Корея Республикасидаги ўзбекистонликлар уюшмаси ташкил этилди

19:27 27 Август 2020 Жамият
244 0

Бугун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташаббуси билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар жамиятлари ва фаоллари билан Ўзбекистон Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним» мавзусида онлайн учрашув ўтказилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Онлайн учрашувда Россия, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Финляндия, Эстония, Тожикистон, Латвия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда фаолият олиб бораётган ватандошлар жамиятлари, диаспоралар, маданий марказлар ва уюшмалар вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда Корея Республикасидаги кўп сонли ватандошлар, мамлакатимизнинг ушуб давлатдаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари ҳамкорлигида Корея Республикасидаги ўзбекистонликлар уюшмаси расман ташкил этилгани тўғрисидаги хушхабар эълон қилинди.

Уюшмани рўйхатдан ўтказиш, биринчи навбатда, ўз ватанига, халқига, маданияти ва тақдирига бефарқ бўлмаган ватандошларнинг фаол фуқаролик ташаббускорлиги ўлароқ амалга оширилди.

Веб-анжуман натижасида томонлар бу каби учрашувларни тез-тез ўтказиш, иш фаолияти даврида тажриба алмашиш ва юртимиз равнақи йўлида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?