Когонлик Файзиевлар оиласи «Темир дафтар»дан қандай чиқади?

12:27 28 Октябр 2020 Жамият
118 0

Когон тумани «Чолоки» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қасри Орифон қишлоғида яшовчи Қосим Файзиев хонадонидамиз. Бизни бу ерга оила бошлиғининг аризаси эмас, камсуқумлиги, камтарлиги, хокисорлиги бошлаб келди.

Файзиевлар оиласи ҳозир мана шу уйда яшашяпти.

— Ночор аҳволдалигига қарамай, бу оила борига шукр қилиб яшаяпти,— дейди ҳамроҳимиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туман Халқ қабулхонаси мудири Саид Мирзаев. — Айрим ўзига тўқ, аммо у етишмаяпти, бу етишмаяпти, дея турли идоралар остонасидан бери келмаётган кишиларга ўхшаб боқимандалик қилаётгани йўқ. Биз ҳам 1 – сектор мутасаддилари қатори бу оиланинг ночор шарт-шароитда яшаётганини эшитиб, ҳол-аҳвол сўрагани келдик.

Қосимжон – туғма ногирон. Оқсаб юради. Аммо расман ногиронлар рўйхатида турмайди. Бинобарин, давлатдан нафақа олмайди. Лекин «Билагимда кучим бор экан, ишлашим керак», деган ақида билан яшаяпти. Қурилишда баҳоли қудрат меҳнат қилиб, рўзғор тебратяпти. Икки норасида боласи бор. Турмуш ўртоғи Назира Тошева бўқоқ деган касалликка чалинган. Оғир меҳнатга ярамайди. Уйда.

Уй бекаси Назира Тошева музлатгични кўрсатиб, «Эски бўлса – да кунимизга яраяпти» дейди

Камбағальни туяни устида ҳам ит қопади.Файзиевлар учун ёмғир ёғишининг ўзи ҳам турган-битган ташвиш. Чунки томдан чакки ўтади. Уй зах. Ошхонага кирган кишининг ранг-қути ўчади. Ўзини ўтган асрнинг 50- йилларига тушиб қолгандек ҳис этади.

— Музлатгичимиз йўқ эди, ёзда жуда қийналардик, — дейди Назира Тошева. — Холам музлатгич бердилар. Эски бўлса – да кунимизга яраб турибди.Оиламиз «Темир дафтар»га киритилган.Туман ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси, маҳалламиз раҳбарлари ёрдам беришяпти. Минг карра раҳмат!

—1-сектор раҳбарияти ва ишчи гуруҳ хонадоннинг оилавий шароитини атрофлича ўрганди,— дейди туман Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Ихтиёр Ражабов.— Натижада нафақат уй том қисмини таъмирлаш, балки қўшимча хона қуриб бериш фикрига келинди. Зарур қурилиш материаллари етказиб берилди. Кўриб турганингиздек, туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан олиб борилаётган қурилиш ишлари поёнига етмоқда.Қурувчилар маҳалла томонидан иссиқ овқат билан таъминланган.Хонадонга маҳаллий Кенгаш депутати ун, ёғ, 10 бош товуқ ҳадя қилди.Оиланинг мўъжазгина томорқасида иссиқхона барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

”Темир дафтар”га киритилган оила учун янги хона қуриб берилмоқда

Маълумотларга кўра, маҳаллада 665 та хонадон бор.42 та оила «Темир дафтар»га киритилган. Шу оилаларнинг 6 тасига иссиқхона қуриб берилди.8 нафар киши ишга жойлаштирилди. Бу борадаги ишлар давом этяпти. Асосий мақсад мазкур хонадонларни камбағалликдан халос қилмоқдир.Зеро, халқимиз топиб айтган: Қўлдан берганга қуш тўймас.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?