Китобнинг жонли ижроси

14:05 20 Июнь 2018 Маданият
128 0
Фото: "Халқ сўзи"

Ўқувчиларнинг қишки таътил кунлари ҳамма набираларимни тўплаб, Мустақиллик шоҳкўчасидаги “Китоб олами” мажмуасига юриш қилдик. Бошида келишиб олдик: ким қайси китобни танласа, бирга маслаҳат қиламиз, ҳаммага маъқул бўлса, сотиб оламиз.

Бир зумда болалар китоб жавонлари оралаб тарқаб кетишди. Зимдан кузатаман: уларнинг юз-кўзларидаги хурсандчилик аломатлари, ўзгача қизиқишлари дилимда эзгу ҳис-туйғулар уйғотди. Болажонлар арча байрамига борганда ҳам бунчалик мамнун бўлишмаганди. Худди китоблардан таралган зиё уларнинг юз-кўзларида акс этгандек. Дилмурод Дилдора опасидан сўрайди: “Мана шу китобни олсам бўладими?” “Бу китоб менда бор, бошқасини танла” деди опаси. Азамат луғатлар ичидан ўзига керагини танлади. Озодбек яна бир китобни акасига кўрсатди.

Хуллас, уйга қайтаётганимизда набираларнинг ҳар бири ўзи танлаган китобини бағрига босиб, худди ноёб бойликни қўлга киритгандай йўлга тушишди. Қандай яхши, шу китоблар уларга доимий ҳамроҳ, яқин суҳбатдош бўлади. Энг муҳими, инсон ўз қўли билан яратган неъматни кўз қорачиғидай асрагани каби, болалар ҳам ўз қўли билан жавондан олган китобни эҳтиётлаб сақлайди.

Баъзан ҳамкасбларимиз “Нега ҳеч ким китоб ўқимай қўйди?” дея ёзғирганларини ўқиб қоламиз. Эҳтимол, бу гапда ҳам жон бордир. Лекин ушбу эътирозни мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилмаган бўлардик. Бунга ўша “Китоб олами” мажмуидаги манзарани томоша қилганимизда ишонч ҳосил қилдик.

Маънавиятнинг замонавий масканига келган одам, айниқса, ёшлар фақат китоб билан чекланишмайди. “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуаси директори Шуҳрат Охунжонов бу даргоҳда қилинаётган ишлар ҳақида ажиб завқ билан гапиради:

— Фақат китоб билан эмас, балки ўша китобнинг муаллифлари ва қаҳрамонлари билан юзма-юз мулоқот қилиш ёшларимиз маънавий оламини бойитиш, билим чўққиларини эгаллашда маъқул восита бўлаяпти. Айтайлик, китобни ўқиш асносида китобхонда савол туғилиши мумкин. Бунинг учун муаллиф билан мулоқот жуда қўл келади.

Бу ерда ойига камида иккита тадбир ўтказилади. Таниқли режиссёрлар Баҳодир Йўлдошев ва Сайфиддин Мелиев шогирдлари “Китоб олами” мухлисларига бир неча бор театр томошаларини намойиш этишди. “Аршин мололон”, “Тўмарис”, “Чарли Чаплин” драмалари томошабинлар кўз олдида ёш актёрлар ижросида ўйналганда болажонлар ажиб таассурот олишди. Овозсиз имо-ишоралар орқали кулгили ҳангомалар намойиш этилгандан кейин ота-оналар сафида ўтирган адиблардан бири сўз олди:

— XX асрнинг машҳур олими Алберт Эйнштейн Чарли Чаплинга хат ёзибди: “Азизим Чарли. Сиз дунёда энг бахтли одамсиз. Чунки сизни ҳамма гап-сўзсиз тушунади”. Ч. Чаплин олимга шундай жавоб қилибди: “Муҳтарам Альберт. Сизнинг фанда яратган назариянгизни жуда кўп одам тушунмайди, лекин шунда ҳам сиз оламга машҳурсиз”. Қиссадан ҳисса: “Китоб олами”га тез-тез келадиган ёшларимиздан Альберт Эйнштейндек оламшумул кашфиёт қиладиган олимлар чиқсин. Бу лутфдан тадбирга келган китобхонлару санъаткорлар қарсак чалиб юборишди.

Тоҳир Малик, Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо, Фарида Бўтаева, Обиддин Маҳмудов каби шоир ва ёзувчилар, “Жамият”, “Оила даврасида”, “Соғлом авлод”, “XXI аср” газеталари ижодкорлари бу даргоҳда ўтказиладиган тадбирларда тез-тез бўлиб туришади. “Китоб олами”даги тадбирлар, даврий нашрларда ёритилишидан ташқари, журналистлар учун янги мавзулар шу ерда куртак ёзади. Ёш китобхонлар илгари ўқиган китобларининг ўзига хос “жонли ижро”сига гувоҳ бўлишади. Ёш авлод онгу шуурида шундай таъсирчан воситалар орқали олам ва одам ҳақидаги билимлар муҳрланиб қолиши айни муддаодир.

