Конларни ўрганиш жараёнига замонавий усул ва технологиялар жорий этилмоқда

11:15 16 Октябр 2020 Иқтисодиёт
171 0

Минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш Давлат дастури доирасида фойдали қазилмаларга истиқболли майдонлар ва конларни ўрганиш жараёнига Давлат геология қўмитаси томонидан замонавий усул ва технологияларни жорий қилишнинг тизимли чоралари кўриб борилмоқда.

Хусусан, 2020 йилда истиқболли майдонлар ва конларни ўрганиш жараёнига Ерни масофадан зондлаш ва аэрогеофизик изланишларнинг замонавий усуллари ва технологияларини қўллаган ҳолда (WorldView-3, ArcGIS, ENVI, ERDAS Imagine, PCI Geomatica, Global Mapper, спектрометр “Spectral Evolution PSM-3500”, «Импульс А7» аэрогеофизик комплекслар) Букантов, Томдитов, Шимолий Нурота, Молгузар ва Ҳисор тоғлари ҳудудида умумий 2500 км.кв майдонда ихтисослаштирилган космогеологик тадқиқотлар олиб борилди. Натижада, тўпланган геологик маълумотлар автоматлаштирилган талқин қилиш асосида қайта ишланиб, юқорида келтирилган тоғли ҳудудларда космогеологик тадқиқотлар олиб борилган майдонларни космогеологик схемалари тузилди.

Ушбу ҳудуднинг 800 кв км майдонида талқин қилинган асосий космос тузилмаларининг геологик табиати дала шароитида қайта ўрганилиб, космогеологик тадқиқот натижаларининг якуний босқичида Букантов тоғи ҳудудида олтин ва ураннинг йўлдош элементларига 5 та истиқболли майдонлар ажратилди.

Шунингдек, Кулжуқтов, Букантов ва Молгузар тоғлари ҳудудларида аэрогеофизика тадқиқотларининг мажмуавий усулларини (магнитқидирув, электрқидирув, гаммаспектрометр) қўллаган ҳолда геологик изланишлар олиб бориш бўйича лойиҳа белгиланди ва ишга туширилди.

Бугунги кун ҳолатига Кулжуктов тоғи ҳудудида 6000 кв км майдонда изланишлар олиб борилди ва олинган натижалар бўйича дастлабки физик майдонларнинг тарқалиш хариталари тузилмоқда.

Бундан ташқари, Букантов тоғи ҳудудининг 990 кв км майдонида аэрогеофизика тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?