Дунёдаги энг замонавий 13 кутубхона ҳақида биласизми?

20:41 12 Июль 2020 Жамият
1003 0

«Китоб», «китобхонлик», «кутубхона» сўзларининг ўзаги аслида арабчадан олинган ва бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади.

Фан ва техника тараққий этган даврда кутубхоналарнинг миссияси ўзгаради, кутубхоначининг профессионал фаолиятида ҳам қоидалар янгиланишига эҳтиёж пайдо бўлади. Энди тадбирлар миқдори, китобхонлар ва берилган китоблар сони каби кўрсаткичлар Ахборот-ресурс маркази фаолиятини баҳолашда бош омил бўлолмайди. Кутубхоначидан аудиовизуал ва электрон ҳужжатлар, замонавий техника билан ишлаш малакаси ҳам талаб этилади.

Кутубхоначи ким? Замонавий кутубхоначидан нима талаб қилинади? Кутубхоначи ўқувчиларга формулярлар очади, унга берилган китобларнинг номи ва рақамларини ёзиб қўяди. Кутубхонада тартибни сақлайди, эскирган китобларни таъмирлайди, яроқсиз ҳолга келиб қолган адабиётлар рўйхатини тузади, янгиларини қабул қилади, тизимли ва алифболи каталогларни тўлдиради, ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказади. Фақат шуми? Аслида, кутубхоначининг иши бу қадар оддий ва осон эмас. Замонавий кутубхоначи ўқувчиларнинг кичик тиражда нашр этилган ёки бўлмаса, анча олдин чоп этилган ва қайта босилмаган китоблар орасидан энг сийраклари билан танишиши учун имконият яратиши керак. Шунингдек, электрон кутубхона ва электрон база билан ишлай олиш, фойдаланувчиларга китоб, электрон китоб ва керакли сайтларни топишда кўмаклашиш ҳам уларнинг вазифасига киради. Замонавий кутубхоначи нафақат интернет тизимининг моҳир фойдаланувчиси бўлиши, балки у кутубхона қидирув тизимларини ҳам яхши тушуниши керак.

Яхши китобни чиройли кутубхонада ўқиш — бу, албатта, идеал уйғунлик.

Тарихга назар солсак, илк кутубхоналар тахминан эрамиздан 2600 йиллар аввал пайдо бўлган экан. Аммо афсуски у даврда маълумотларнинг барчасини сақлаб қолувчи архивлар мавжуд бўлмаган, бўлса-да бизгача улар етиб келмаган. Ҳозирги замонавий кутубхоналар эса шу қадар қулай, ўзига хос тарзда бунёд этилмоқдаки, уларни кўриб барчанинг кўзи қувнайди. Хўш, замонавий кутубхоналар нимаси билан ажралиб туради? Уларнинг ноодатий дизайнидан тортиб, китобларнинг турли шаклларда чоп этилганигача эътиборни тортмай қолмайди. Замонавий кутубхоналар янгича архитектура услубида бўлиб, китобхонларни ҳайратга солиши тайин.

Энг яхши мудофаа - бу ўзгарувчанлик, моҳиятни сақлаб қолган ҳолда янги шаклга ўтиш қобилиятидир. Бу кутубхоналарнинг мавжудлигига ҳам тегишли. Aгар улар ўзгармаса, оддий одамлар улар учун тезда бошқа дастурни топадилар: китобларни ўчоққа улоқтиришади, кутубхона биноларини эса тижорат муассасаларига айлантиришади. Рақамли даврда кутубхоналар ўзларининг мавжуд фалсафасини ривожлантиришлари, фойдаланувчиларнинг манфаатларини таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва янги эҳтиёжларига мос келадиган фондларни яратиш соҳасидаги ўзига хослигини таъкидлаш керак. Кутубхоналар ўзгариши керак. Келажак кутубхонасини яратиш керак. Ғарбда ҳам, Россияда ҳам бу тенденция аллақачон намоён бўлмоқда ва бугун мен жуда аниқ мисоллардан фойдаланиб, ҳақиқий ўзгаришларни кўрсатмоқчиман. Келажакнинг ҳақиқий кутубхоналари яратилмоқда. Айрим шундай замонавий кутубхоналар ҳақида сўз боради.

