар орасида — АКТ вазирлиги, MUIC инновация маркази, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази, “UZINFOCOM” ягона интегратори, “UNICON.UZ” маркази, Инҳа ва ТАТУ университетлари вакиллари ўрин олган.

Семинарда таклиф этилган мутахассислар Корея Республикасининг стартаплар экотизими ривожланишидаги тажрибаси ва ушбу жараённи Ўзбекистонда имкони борича самарали ташкил этиш борасида ўз қарашлари билан ўртоқлашадилар.

Қайд этиш жоизки, бу KISDI экспертларининг мамлакатимизга биринчи ташрифи эмас. Жорий йил бошида делегация илк бор Ўзбекистонга ташриф буюриб, АКТ соҳасидаги давлат сиёсати, яратилган шарт-шароитлар ва инфратузилма билан танишган эдилар. Шундан кейин АКТ вазирлиги ва MUIC ходимлари Корея Республикасида жавоб ташрифи билан бўлдилар. Улар Сеулдаги KISDI компанияси офисига ташриф буюрдилар, шунингдек, энг муваффақиятли стартап-компанияларига бўлдилар.

Бу галги ташриф давомида ўтадиган учрашувлардан бири ўша сафар таассуротларини муҳокама қилишга бағишланади. Томонлар АКТ соҳа ҳолатидаги сифат ўзгаришлари, стартаплар экотизимларини яратиш ва ривожлантириш бўйича таклифлар билан алмашадилар, шунингдек, бу йўналишда ишлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга киришадилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар