Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастури ижроси бугунги кун талабига жавоб бермайди

14:30 14 Декабрь 2018 Иқтисодиёт
498 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Мунисхон Каримова, “Халқ сўзи Online”/Тошкент. Сенаторлар томонидан 2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастури тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Мазкур Давлат дастури бажарилиши устидан парламент назоратини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида ишчи гуруҳ тузилиб, Дастурда белгиланган вазифаларнинг Бухоро вилоятида ижро этилиши ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида 1200 тадан ортиқ фермер хўжалигида 1400 тага яқин лойиҳа амалга оширилиб, кўп тармоқли фаолият йўлга қўйилгани аниқланди.

Шунингдек, вилоятда Дастурга мувофиқ иссиқхоналар, токзорлар, қорамолчилик ва қўйчиликни ташкил этиш ҳамда гўштни қайта ишлаш соҳаларида белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилган.

Шу билан бирга, ўрганиш жараёнида Бухоро вилоятида Дастур ижроси билан боғлиқ йўл қўйилган қатор камчиликлар аниқланди.

Жумладан, хизмат кўрсатиш ва тегирмон қуришни ташкил этиш белгиланган 100 тадан ортиқ фермер хўжалигида 160 тага яқин лойиҳа амалга оширилмаган.

Музлаткичли омборхоналарни ташкил этиш бўйича умумий ҳажми
10 минг тонналик лойиҳа ижроси таъминланмаган.

Режадаги 50 тадан ортиқ фермер хўжалигида жами 265 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этилмаган.

Ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил қилиш бўйича 50 тадан ортиқ лойиҳа амалга оширилмаган.

Чорвачилик соҳасида белгиланган вазифалар ўртача 37 фоизга бажарилмаган.

Шунингдек Бухоро вилоятида амалга ошириши режалаштирилган лойиҳаларни молиялаштириш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Масалан, жорий йил ноябрь ҳолатига кўра тижорат банклари томонидан кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун 61 млрд. 501 млн. сўмлик тижорат кредитлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 17 млрд. 220 млн. сўм (28 фоиз) ажратилган.

Фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича давлат ва ҳудудий Дастурларни амалга оширишда белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида сифатли бажарилиши устидан назорат юритилиши ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессияларида муҳокамалар ўтказилиши ҳам талаб даражасида эмас.

Шундан келиб чиққан ҳолда, якунланаётган 2018 йилда Бухоро вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уларни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларни қониқарли даражада деб бўлмайди.

Аммо афсуски, камчиликлар фақатгина Бухоро вилоятига тегишли эмас, балки бошқа минтақаларда ҳам 2018 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси бугунги кун талабига жавоб бермайди. Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган маълумотга кўра, мамлакатимизнинг бирорта ҳудудида ҳам 2018 йилги Дастур ижроси тўлиқ бажарилмаган.

Мамлакатимиз бўйича жорий йилда жами 18 минг 532 та фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолият ташкил этилган бўлиб, режа 86 фоизга бажарилган холос.

Масалан, Дастур ижроси Хоразм вилоятида 95 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида 93 фоизга, Фарғона вилоятида 93 фоизга, Навоий вилоятида
91 фоизга, Сурхондарё вилоятида 90 фоизга, Қашқадарё вилоятида 90 фоизга, Андижон вилоятида 89 фоизга, Наманган вилоятида 84 фоизга, Самарқанд вилоятида 84 фоизга, Тошкент вилоятида 83 фоизга, Бухоро вилоятида
82 фоизга, Жиззах вилоятида 79 фоизга, Сирдарё вилоятида 77 фоизга бажарилган.

Шунингдек, ҳудудларда фермер хўжаликларига хизмат қилувчи тузилмалар ва тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини ҳам яхши деб бўлмайди.

Хусусан, жорий йилда тижорат банклари томонидан кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун 595 млрд. сўмлик тижорат кредитлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда унинг 325 млрд. сўми (55 фоиз) ажратилган.

Дастурда белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фермерлар, айниқса ёш фермерлар билан доимий мулоқот олиб бориш ҳамда уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан ҳуқуқий, ахборот ва ташкилий-услубий жиҳатдан кўмак бериш тизимли тарзда йўлга қўйилмаган.

Масъул ташкилотлар томонидан дастурда назарда тутилган лойиҳаларнинг ўз вақтида тўлиқ бажарилишига тўсқинлик қилаётган тизимли масалаларни ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш натижасида уларни ҳал этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаган.

Энг ачинарлиси шундаки, бунинг оқибатида 2018 йилга мўлжалланган дастур доирасида қишлоқ жойларида яратилиши режалаштирилган 14 минг 971 та янги иш ўрни ташкил этилмаган.

Юқорида баён этилган рақамлар 2018 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастури бажарилмаганидан далолат беради.

Ўз навбатида, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур дастурнинг жойларда самарали бажарилиши, кўп жиҳатдан изчил парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боришга боғлиқ. Аммо бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатларида жонбозлик сезилмаяпти.

Қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан фермер ва деҳқонларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга боғлиқ.

Айни шу маънода бугун муҳокамангизга ҳавола этилган Дастур ҳудудлар кесимида 2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этишнинг аниқ мақсадларини ифода этади.

Дастурга мувофиқ келгуси йилда 19 минг 875 та фермер хўжалигида
21 минг 81 та лойиҳа амалга оширилиб, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш ва 69 минг 729 та янги иш ўрни яратиш белгиланган.

Шунингдек, 20 тадан ортиқ турли йўналишларни ривожлантиришга қаратилган ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2 млрд. 199 млн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш режалаштирилган.

2019 йил дастур ҳам тўлиқ ижро бўлмай қолишини олдини олиш учун ҳар бир вазирлик, идоранинг олдига аниқ вазифалар қўйиб, назорат қилиб бориш талаб этилади.

Бунда Вазирлар Маҳкамаси, масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат бошқаруви ва вакиллик органлари ҳамда фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари билан амалий мулоқот ўрнатиш жуда муҳим.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019