“Book Mountain and Library Quarter” номли кутубхона (Нидерландия) Голландия шаҳарларидан бирида жойлашган. Куб кўринишида барпо этилган бу бинонинг томига худди пирамида жойлаштирилгандек кўринади ва бу ноодатийлиги билан шаҳардаги бошқа бинолардан ажралиб туради.”Book Mountain” яъни “китоблар тоғи” ибораси айнан кутубхона номи учун бежиз танланмаган. Сабаби, бу бинонинг ичига киришингиз билан залнинг ўртасида китоблардан тоғни ёдга солувчи шакл яратилганининг гувоҳи бўласиз. Кутубхонадаги китоблар бир неча бўлимларга ажратилган бўлиб, бу қидирган китобингизни тезда топиш имконини беради. Яна шуниси аҳамиятлики, кутубхона биноси ёруғлик тўғридан-тўғри тушувчи ерда барпо этилган. Шу сабаб кундуз кунлари кутубхона учун ҳеч қандай чироқнинг кераги йўқ.

Бирмингэмдаги янги кутубхона (Англия) Буюк Британиянинг энг катта кутубхонаси, Европанинг эса энг катта маънавий марказларидан бири саналади. Ушбу кутубхона дизайни голландиялик архитекторлар томонидан яратилган. Бинонинг олд тарафдан кўриниши ноодатий: оддийгина ҳалқалар ёрдамида чиройли кўринишга эга нақшлар яратилган ва бу нақшлар бинога ўзгача чирой бахш этган. Кутубхона бир неча қаватдан иборат бўлиб, бу ерда британиялик ёзувчилар китоблари ҳамда жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишиш мумкин.

Веннесл кутубхонаси Норвегиянинг маданият марказларидан бири ҳисобланади. Бу кутубхонани сўзсиз энг замонавийларидан бири дея аташ мумкин. Сабаби бу ерда кутубхона билан биргаликда кафе, бир қанча конференциялар зали ва ўқув маркази ҳам фаолият юритади. Бундан ташқари, бу ерда Норвегиянинг энг катта архиви мавжуд. Кутубхона доимо ўз китобхонлари учун очиқ.

Сежон миллий кутубхонаси (Корея). Кутубхона жойлашган майдон 21000 кв. метрни ташкил қилади. Бу бино 2013 йилда қуриб битказилган. Бир неча қаватдан иборат бу бинонинг биринчи ва иккинчи қаватлари дам олиш ҳамда китоб ўқиш учун мўлжалланган. Учинчи қаватда турли конференция ва семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Тўртинчи қаватда ресторан жойлашган. Бу қават орқали томга чиқиш имкони мавжуд бўлиб, бу ерда кичик бир боғ барпо этилган.

Саммамиш шаҳри кутубхонаси (Вашингтон) ўзининг ажойиб дизайнга эга эканлиги билан ажралиб туради. Бу ерда китоб мутолааси учун қулай ўқув зали мавжуд. Шунингдек, бу ер тарихни ёдга солувчи иситиш тизими билан жиҳозланган, дизайнинг замонавийлиги эса китобхонлар учун бирмунча қулайлик яратади. Тарихни унутмаган ҳолда замонавий кутубхона барпо этиш архитекторларнинг мақсади эди ва улар бунга эришдилар.

Алмердаги янги кутубхона (Нидерландия) бир неча қисмдан ташкил топган: кафе, интернетга эга махсус хона, ўқув зали ва мультимедиа хонаси. Бу ер бир қарашда савдо маркази ёки супермаркетга ўхшайди. Кутубхона китобларнинг жанри ҳамда соҳасига қараб бир неча бўлимларга бўлинган.

