КХДР ва АҚШ раҳбарлари саммити 13 июнь куни ҳам давом этиши мумкин

16:07 11 Июнь 2018 Дунё
1222 0
Фото: gazeta.ru

КХДР ва АҚШ раҳбарлари Ким Чен Ин ҳамда Дональд Трамп ўртасидаги Сингапур саммити Корея ярим оролини денуклеризация қилишдек йиллаб вақт кетадиган узун жараённинг фақат бошланиши холос.

Бу ҳақда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ўз ёрдамчилари билан учрашуви давомида айтиб ўтди, деб хабар берди Yonhap ахборот агентлиги.

“Чуқур илдиз отган душманлик муносабатлари, шунингдек, Шимолий Корея ядро муаммоси билан боғлиқ масалани раҳбарлар ўртасидаги биттагина учрашувда ҳал қилиш мумкин эмас. Ҳатто икки етакчи мулоқотни йўлга қўйиб олгандан сўнг ҳам, бизга муаммони тўлиқ ечиш учун бир йил, икки йил ёки ундан ҳам кўп вақт оладиган узоқ жараён талаб этилади”, - дейди Мун Чжэ Ин.

Мун Чжэ Ин мазкур процессни ниҳоясига етказиш учун Корея Республикаси, КХДР ва АҚШ, қолаверса, бошқа томонларнинг “софдил саъй-ҳаракатлари” керак бўлишига урғу берган.

Мазкур тарихий учрашув ташаббускори ва бу йўлда бор куч-ғайратини ишга солган сиёсатчи ҳам Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ҳисобланади.

Ушбу саммитгача бўлган йўл жуда кутилмаган бурилишлари билан машаққатли кечди. У гоҳида бекор қилинди, гоҳида янгиланди, гоҳида белгиланган санаси муҳокамалар марказига чиқди. Мазкур мулоқот икки томонлама эмас, ҳатто Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ва ХХР раиси Си Цзиньпин қўшилиши ҳисобига уч ёки тўрт томонлама кўриниш олиши ҳақида ҳам ахборотлар тарқатилди. Лекин булар расман тасдиқланмади.

Қисқа вақт ичида Пханмунжон чегара ҳудудида Ким Чен Ин билан икки бор учрашгани, соатлаб суҳбатлашгани, Вашингтонга режадан ташқари ташриф буюргани, бугун эса Дональд Трамп билан яна бир бор телефон орқали шу масалада фикр алмашгани Мун Чжэ Ин мазкур саммитни ўтказишда улкан воситачилик вазифасини профессионал тарзда амалга оширганини англатади.

Мана шундай машаққатли меҳнат ва қатъий саъй-ҳаракатлардан сўнг, ниҳоят, ҳаммаси аён бўлди.

12 июнь. Сингапур. Сентоза ороли. Capella меҳмонхонаси. Соат 7:00 (Тошкент вақти билан) АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида тарихий саммит бошланади.

Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия давлатлари ҳукумат раҳбарлари мазкур учрашув Корея ярим ороли, умуман, Осиё-Тинч океани минтақасида хавфсизлик ва тинчликни таъминлашда катта роль ўйнашини билдирди.

Сингапур ТИВ раҳбари Вивиан Балакришнан эса ВВС ахборот агентлигига берган интервьюсида АҚШ – КХДР раҳбарлари саммити фақат 12 июнь эмас, эртаси куни ҳам давом эттирилиши эҳтимоли борлигини таъкидлаб ўтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?