KOPIA нега айнан Ўзбекистонни танлади?

12:05 19 Апрель 2019 Иқтисодиёт
495 0

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстона алоқалар самараси ҳар жабҳада ўз аксини топмоқда. Республикамизда ушбу мамлакат сармоядорлари ёки мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган турли лойиҳалар фикримиз тасдиғидир. Юртимизда бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келаётган KOPIA (Korea Program on International Agriculture) маркази шулардан бири.

— Биласиз, Жанубий Корея ялпи ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи давлатлар сирасига киради, — дейди ушбу марказ директори, Тошкент давлат аграр университети фахрий профессори АН Хи Сунг. — KOPIA Корея Республикасининг Қишлоқ хўжалиги тараққиёти бошқармаси томонидан ташкил этилган. У, асосан, қишлоқ хўжалиги технологиялари бўйича Жанубий Корея ва ҳамкор давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш билан шуғулланади. Ҳамкор давлатлардаги тадқиқотчилар билан билим ва тажриба алмашиш орқали маҳаллий мослашув ва уруғчиликни ривожлантириш, фермерларга ўз тажрибаларини ўргатиш, маҳаллий кадрлар тайёрлаш ташкилотимизнинг асосий фаолият йўналишидир.

Ан Хи Сунг, KOPIA директори. Фото: Ҳаким Йўлдошев, "Халқ сўзи"

Ўзбекистонда 2009 йилда иш бошлаган бўлсак, ўтган даврда қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган бир қатор илмий институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Натижада кўплаб истиқболли лойиҳалар ижросига киришдик. Хусусан, юртингизда сифатли картошкани етиштириб, уни экспортга тайёрлаш, буғдой ва жўхорини чатиштириш орқали чорва моллари учун тўйимли озуқа бўладиган янги донли экин навини яратиш, сифатли мармар гўшт етиштириш лойиҳалари шулар сирасидан. Шу ўринда ушбу лойиҳага батафсилроқ тўхталиб ўтсам. Чунки Ўзбекистон қишлоқларидаги деярли барча хонадонда чорва моллари парваришланади.

Мазкур лойиҳа икки йилга мўлжалланган бўлиб, жорий йилда ниҳоясига етказилади. Бунда ҳар бир вилоятдан 30 та хонадонга 3 бошдан қорамол олиб берилмоқда. Улар икки йил давомида Жанубий Корея технологиясига мувофиқ, махсус рацион асосида боқилиб, доимий назоратда бўлади. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳоли орасида жаҳон бозорида энг қиммат ҳисобланмиш мармар гўшт етиштириш технологиясини тарғиб қилишдир.

Қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган йирик лойиҳалар ҳақида сўз юритганда, Андижон вилоятида жорий йилдан бошлаб йўлга қўйилган соя етиштириш, Тошкент вилоятидаги узумчилик лойиҳаларини алоҳида қайд этиш жоиз. Буларнинг ҳар бирига 30 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Агар у муваффақиятли амалга оширилса, янада кенг миқёсда давом эттирилади. Ҳозир Корея Республикасидан келган икки нафар мутахассис Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиалида соя етиштириш бўйича семинарлар ўтказмоқда. Бундан ташқари, аччиқ қалампир экспорти бўйича ҳам Қорақалпоғистон Республикасидан тортиб барча вилоятларда семинарлар ташкил этиш баробарида, биз учун ажратилган бир гектардан зиёдроқ майдонда етиштирилган кўчатларни ҳам тарқатяпмиз.

Ўзбекистон — табиати бетакрор юрт. Иқлими қишлоқ хўжалигига жуда мос. Замини саховатли. Маҳсулотлар таъми ўзгача. Фойдаланиш мумкин бўлган ерлари кўп. Фақат ушбу соҳада илмий асосланган ишлар янада жадаллаштирилса, техник жиҳатдан ривожлантирилса, экспорт салмоғини янада ошириш мумкин. Шу маънода, бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги ишларга катта эътибор қаратилиб, бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётгани диққатга сазовор. Масалан, иссиқхоналар ташкил этишдаги саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир. Агар Ўзбекистон маҳсулотлари экспортбоп қилиб етиштирилса, бу мамлакатингиз иқтисодиёти учун жуда катта фойдадир.

Ҳозирги кунда Жанубий Корея Ўзбекистондан анор, ёнғоқ, қовун каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилади. Бизнинг келгуси режаларимиз қаторида мармар гўшт етиштиришни нафақат хонадонларда йўлга қўйиш, балки йирик чорвачилик фермаларини ташкил этиш, соя етиштириш ҳамда уни экспортга йўналтириш каби юмушлар бор.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро ишончга қурилган алоқалар жадал ривожланмоқда, дейишга асослар етарли. Бунга машинасозлик, нефть-газ, кимё саноатидаги бир қатор йирик лойиҳаларни мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Ва албатта, бизнинг ишимиз ҳам айни шу алоқалар мевасидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019