Квинслэнддаги кутубхона (Австралия) майдони 1650 кв. метр бўлиб, шаҳар марказига яқинда жойлашган. Бу бино яшил рангдаги том билан қоплангани сабабли ўзгача аҳамият касб этган. Кутубхона ичига разм солсак, бу ернинг дизайнида ёрқин ранглардан ва турли қувноқ шакллардан фойдаланилган.

Бразилиядаги янги кутубхона майдони тахминан 22000 кв. метр бўлиб, 2013 йилда барпо қилинган. Бу ерда 17000 дона энг кам нусхадаги ноёб китоблар жамланмаси мавжуд. мазкур кутубхона ҳам бир неча қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қават китоблар учун бир бўлим саналади.

Квинслэнд штатида жойлашган яна бир кутубхона ўзининг ноодатий ва замонавийлиги билан барчани лол қолдиради. бу ер 2006 йилда қуриб битказилган. Қайта таъмирлаш пайтида кутубхона майдони 12000 кв. метрга етган, бу олдингисига қараганда икки баробар каттадир.

Абердин шаҳри кутубхонаси жуда қадимий бўлиб, 1495 йилда ташкил қилинган. Бу кутубхонада 250000 га яқин китоблар ва кўлёзмалар мавжуд. ҳозирда бу бино қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Майдони 15000 кв. метр.

Энди Кореянинг энг замонавий кутубхоналаридан бири – Жанубий Корея Миллий смарт кутубхонасига саёҳат қиламиз. Сежонг шаҳрида жойлашган Миллий кутубхона Корея миллий кутубхонасининг биринчи филиали саналиб, у айнан Кореянинг мультифункционал-админстратив шаҳрида қурилди.

Таниқли Samoo Architects & Engineers томонидан барпо этилган мажмуанинг ташқи қиёфаси варақланаётган китобнинг шаклини ёдга солади ва ўзининг ноодатий дизайни туфайли осонлик билан китоблар маконини топиб олиш имконини беради. Шунингдек бино архитектура дизайни кореяликларнинг ўз қадимий бино ва иншоотларининг дизайнини эслатади деб ўйлайман. Бу эса Корея халқининг ўз тарихини унутмаганлигини ва қадимий архитектура билан хай-тэк услубларини уйғунлаштириб, янгича ёндашувлардан фойдаланишаётганлигидан далолат беради.

Сежонг кутубхонаси нафақат турли-туман соҳаларга бағишланган китобларни ўзида жамлаган замонавий маскан, балки китобхонлар қулайлиги учун энг илғор рақамли технологияларни ўзида мужассам этган мукаммал мажмуа ҳисобланади. Шу сабабли ҳам кутубхонага “E-BRARY”, (яъни emotion –эмоция, library – кутубхона) номи берилган.

Бу ерда одамлар ҳамиша гавжум бўлиб, фойдаланувчилар ташрифининг кети узилмайди. Маҳаллий аҳоли ва талабалар учун эса аллақачон севимли масканга айланишга улгурган. Кутубхона ичида турли бўлинмаларга бўлинган кенг ва ёруғ зоналар мавжуд бўлиб, сиз исталган ерда китоб ўқишингиз, ишларингиз билан машғул бўлишингиз мумкин. Шунингдек, кўргазмалар залида кутубхона меҳмонлари ўз қўллари билан ажойиб ижод намуналарини яратишлари мумкин.

Кутубхонада Wi-Fiдан фойдаланиш осон бўлиб, замонавий техник қурилмалар орқали муҳим ишларни ҳам битириш мумкин. Агарда зарур қўнғироқ бўлиб қолса, атрофдагиларга халақит бермаслик учун махсус телефон будкалари ўрнатилган. Ишонч ҳосил қилиш мақсадида қўнғироқ амалга ошириб кўрдим ва ташқаридаги дўстим овозимни умуман эшита олмаганлигини айтди. Бу будкалар товуш ўтказмайдиган қилиб ясалган.

