“Китобхон ўқитувчи” танлови бугунги давр учун қанчалик муҳим?!

09:09 02 Август 2019 Жамият
184 0

Йил бошида Халқ таълими вазирлиги кўпчилик кутган ташаббус билан чиққан эди. Унга кўра, мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчилар ўртасида “Китобхон ўқитувчи” танловини ўтказиш бугунги давр учун муҳим ва тўғри қарор бўлди. Ҳозирда танловнинг маҳаллий босқичлари якунланиб, ҳудудий босқичлар бошланиш арафасида турибди.

Танлов ҳақида Халқ таълими вазирлиги Мактабдан ташқари таълим, спорт ва туризмни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Аминов шундай дейди:

– Низомга кўра, “Китобхон ўқитувчи” танлови 3 та шарт асосида ўтказилмоқда. 1-шарт таништирув шаклида бўлиб, ўқитувчи фаолият юритаётган мактабида китобхонлик маданияти қай даражада йўлга қўйилгани ва китобхонлар учун қандай шароитлар яратилгани ҳақида маълумот беради. 2-шарт эса “Энг кўп китоб ўқиган ўқитувчи викторинаси” деб номланиб, Низомда белгиланган 90 та ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан тузилган саволларга иштирокчилар томонидан жавоб берилади. 3-шарт “Китобхонликни тарғиб қилишда ўқитувчининг роли” деб номланиб, ўқитувчи таълим муассасасида китобхонликни шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиққан ҳолда лойиҳасини презентация кўринишида тақдим қилади.

Афсуски, низом билан танишиш жараёнида “Китобхон ўқитувчи” танлови ҳудудий босқичгача давом этиши ҳақида ўқидик. Бизнинг назаримизда, мазкур танловни Республика босқичигача олиб чиқиб, мактаб ўқитувчилари ўртасида оммалаштириш зарур эди. Нега деганда, бу танлов ўқитувчи учун ҳам, ўқувчи учун ҳам жуда керак.

“Ёш китобхон”ларни “Китобхон ўқитувчи”лар тарбиялайди!

Тан олиш керакки, бугун “Ёш китобхон” танлови кўплаб ўқувчиларнинг дунёқарашига таъсир қилгани аниқ. Китобхон иштирокчилар асардан олган хулосаларини устозлари билан бўлишгиси, мунозара қилгиси келади. Агар ўқитувчи у китобни ўқимаган бўлса-чи?.. Мана муаммо қаерда? “Китобхон ўқитувчи” танлови нафақат ўқитувчини билим даражасини ошириш, балки китобхон ўқувчиларни тарбиялаш, уларга бадиий асарни таҳлил қилиш йўлларини ўргатиш учун керак бўладиган жараён.

Низомга кўра, “Китобхон ўқитувчи” танлови учун ўқилиши керак бўлган бадиий асарларнинг аксарияти “Ёш китобхон” танлови иштирокчиларига белгиланган китоблар рўйхати билан бир хиллигининг гувоҳи бўлдик. Бу айни муддао, албатта. Чунки мазкур танловлар “устоз-шогирд” анъанаси давом этишига сабаб бўлади. Ўқитувчи ва ўқувчи биргаликда китоб ўқийди. Устоз асарни таҳлил қилишда қайси жиҳатларга эътибор бериш кераклиги, унинг сюжети, ғояси, кулминацияси, бугунги кундаги аҳамияти ҳақида бемалол тушунтириш бера олади. Бу ҳолат ўқувчига қандай мотивация беришини бир тасаввур қилинг!

“Ёш китобхон” танловининг Республика босқичи иштирокчиси нима дейди? 

- Ўтган йили танловнинг Республика босқичида менга Жанни Родарининг “Рим эртаклари” асари тушиб қолди. Мен эса жавоб беролмадим. Чунки бу китобни ҳеч қаердан тополмаган эдим. Ўшанда устозларимдан жуда-жуда хафа бўлгандим. Ҳеч бўлмаса, мазмунини сўзлаб беринглар деб ялиниб борганимда, улар “Рим эртаклари”ни ўқиш тугул бундай китоб борлиги ҳақида хабари йўқлигини айтишганди. Республикада ғолиб бўлолмаганим бу менинг айбим, билимсизлигимни ўқитувчиларимдан кўрганим йўқ. Асло. Шунчаки танловнинг вилоят босқичида 1-ўринни олиб, Республикага чиққан ўқувчисига кўмак берадиган, бадиий асарлар юзасидан фикрлар алмашадиган, асарнинг мағзини чақишни ўргатадиган жуда кўўўп китоблар ўқиган устозим бўлишини хоҳлаганман, ўшанда, - дейди Рухшона Абдураззоқова.

Албатта, китобхон ўқитувчи ва китобхон ўқувчилар Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусни амалга ошириш, таълимда сифат ўзгаришига эришишда асосий куч ҳисобланади.

Шунинг учун Халқ таълими вазирлигидан “Китобхон ўқитувчи” танловининг қамровини кенгайтирган ҳолда Республика миқёсида ўтказишни таклиф сифатида қабул қилишини хоҳлаган бўлардик.

Чунки “Ёш китобхон”ларни “Китобхон ўқитувчи”ларгина тарбиялай олади.

Гўзал Охунова


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019