"Китоб сеҳри" рукнига: Ҳитопадеша ёхуд сеҳрли китоб ҳақида​

19:00 02 Август 2019 Маданият
393 0

“Ҳитопадеша” қадимий ҳинд халқ эпоси бўлиб, у сўзма-сўз таржима қилинганда “Хайрли ўгитлар” деган маънони билдиради. Асарнинг бош фалсафий ўзаги унинг қаҳрамонлари тилидан қуйидагича ифода қилинади: “Барча эзгу-манфаат ва бойликлар ичида билимдан зиёдаси йўқдир: уни ҳеч ким ўғирлай олмайди, унинг баҳоси йўқ ва у ҳеч қачон тугамайди”.

Мазкур китобдаги мароқли саргузаштларга бой ҳикоя ва бир-бирига уланиб кетган масаллар гўёки жониворлар тили билан баён этилиб, ёшларга дўстлик ва душманлик, самимийлик ва мунофиқлик, ростгўйлик ва тилёғламалик саховатпешалик ва маккорликни бир-биридан фарқлай билиш санъатидан сабоқ беради.

“Ҳитопадеша” 16-асрда Ҳиндистон шаҳаншоҳи, бобурийлар сулоласининг энг йирик вакили Жалолиддин Муҳаммад Акбар фармонига мувофиқ замонавий ҳинд тилига таржима қилинган. Тасодифни қарангки, орадан бир неча аср ўтиб уни моҳир таржимон Ҳошимжон Муродов ўзбек тилига таржима қилиб кенг китобхонлар оммасига тақдим қилди ва у китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Ахлоқ-одоб ва ҳикматли билимлар хазинаси ҳисобланган мазкур асар ҳозиргача дунё халқларининг жуда кўп тилларига таржима қилинган, унинг яратилганига бир неча аср бўлганига қарамай содда аммо маъно жиҳатдан чуқур мантиққа асосланган ҳикоялари билан ўқувчилар эътиборидан тушмай келаётир. Ҳайвонларнинг сўзлашувида бир воқеанинг иккинчисига устомонлик билан боғланиши ва бунда муаллиф ўқувчи эътиборини бир эмас, бир нечта мавзуга қарата олганлиги ҳам китобхонни китоб саҳифаларини ташламасдан ўқишига сабаб бўлади.

“Билим, энг аввал инсонни хушахлоқ қилади. Хушахлоқлик эса унга иззат-икром ва ҳурмат қолиб келади. Билимли инсон кўзидан, истарасидан маълум. Агар у маънавий бой бўлса, одамларни ўзига кулиб жалб этиши шарт эмас. Барча одам маънавияти бой инсонга талпинади, чунки билим ва маънавият жозибаси ҳар нарсадан қудратлироқдир” дейди асар қаҳрамони Вишну Шарма.

Мактаб ва ўсмир ёшидаги болалар тарбияси, уларнинг дунёқарашини шакллантиришда айниқса ушбу китобнинг ўрни беқиёс. “Мурғак қалб нимани кўрса ва кимга эргашса, ўша нарсаларга тезда кўникиб қолади. Шу боис сизлар яхшиларга қўшилинг, фозил ва билимдонлар билан ҳамсуҳбат бўлинг, уларнинг суҳбати эса танангиздаги нафс оловини сув каби ўчиради” китоб қаҳрамонларидан бирининг ушбу тилаги ўйлаймизки, фарзандларимиз учун ҳам муносиб тилак бўла олади. Бу китоб ҳақида ҳатто омаднинг сирли йўналиши деган таъриф ҳам берилганки, бу асарнинг қийматини янада юқори баҳолайди.

“Ҳитопадеша” авлоддан авлодга совға қилиб беришга арзийдиган, ўқитувчилар, педагоглар ва фарзанди бор ҳар бир ота-она учун муносиб совға бўла олади.

Зуҳра РЎЗИЕВА тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019