КХДР АҚШ билан музокараларни янгилашга доим тайёрлигини билдирди

13:46 25 Май 2018 Дунё
1501 0
Фото: br.sputniknews.com

КХДР давлат ҳокимияти Президент Дональд Трампнинг 12 июнга режалаштирилган икки давлат раҳбарлари саммитини бекор қилиш тўғрисидаги қарорига қарамасдан АҚШ вакиллари билан илгаридагидек ҳар қандай вақтда музокаралар ўтказишга тайёр эканлигини билдирди. 
Бу ҳақда “Ёнхап” ахборот агентлиги Шимолий Корея ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ким Ге Гван баёнотига асосланиб хабар берди.

“Биз АҚШ билан юзма-юз музокаралар столига ўтириб, ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай форматда келишмовчиликларни ҳал етишга тайёрлигимизни билдирамиз ”, - деди у. 

Дипломатнинг айтишича, Оқ уйнинг қарори АҚШ ва КХДР ўртасидаги душманлик нақадар жиддий эканлигини кўрсатди ва бу эса икки мамлакат етакчилари учрашиши зарур эканлигини тасдиқлайди. 

“Бизнинг бутун дунё ва Корея ярим оролида тинчликка ва барқарорликка эришиш бўйича бор имкониятни ишга солиш бўйича интилишларимиз ўзгаришсиз қолган” , деди у.

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео эса Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан телефон орқали юқори даражадаги АҚШ-Шимолий Корея саммити бекор қилинишини муҳокамадан ўтказди. 

Бу ҳақда Корея Республикаси ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Помпео ўз ҳамкасбига Вашингтоннинг бу борадаги позициясини билдириб, Пхеньян билан мулоқотни тиклашга тайёр эканлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Жанубий кореялик вазир учрашув бекор қилинишидан афсусда эканлигини қайд этиб, “у Корея ярим оролида мустаҳкам тинчлик ўрнатишда муҳим роль ўйнаган бўларди” дея айтиб ўтган.

Дипломатлар КХДР билан музокараларни қайтадан бошлаш йўлларини қидиришда ҳамкорлик қилишни давом эттиришга келишиб олдилар. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?