Кластер тизими: Ютуқлар, тажрибалар, имкониятлар кўлами кун сайин кенгаймоқда

16:51 19 Март 2020 Жамият
161 0

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 12-13 март кунлари ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ушбу ҳудудда кластер услубининг самарали фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш юзасидан бир қатор тавсия ва вазифалар белгилаб берганди. Улар ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти туман ва шаҳар ҳокимларидан иборатдилегация аъзолари 16-17 март кунлари Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Agrocluster” кўптармоқли агросаноат кластери фаолияти билан таншдилар.

Меҳмонлар бу ерда кластер услубининг юқори самарадорлиги туфайли эришилган ютуқларга бевосита гувоҳ бўлишди. Айниқса, баҳорги экин ишларига шай қилинган техникалар, чигит қадаш учун далалрда олиб борилаётган сўнгги тайёргарликлар хоразмликларда катта қизиқиш уйғотди.

Меҳмонларга туманнинг “Беруний” ҳудуди марказида жойлашган болалар боғчаси, маданият уйи, пойабзал фабрикаси,  “Пахтазор” маҳалласидаги спорт мажмуаси, “Отажонов” ҳудудида бунёд этилган маданият уйи, тикув фабрикаси, истироҳат боғи, замонавий услубдаги кўптармоқли поликлиника, аёллар хизмати маркази туманда кейинги йилларда эришилган ютуқлар дебочаси сифатида тақдим этилди.

“ТСТ Agrocluster” кўптармоқли агросаноат кластери раҳбари Муртазо Раҳматов делегация аъзоларини мазукр тизимнинг "Tashkent Cotton Textile" МЧЖ, "TCT Rice" МЧЖ, "TCT Milk" МЧЖ, "TCT Meat" МЧЖ, "TCT Fish" МЧЖ каби янги лойиҳалари билан таништирди. Уларга кўра, Тошкент вилоятида пахта ва ғалла етиштириш, пахта хомашёсини қайта ишлаш, гўшт-сут ишлаб чиқариш борасида янада юксак натижаларга эришилади. Биргина, "Tashkent Cotton Textile" МЧЖ лойиҳаси биринчи босқичининг қиймати 47,3 миллион еврога тенг. У 2021 йилда фойдаланишга топширилади. Дастлабки лойиҳа калава ип йигириш имкониятини беради. Кейинги босқичда пахмоқ матолар тўқиш ва тайёр тикувчилик маҳсулотлари, сочиқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ишлар 2022-2023 йилларга мўлжалланган.

Кейинги лойиҳалар ҳам виолоят иқтисодиётини юксалтиришга йўналтирилган. 21 минг тонна шоли қайта ишланиб, 10,5 минг тонна гуруч, 5,5 минг тонна сечка, 5 минг тонна ем ишлаб чиқариш имконияти юзага келади.

Оҳангарон туманидаги бепаён яйловларда чорва моллари парваришлашга ихтисослаштирилган лойиҳада 5 минг бош қорамол парваришланиб, олинган 40 минг тонна сут шу ернинг ўзида қайта ишланиб, қатиқ, қаймоқ, пишлоқ, сариёғ ишлаб чиқарилади. Иккинчи йўналишида эса, 10 минг бош чорва моллари парваришланиб, 2 минг тонна гўшт етиштирилади. Колбаса ва колбаса маҳсулотлари тайёрланади. 2 миллион АҚШ долларилик тайёр маҳсулотлар экспорт қилинади. Кластер раҳбари М.Раҳматов, бу лойиҳада ҳаттоки, болажонлар учун севимли бўлган бренд музқаймоқлар тайёрлаш ҳам эътибордан четда қолдирилмаганини алоҳида таъкидлади.

"TCT Fish" лойиҳаси республикамизда камёб бўлган балиқ турларини кўпайтириш, балиқ консервалари, икра ва бошқа маҳсулотлар билан ички ва ташқи истеъмол бозорини тўкин-сочин қилиш кўзда тутилганлиги билан аҳамиятлидир.

—Муҳтарм Президентимизнинг ташаббуслари билан Хоразм вилоятининг барча туман ҳокимларидан иборат дилегация бу ерга келишди,-дейди Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаев. — Ташрифимиз давомида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадидада жорий этилган кластер тизимининг афзалликлари билан батафсил танишмоқдамиз. “ТСТ Agrocluster” кўптармоқли агросаноат кластери ишчи-хизматчиларининг пахта ва ғалла етиштириш, хомашёни қайта ишлапш соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари бизни лол қолдирди. Бу ерда такидланганидек, туманда фермер хўжаликлари даврида ишчилар сони 900 нафарга яқинроқ бўлган. Ойлик маошлари эса 550 минг сўмдан ошмаган. Кластер тизими туфайли 5536та иш ўрни яратилган. Ойлик моддий манфатдорлик икки миллион сўмдан ошган. Пахта етиштириш ҳосилдорлиги гектарига 32 центнерни ташкил этган. Давлат ғазнасига олдинги даврдагидан 6 баробар кўп солиқ тушуми киритилган. Аҳоли турмуш фаровонлиги барқарор—маҳалла ва қишлоқлар обод, йўллар равон. Бу ютуқларни туманимизда оммалаштиришни шу ердаёқ режалаштириб олдик. Қуйи Чирчиқ тажрибаси биз учун жуда катта ибрат бўлди.

—Муҳтарам Президентимиз Хоразм вилоятига ташрифи давомида туманимизда кластер тизимини жорий этишда ҳанузгача иккиланиш борлигини жиддий танқид қилдилар,-дейди Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов. — Бу борада Тошкент вилоятида етарли тажриба мавжудлиги боис бу ерга ташриф буюрдик. Натижалар биз тасаввур қилганда-да юқори. Муҳтарам Президентимизнинг бу борадаги эътирозлари нечоғли ўринли эканлигини англадик. Кластер тизимига ўтиш биз учун бугун ниҳоятда зарурлиги номоён бўлди. Тасввур қилинг, “ТСТ Agrocluster” кўптармоқли агросаноат кластерида 2500дан ортиқ замонавий техникалар, жумладан, қўшкўпирликлар учун сув билан ҳаводек зарур, иш унумдорлиги ниҳоятда юқори бўлган ҳайдов ва чопиқ тракторлари, қатор орасига ишлов берувчи техникалар, ОВХ аппаратлари, ўғит сочувчи агрегатлар, пахта териш машиналари хуллас, деҳқон учун нимаики зарур бўлса ҳаммаси муҳайё.

Суҳбатдошларимиз таъкидлаганидек, Тошкент вилоятида юксак самараларга эришаётган мавжуд кластерлар, жумладан, “ТСТ Agrocluster” кўптармоқли агрокластери жамоасининг фаолияти таҳсинга лойиқ. Ютуқлар, тажрибалар, имкониятлар кўлами кун сайин кенгаймоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019