Кўп йиллик ноқонуний қурилган иншоотлари олиб ташланган Қоракўл янги қиёфада барпо этилмоқда

11:46 29 Апрель 2019 Жамият
333 0

Туркманистон Республикаси билан чегарадош Қоракўл - Бухоро вилоят марказидан 70 километр узоқликда жойлашган туман. Туманнинг ёғингарчилик кунларда иш ва ўқишга тизза баробарида лойга ботиб бориб келадиган, ичимлик сувини бир неча километр наридан ташиб ичадиган, маданий истироҳат боғи, спорт иншоотлари эътиборга муҳтож, малакали тиббий хизматдан фойдалана олмаётган бир қанча ҳудудлари мавжуд эди. Айни кунларда туманда “Обод қишлоқ” дастури бўйича бошланган кенг миқёсдаги ободонлаштириш ишлари давомида ноқонуний ва бетартиб қурилган иншоотлар бузилиб, янгича қиёфага келтирилмоқда.

- Нафақат, қишлоқлар, балки туманнинг айрим марказий кўчалари ҳам бетартиб қурилганидан кўчалар ва йўлларни излаб топиш мушкул эди. Ҳатто, ғиштин пойдеворлар ва сим тўсиқлар ўраб олинган хонадонлар ҳам йўқ эмасди. Айни пайтда йиллар давомида қишлоқлар ва туман маркази кўркини бузиб турган тупроқ ва чиқиндиларга кўмилиб кетган, яроқсиз бетон ариқлар ҳам олиб ташланди. Катта кўчаларнинг икки томонида одамлар юриши учун мўлжалланган йўлаклар барпо этилмоқда. Олиб борилаётган ишлардан барчамиз мамнунмиз. Жараёнлардан завқланиб, ўзимиз ҳам қурилиш-таъмир ишларига сидқидилдан кўмаклашаяпмиз,-деди қоракўллик 65 ёшли отахон Самад Маматов.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 29-30 март кунлари Бухорода бўлиб, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиб, мутасаддиларга қатор топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ, автомобиль ва одамлар қатнов йўлларини таъмирлаш, коммунал соҳадаги ишларни жадаллаштириш, аҳолини ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Жумладан, 600 миллион АҚШ доллари ичимлик суви ҳамда канализация тармоқларига, 700 миллион АҚШ доллари халқаро ва ички йўлларни қуришга сарфланади. Бундай имкониятлардан қоракўлликлар ҳам бебаҳра қолишмади.

Келажакда саноат шаҳарчасига айланиш кўзда тутилган туманда айни пайтда 33 та пудрат-қурилиш ташкилотлари биркитилган. Маданият маркази биноси, Маҳалла маркази мажмуаси, туман давлат хизматлари маркази, туман ИИБ биноси, Ёшлар маркази ва ёшлар боғини қуриш, 864 ўринли 15-умумий ўрта таълим мактабини қайта таъмирлаш, 18- умумий ўрта таълим мактабига 300 ўринли бино қуриш, 1-сонли 140 ўринли мактабгача таълим муассасасини қайта қуриш, Китоб олами савдо мажмуасини ва бошқа йирик объектларни давлат идора ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан барпо этиш ишлари бажарилади. “Бухороободқурилиш монтаж-сервис” МЧЖ, “Рус аймер” МЧЖ, “Қоракўл монтаж Декар”, “Пойкент индустириал қурилиш сервис” МЧЖ ва бошқа қурилиш ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар айниқса, эътиборга молик.

Қисқа фурсатда тумандаги Эски қалъа, Зарафшон, Чекирчи қишлоқлари обод манзилларга айлантирилган. Минглаб қурувчи ва ишчилар жалб қилинган. Ғоятда мукаммал ишланган лойиҳалар асосида бажарилган ишлар туманнинг янги қиёфасини яратган. “Обод қишлоқ” дастурига киритилган Қораун, Деҳқонобод, Дўрмон қишлоқларида кечаётган ободонлаштириш ва қайта қуриш ишларига 100дан ортиқ техника воситалари жалб қилинган. Мазкур маҳаллалардаги қишда лой, ёзда чанг бўладиган кўчалардаги чиқиндилар махсус техникалар ёрдамида тозаланиб, шағал ётқизиш ишлари жадал кечмоқда.

- Президентимизнинг ПФ-5386 сонли “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги фармони чекка туманимиз ҳудудида яшайдиган юртдошларимиз қатори, ҳатто ўзимни ҳам қувонтирди. Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган халқимиз ўз хоҳиш-истаги билан давлатимиз раҳбарининг эътиборидан руҳланиб,ҳар тонг ҳашарга ошиқишяпти. Ким кетмон, ким белкурак, ким техника олиб келмоқда. Оддий кўринишга айланиб қолган айримкўп қаватли уйлар, коттежларнинг бугун пардозлаш ишлари янада кўркамлик касб этаётгани ортида аҳолининг ҳам сидқидилдан бераётган заҳмати, меҳнати ётибди,-дейди туман ҳокими ўринбосари Ўткир Шарипов,- айни пайтда йиқитилган иншоотлар гарчи ноқонуний, тартибсиз қурилган бўлса-да, зарурият, одамларнинг кундалик эҳтиёжини қондириб келаётган эди. Шунинг учун уларнинг ўрнига давр талабига мос янгиларини барпо этиш учун тез ва сифатли қурилиш ишлари кечмоқда. Турар жойлар билан бир вақтда ҳудуддаги кўча ва йўллар ҳам тартибга келтирилмоқда. 36, 80 километрли давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари таъмирланиб, қум-шағал ётқизилиб, 6 метр кенгликда асфальтланмоқда.

Таъмирлаш ишлари тугатилган кўчаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари қизғин бормоқда. Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ёшлар ҳақ тўланадиган жамоатчилик иши сифатида расмийлаштирилган. Хотин-қизлар ҳам пардозлаш ва сувоқ ишларини бажаришади.

- Қоракўл тумани мисолида юртимиз қишлоқларида ҳам шароит шаҳарлардагидек бўлиши мумкинлигига ишона бошладик. Туманимиздаги ўзгаришлардан ниҳоятда хурсандмиз, – дейди Қораун қишлоғилик Лобар Бекмуратова,- Амалга оширилаётган ободлик кўнглимизга кўчмоқда. Бугунги мамнуниятимиз - эртанги кунимизга ишонч уйғотяпти. Ҳатто, кексаларимизнинг ҳашар баҳона қўлларига белкурак ва кетмонлар билан жилла қурса, бир тош кўтаришга ҳисса қўшиш учун бел боғлаб чиққанлари биз, ёшларга ғайрат бағишлади. Сувоқ ва бўёқ ишларида сидқидилдан кўмаклашяпмиз.

Кўп йиллик эътиборсизлик, ўзбошимчалик оқибатида нурсиз кўринишга келиб қолган ноқонуний қурилган иншоотлари олиб ташланган Қоракўлнинг асл қиёфаси бугун кўзга ташланмоқда. Кенг қамровли ишлар аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилайди, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жорий йилнинг сентябрь ойига қадар давом этади.

Лайло Ҳайитова


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019