Таъкидлаш жоизки, кореяликлар энерготежамкорликка ва қайта тикланувчи энергия манбааларидан фойдаланишга жуда катта эътибор беришади. Шунинг учун, кўпгина катта бино ва иншоотларда қуёш панелларидан ва кичик шамол парракларидан электр энергиясини ишлаб чиқаришда фойдаланишади.

Кутубхона маъмурияти эса бино қанча электр энергияси ишлаб чиқарди ва қанча сарф этганлигини онлайн режимида кўрсатиб турувчи табло ўрнатган. Бу ўз навбатида Кореяда давлат ташкилотларининг электр энергияси бўйича сарф-харажатларнинг шаффофлигини кўрсатиб туриш механизми борлиги ва “яшил ва смарт иқтисодиёт”га ўтилаётганлигидан далолат беради.

Болажонлар учун махсус ҳудуд мавжуд бўлиб, турли мавзулардаги адабиётларни топиб, ўқиш мумкин. Ҳаттоки, ота-оналар ҳам фарзандлари билан китоб мутолаа қилиб, вақтларини мазмунли ўтказишга ошиқишади.

Энди эса, Истанбулдаги Боязид кутубхонаси дунёнинг энг чиройли замонавий кутубхонаси ҳақида сўз юритамиз.

Сан-Франциско ва Лондонда нашр этиладиган Wired илмий-оммавий журнали Истанбулдаги Боязид давлат кутубхонасини энг чиройли замонавий кутубхоналар ичида тўртинчи ўринга қўйди.

1884 йилда “Умум Усмонлилар кутубхонаси” номи билан асос солинган кутубхонанинг қайта тиклаш ва дизайн ишларини Tabanlıoğlu Mimarlık компанияси амалга оширди. Кутубхона китобхонларга миллионга яқин ҳужжатни таклиф этади, улардан ярми китоблардир. Кутубхона фондида 11120та қўлёзмалар сақланади, уларнинг ичида ўта ноёблари ҳам бор.

Ўзбекистон Республикасининг замонавий кутубхоналаридан бири – бу Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидир.

Миллий кутубхона ахборот ва маданий-маърифий муассаса бўлиб, кутубхоначилик, библиографик, илмий тадқиқот, илмий-методик ва ахборот фаолиятини олиб боради. Кутубхона фонди мазмунан универсал миллий ва хорижий матбуотнинг ноёб тўпламидир. Кутубхона фаолиятининг бош мақсади, бутун инсоният билимини акс эттирган, аввало, Ўзбекистонга ва унинг миллий манфаат ларига тааллуқли ҳужжатларнинг универсал фондини йиғиш, сақлаш ҳамда жамият фойдаланиши учун таақдим этишдир.

Миллий кутубхона республикамиздаги барча кутубхоналарга кутубхонашунослик, библиографияшунослик ва китобшунослик соҳалари бўйича методик раҳбарлик қилади.

Кутубхона ўз нашриёт ва босмахонасига эга бўлиб, ноширлик ҳамда матбаа фаолияти билан шуғулланади.

Мамлакатимиз раҳбарининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини яхшилаш тўғрисида куюниб гапираётганликларида ўзига хос чуқур фалсафа бор. Энг аввало, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк, мўъжизакор кучдир. Қолаверса, китоб инсониятнинг тарихий хотираси, ўз маънавий-маърифий, илмий заминини мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб беришга қодир машъала ҳисобланади.

Зеро, китоб иродани тоблайди, бошқарув маҳоратини оширади. Бугунги тезкор ва замонавий шароитда интеллектуал салоҳияти юксак кадрларни тайёрлашда ёшларнинг китобга муносабатини янада яхшилаш, ҳуқуқ-тартибот органлари учун етук кадр­лар тайёрланадиган таълим мас­канларида мавжуд кутубхоналар фондини энг янги бадиий, илмий, соҳага доир, жумладан, давлат тилидаги китоб­лар билан мунтазам равишда бойитиб бориш долзарб аҳамият касб этади.

Шахноза Тиллашайхова,

3-даражали юрист​,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали

Ахборот-ресурс маркази директори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?