Мазкур даргоҳда “Омадли китобхон” лото ўйини кўплаб ўқувчиларни жалб этишда яхши восита бўлмоқда. Ушбу ўйинда қатнашиш учун муайян рўйхатдаги китобни харид қилган мухлисга биттадан лотерея тақдим этилади. Унга “Омадли китобхон” тадбири қачон ўтказилиши айтилади. Белгиланган куни таниқли ёзувчи ва шоирлар, эл назаридаги санъаткорлар навбати билан “банк”дан лотерея рақамлари ёзилган чипталарни олишади. Кимнинг омади келса, унга ноёб китоблар тўплами совға қилинади. Эътибор қилсангиз, ана шу тўплам “Китоб бу — мўъжиза” деб ёзилган пакетда тақдим қилинади. Ушбу тадбир икки йилдан буён жуда оммалашиб кетди.

Мирзо Улуғбек туманидаги 29-мактабнинг 1-9-синф ўқувчилари бу ерда “Китоб самимий ва содиқ дўстимиз” мавзуида мароқли тадбир ўтказишди. Болалар билан бирга ташриф буюрган устозлар мажмуадаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, тарихий, спорт, жаҳон адабиёти ҳамда болалар адабиётлари билан ошно бўлишди. Шу нарса қувончлики, “Китоб олами” мажмуаси Тошкентга келган туристларнинг сайёҳлик йўналишига киритилган бўлиб, ўзга юртлардан келган меҳмонлар ушбу маънавият масканига юксак баҳо беришмоқда.

Инсоният тарихида шундай асарлар борки, улар асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб, инсонларга зиё таратишда давом этади. Соҳибқироннинг “Темур тузуклари” асари китоблар орасида энг олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Китоб Ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш, мурувватли, сахий, инсонпарвар ва олийжаноб бўлиш, Ватанни севиш каби тамойилларни тарғиб қилиш билан бирга, мазкур асарда давлат бошқаруви, ташқи ва ички сиёсат, ҳарбий санъат каби мавзуларга ҳам кенг ўрин берилган. Эндиликда мазкур китоб тўрт тилда, яъни ўзбек, инглиз, француз ва рус тилларида тадим этилади.

Китобнинг сўз билан изоҳлаб бўлмайдиган аураси, ёруғ нур каби шўъласи, оҳанрабоси бўлади. Ундаги эзгу ғоялар, ибратли хулосалар китобхон қалбига ажиб бир мулойимлик билан сингиб боради. Бир фикр иккинчисини келтириб чиқаради. Интеллектуал неъмат орқали инсон руҳиятида беғубор кайфият уйғонади. Буларни дилдан ҳис қилиш учун, аввало, китобга муҳаббат бўлиши керак. У эса айнан “Китоб олами”да туғилади.

Ота-она фарзандига бирор буюм, кийим, ўйинчоқ келтирганда оилага қандай қувонч келтириши барчамизга маълум. Лекин шу неъматлар ўрнида китоб бўлса-чи. Бунга фарзандни жуда эрта ёшдан ўргатиш керак. Бола китобга қанча барвақт меҳр қўйса, шунча яхши. Шу руҳда тарбия кўрмаган ўғил-қиз учун кейинчалик китоб оддий қоғоз тўплами бўлиши мумкин.

Ёш авлоднинг қалбини оппоқ қоғозга мензайдилар. Унга қандай битиклар ёзилса, келажакда инсон ҳаёти ўшанга ҳамоҳанг руҳда давом этади. Агар биз, катталар мурғак болани китобга ошно ҳолда тарбияласак, нарёғи қийин бўлмайди. Аксинча бўлса, маънавиятдан, маърифатдан йироқ одамга бир гап уқтириш осон эмас.

2017 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти эзгу бир ҳужжатни эълон қилди. Бу “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишдир. Бу дегани аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этиш давлат мақоми даражасига кўтарилганини англатади. Энди китоб тайёрлаш, тарқатиш, ўқувчисига етказиш — ҳамма-ҳаммаси мониторинг қилинади, халқимиз нур ва зиё рамзи бўлмиш китобга ошно бўлиб яшайди.

Юртбошимиз фармойишида бир қатор вазифалар аниқ белгилаб берилган. Китоб чоп этиш ва тарқатишнинг ҳозирги тизими талабларга жавоб бермайди. Бунинг учун соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибаси ҳисобга олинади. Бунда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бадиий юксак, интеллектуал савияни ўстирадиган китобларга бўлган талаб ўрганилади, ушбу мақсадга ижтимоий сўровлар ўтказиш, нашриётлар томонидан чиқариладиган бадиий, маърифий, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришга доир адабиётларнинг умумий буюртма рўйхатини шакллантириш орқали эришилади. Жаҳон адабиётининг дурдона асарлари ўзбек китобхонининг интеллектуал мулкига айланади. Болалар нашриётларига имтиёзлар берилади. Эзгу ташаббус туфайли қишлоқларимизнинг гавжум жойларида ҳам “Китоб олами”нинг бўлимлари фаолият юритади.

Кейинги йилларда Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғида,мамлакатимизни йирик шаҳарларида китоб байрамлари ўтказиш ажойиб анъанага айланди. Боғнинг турли томонлари барча нашриётлар иштирокида ранг-баранг кўргазмалар билан безатилади. Табиат неъматлари маънавият маҳсулотлари билан уйғунлашиб кетади. Зиёлиларнинг, китоб шайдоларининг ҳақиқий байрами бўлади. Шундай тантанавор манзаралар гўзал ва осойишта юртимизга жуда-жуда ярашади.
Инсониятнинг буюк кашфиёти китоб ҳар биримизга ҳамроҳ бўлсин.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,
“Халқ таълими ҳомийси” кўкрак нишони соҳиби.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар